Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:33

Cotton Campaign: Ўзбекистон мажбурий меҳнат кўламини кенгайтирди


14 ноябрь куни Сotton Campaign гуруҳи эълон қилган баёнотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 2014 йилги пахта мавсумида миллионлаб одамларни теримга жалб этган ҳолда мажбурий меҳнат кўламини янада кенгайтирган. Мазкур ташкилот Ўзбекистондаги жорий йилги пахта мавсумида камида 17 одам қурбон бўлганини аниқлаган.

"Cotton Campaign" гуруҳи баёнотида 2014 йилги терим мавсумида Ўзбекистон ҳукумати болалар ва катталардан иборат миллиондан ортиқ фуқаросини жазолаш таҳдиди билан ўта даҳшатли шароитларда пахтага сафарбар қилгани айтилади.

"16 ёшдан паст бўлган болалар сони пахта далаларида сезиларли даражада камайгани билан ҳукумат тўлалигича ҳосил теримида мажбурий меҳнатдан воз кечгани йўқ", демоқда гуруҳ фаоллари.

Мазкур гуруҳ маълумотига кўра, ҳукумат бу йил ҳам пахта майдонларига давлат бюджети ходимларини кўпроқ чиқариш эвазига 18 ёшдан кичик болаларнинг йиғим-теримга сафарбарлигини камайтирган бўлса-да, ҳукумат болалар меҳнатидан фойдаланишни тўхтатмаган. Маҳаллий ҳокимиятлар ва мактаб директорларининг таҳдидлари остида 18 ёшдан кичик бўлганлар ҳам йиғим-теримга йўлланган.

- Ўзбекистонда пахта етиштириш инсон ҳуқуқларининг кўламли бузилиши, жумладан, мажбурий меҳнат эвазига амалга оширилади. Пахтага чиқарилаётган болалар сонини катталарни теримга кўпроқ сафарбар этиш эвазига камайтириш етарли эмас. Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан бутунлай воз кечиши керак, - дейди Cotton Campaign гуруҳи таркибига кирувчи Берлиндаги Ўзбекистон – Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Cotton Campaign фаолларига кўра, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат тизими бу йил камида 17 одам ўлимига ҳам сабаб бўлган. Бу йилги пахта мавсуми қурбонлари сони ўтган йилгига қараганда олтитага кўпдир.

Пахта далаларидаги ўлим холатлари ҳақида Озодлик аввал хабар берган.

Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга мувофиқ 18 ёшгача бўлганлар бола ҳисобланади.

Айнан шуни эътиборга олиб Ўзбекистон ҳукумати бу йил 18 ёшгача бўлганлар пахтага олиб чиқилмаслиги ҳақда қарор қилган эди.

Лекин Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимлар пахта режасини бажариш мажбурияти ортидан 18 ёшга тўлмаганларни далага ҳайдаб бўлса ҳам режани бажаришга ҳаракат қилгани кузатилди.

- Ўзбекистонда пахта давлат сиёсати. Пахта билан боғлиқ мажбурият меҳнат ҳолларига айнан давлат масъул. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ислоҳ этилиши ва квота тизими бекор қилиниб, фермерларга эркинлик берилиши керак, - дейди Умида Ниёзова.

Ҳар йили ўзбекистонлик пахтакорлар ҳукуматга пахта хомашёси топшириш юзасидан квота олишади. Квотани бажармаган фермер хўжаликлари жазоланади. Озодлик пахта режасини бажармагани учун ҳокимдан танбех эшитган фермерлар ўз жонига қасд қилгани ҳоллари ҳақида ҳам хабар берган.

"Cotton Campaign" ташкилоти инсон ҳуқуқлари, меҳнат, сармоя ва бизнес гуруҳлари коалициясидир.

Шу пайтга қадар дунёдаги юздан зиёд ширкат мажбурий меҳнат маҳсули ҳисобланган ўзбек пахтасидан воз кечган.

Ўзбекистон ҳукумати эса ўз пахта саноати мажбурий меҳнатга асосланганини рад қилиб келади.

XS
SM
MD
LG