Линклар

logo-print

Украина бўҳронидаги Москванинг роли борасида ғарб етакчилари танқидлари қаршисида қолган Россия президенти Владимир Путин Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтаётган Катта йигирмалик саммитини протокол бўйича белгиланган вақтдан олдинроқ тарк этди. Ўзининг бу қарорини Путин душанба куни ишга чиқиш олдидан мизғиб олиш истаги билан изоҳлади.

Катта йигирмалик саммити қатнашчилари якшанба куни эрталаб амалий нонуштага йиғилган маҳал Путин бошқа жойда саммит якуни бўйича матбуот анжумани ўтказди.

Кремль раҳбари саммитни эртароқ тарк этиш қарорини душанба куни ишга чиқишдан олдин мизғиб олиш истаги билан изоҳлади.

- Владивосток шаҳрига бу ердан тўққиз соат училади. Владивостокдан Москвага учиш учун ҳам шунча соат керак. Уйга етиб олиб, душанба куни ишга чиқишим учун ҳеч бўлмаганда тўрт-беш соат мизғиб олишим керак, - деди Путин.

Европа Иттифоқи ва АҚШ раҳбарлари Австралиянинг Брисбен шаҳрида кеча очилган Катта йигирмалик саммити теграсида Украина шарқидаги бўҳронни муҳокама этишди.

Европа Кенгаши раҳбари Ҳерман Ван Ромпей ЕИ Украинада кенг кўламли қуролли низо қайталанишининг олдини олиш учун барча дипломатик чоралар, жумладан, Россияга қарши янги жазо чораларини ишга солишга тайёрлигини айтди.

- Агар Москва Украинадаги вазиятни юмшатиш йўлини тутмаса ва Минскда эришилган битим шартларини бажармайдиган бўлса, Европа Иттифоқи янги санкцияларга қўл уриши мумкин, - деди Ромпей.

Ўз навбатида, Германия Канцлери Ангела Меркель ҳам Европа Иттифоқи Россияга қарши қўшимча жазо чоралари қўллаш масаласини кўриб чиқаётганини айтди.

– Ҳозирги вазият бизни қониқтирмайди. Янги шахслар қора рўйхати кун тартибида, - деди Меркель.

Австралиядаги саммитда сўз олган АҚШ президенти Барак Обама: "Президент Путин Украинада низони тўхтатишга қаратилган халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва келишувларни бузишда давом этса, изоляцияда қолаверади", деди.

Жаноб Обама таъкидича, Россия Украинадаги айирмачиларга оғир қуролларни етказиб берган ҳолда, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Минск битимини бузмоқда.

- Ҳозирги босқичда биз жорий этган санкциялар Россия учун етарли даражада оғриқли санкциялардир. Лозим топилса, босимлар яна кучайиши мумкин, - деди Обама.

Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Брисбендаги Катта йигирмалик саммитида Россия раҳбарига Украина ишига аралашмаслик, акс ҳолда, янги санкциялар қўлланиши ҳақидаги мужда етказилганини айтди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ ва саммитга мезбонлик қилаётган Австралия бош вазири Тони Эбботтлар ҳам Россиянинг Қримни босиб олганига норозилик билдиришди. Улар MH17 рейси бўйича учган Malaisia Airlines учоғининг шу йил июль ойида уриб туширганлар жавобгарликка тортилиши учун астойдил ҳаракат қилажакларини айтишди.

Катта йигирмалик саммити борасидаги таассуротлари билан ўртоқлашган Путин эса йиғиннинг конструктив муҳитда ўтганини урғулади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG