Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

Хоразмда газ йўқлигидан норози аёллар кўчага чиқди


Хоразм вилоятининг Боғот тумани Хитой қишлоғида пайшанба куни 30га яқин аёл газ тақчиллигидан норозилик билдириб, кўчага чиқди. Ҳокимият расмийлари норози аёллар ёнига келиб, қишлоқ аҳлига газ баллонлари ва кўмир берилишини ваъда қилганидан сўнг оломон уйларига қайтган.

Хоразм вилоятининг Боғот тумани Хитой қишлоғида пайшанба куни ўттизга яқин аёл газ тақчиллигидан норозилик билдириб, қишлоқ гузарига намойишга чиқишгани тўғрисидаги хабарни Озодликнинг туман ҳокимиятидаги манбаси тасдиқлади.

Озодлик манбаларига кўра, аёллар уч соатча қишлоқдан ўтувчи йўлни тўсиб турганлар.

Норозилик қатнашчиларидан бири бўлган боғотлик аёл Озодлик билан суҳбатда бу ҳақда шундай деди.

- Бизни Хитой қишлоғи Месит маҳалламиз табиий газдан узилган. Бизга ёнмайдиган кўмир беришяпти. Биз бундай кўмир билан уйимизни иситолмаймиз. Фарзандларимиз уйда совуқдан дийдираб ўтиришибди. Қахратон бошланса нима қиламиз, совуқдан ўламизми. Чиқмаган жондан умид, деб кўчага чиқдик. Бошқа нима қилаоламиз. Бизни қишлоққа газ ўтказиб беришсин. Ҳазорасп йўлини нарги томонидаги, юз метр наридаги қишлоқда газ бор, нега бизни қишлоқда бўлмаслиги керак, - дейди исми сир қолишини истаган норозилик қатнашчиларидан бири.

Боғот тумани ички ишлар бўлимининг тезкор гуруҳи ва туман ҳокимлиги, газ идораларининг мутасаддилари норозилик рўй берган жойга етиб борган.

Расмийлар Хитой қишлоғи аҳолисига газ баллонлари ва кўмир зудликда берилишини ваъда қилганидан сўнг норози аёллар тарқалган.

Норозилар билан учрашган Боғот тумани газ идораси расмийларидан бири Хитой қишлоғи Месит маҳалласига газ бериш имконсиз эканини тан олди.

- Газни тақиб бўлмаслиги уларга тушунтирилди. Давлат дастури бўйича вилоятда 70 минг хонадон, Боғот туманида 7 минг 200 хонадон ҳозирги вазиятда газдан узилганлиги уларга айтилди. Мана кўмир, мана суюлтирилган газ десак, йўқ бизга газ беринг дейишяпти. Хуллас, уларга газ берилмаслиги тушинтирилди. Ҳар бир хонадонга кўмир ва суюлтирилган газ етарли миқдорда бериладиган бўлди. Шундан кейин тарқалишди, - деди Боғот тумани ҳокимияти расмийларидан бири.

Ўзбекистонда жорий йилда газ ва электр таъминотидаги тақчилликка қарши аҳолининг норозилик чиқишлари биринчи марта кузатиляпти.

Ўтган йил Самарқанднинг Сартепа мавзесининг Хўжасоат маҳалласи хотин-қизлари газ ва чироқ йўқлигига норозилик тариқасида автомобил йўлини тўсганидан сўнг маҳаллага газ берила бошлаган эди.

Лекин, Боғот тумани Хитой қишлоғидаги аёллар қахратон қишда совуқда қолишадиган бўлишса ва ҳокимият маҳалласига газ бермаса яна кўчага чиқиш билан пўписа қилишмоқда.

-Ҳозир қишлоғимизда фақат аёллар қолган. Эркаклар Россия, Қозоғистонда. Ҳокимиятдагиларни вазифаси бизга шароит яратиб бериш. Бизга шароит яратиб беролмаса ўрнини бўшатиб қўйсин. Қишда совуқда қолсак яна кўчага чиқамиз ҳаққимизни талаб қилиб, - дейди боғотлик аёл.

Озодлик Хитой қишлоғида бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан Боғот тумани ҳокимлигига ҳам боғланди. Ҳокимият расмийлари бу юзадан изоҳ беролмасликларини айтишди.

XS
SM
MD
LG