Линклар

Россия сиёсатчилари ваъда қилган “олтин тоғлар” бугунги кунда қримликлар учун фақат ширин хаёл бўлиб қолмоқда. Озодлик мухбирларининг кузатувларига кўра, қримликлар Россиядаги ўртача маошдан анча паст ойлик олмоқда ва ҳаётда ҳам яхшиланиш кузатилмаяпти.

Бундан ярим йил муқаддам Россия паспортларини олиш учун турнақатор навбатда турган, деразаларига уч рангли байроқлар осган қримликлар бугун Украина гривнасидан ҳам кам маош ва пенсия олишга маҳкум этилган.

Бугун Қримда 8 ёки 5 минг рубль билан қандай яшаш мумкинлиги ҳақида гап-сўз кўпаймоқда. Украина менталитетига эга ва эркин сўзга ўрганган қримликлар ҳозирча жим туришга кўникишгани йўқ.

Одамлар қандай яшаётганини билиш учун бозор, касалхона ёки почтага боришнинг ўзи етарли.

Керчь шаҳридаги “Жилавтосервис” корхонаси ишчиси Антонина М.(исми ўзгартирилган) ҳам энг кам миқдордаги ойлик олишга мажбур эканлигини айтади:

“Бизнинг маошимизни энди 5 минг рублга оширишди. Бундан ортиғини умид ҳам қилманглар, дейишди. Мен бу пулга қандай яшаш мумкинлигини билмайман. Бу болаларимнинг овқатига ҳам етмайди. Илгари кам бўлса ҳам минг гривнага яшардик”, дейди Антонина.

Сартарош Анжеланинг маоши ҳам 5 минг рубль. “Бизда ҳам ҳеч ким маошни оширишни ўйламайди, биз хусусий тадбиркор учун ишлаймиз”, дейди Анжела.

Керчь шаҳар аҳоли бандлиги билан шуғулланувчи ташкилот маълумотига кўра, таклиф қилинаётган ишларнинг маоши 3 мингдан 29 минг рублгача.

Энг минимал ойлик - ярим ставкалик иш 3382 рублни ташкил этади ва бу маошга Керчь болалар касалхонаси ортопед-травмотолог мутахассис бўлган шифокорни изламоқда.

Энг максимал ойлик – 29 минг рубль, участка нозирига таклиф қилинган маош бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам яхши ойлик олади.

Қримда маошлар даражаси ўртасидаги фарқ бугун жуда катта.

Иш тажрибаси бор ўқитувчилар учун баланд маош сақланиб қолмоқда. Мактаб ўқитувчиларининг ўртача ойлиги 26 минг рублни, боғча ишчилариники эса 21 ярим минг рублни ташкил қилмоқда.

Бироқ, шифокорларнинг маоши жуда ҳам паст. Болалар шифокори 5802 рубль олса, болалар кардиоревмотологининг маоши эса 5000 рублга ҳам етмайди. Шаҳар касалхонасидаги невропатологнинг маоши 8500 рубль, онкологники эса 10 000 рублдир. Ветеринар 12 минг, паталоганотом 13300, терапевт эса 14 000 рубль маошга ишга жойлашиши мумкин.

Керчь металлургия комплексидаги ишчининг маоши етти минг, экскваторчининг маоши ўн минг рубль, бироқ қурилиш керамикаси заводининг бульдозерчиси беш минг рублга яқин маош олади.

4500 рублдан қарийб 7 минггача бўлган ойликка фаррошлар, кассирлар ва дўконлар қўриқчилари ишламоқда.

Шундай қилиб, Керчь шаҳридаги ижтимоий суғурта Фонди таклиф қилаётган маошларни қўшиб, ўртасини чиқарсак ўртача маош 8060 рубл(171 АҚШ доллари)ни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда, давлат статистика федерал хизмати маълумотига кўра, россиядаги ўртача маош 33 минг 280 рублни ташкил этади. Тўғриси, бу солиққа тортилмаган суммадир.

Қрим расмийлари пенсия миқдори Россиядаги ўртача пенсияга, яъни 10 минг 670 рублга етганини идаао қилишади.

Аммо, пенсионерлар бу пенсия уларнинг яшаши учун урпоқ ҳам бўлмаётганини айтади:

“Менинг пенсиям 10 минг рубль. Икки мингини коммунал тўловларга бердим. 8 мингга нима ҳам олиш мумкин. Бу пул ҳам эмас. Нархларни кўринг! Галянинг пенсияси 8 минг рубль, у қандай яшайди”, дейди пенсионер.

Қримни Россияга қўшиб олишда ваъда қилинган “олтин тоғлар” энди қримликларнинг кўзларига сароб бўлиб кўринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG