Линклар

Европанинг яна бир давлатида Ўзбекистон президенти оиласи билан боғлиқ коррупция жанжали ўртага чиқаяпти.

Норвегия матбуотида мамлакатдаги йирик телекоммуникация ширкати саналган Telenor ҳам Ўзбекистон бозорига кириш учун пора берганига оид хабарлар эълон қилинди.

Норвегияда чиқадиган “Klassekampen” нашри "Vimpelcom Ltd" ширкатининг ҳиссадори бўлган "Telenor" Ўзбекистонда фаолият қилишга рухсат берувчи лицензияни қўлга киритиш учун 25 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига ишора қилувчи ҳужжатларни чоп этди.

“Klassekampen” қўлга киритган ҳужжатлардан аён бўлишича, Норвегиянинг "Telenor" ширкати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин бўлган шахсларга тегишли "Takilant" ширкати ҳисобига пул ўтказган.

“Klassekampen” нашрига кўра, "Vimpelcom Ltd" 2007 йилда пулни "Takilant" ширкати ҳисобига ўтказгани банк ҳужжатларидан аён бўлмоқда.

Швед прокурорлари иддаосича, бу пуллар Гулнора Каримованинг чўнтагига бориб тушган бўлиши мумкин.

Telenor "Vimpelcom Ltd" ширкатининг 33 фоиз эгаси бўлиб ҳисобланади.

Норвегия ширкати, шунингдек, "Vimpelcom Ltd" бошқарувида 43 фоизлик овозга ҳам эга.

"Vimpelcom Ltd" Ўзбекистонда "Билайн" бренди остида фаолият юритади.

Klassekampen мухбирининг: "Telenor раҳбари Йон Фредрик Баксаас Ўзбекистонда лицензия олиш жараёнига пора аралашганига кўз юмганми?" деган саволига ширкатнинг юқори лавозимли вакилларидан бири Гленн Манделид "Telenor ҳар қандай коррупция кўринишларига тоқатсиз", дея жавоб қилган.

Айнан шу каби жанжал ортидан Швециядаги TeliaSonera ширкати бош директори ва топ-менежерлари лавозимини тарк этган эди.

Швед журналистлари TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда фаолият юритиш учун 2007 йилда Гибралтардаги Takilant Ltd ширкатига 2 миллиард 200 миллион Швед крони ёки 370 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлаганини фош этган эди.

“Klassekampen” нашрига кўра, ҳозир Норвегия прокуратураси Нидерландия ва Швейцариядаги ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда Telenor билан боғлиқ иш юзасидан тергов бошлаган.

Швецияда ҳам TeliaSonera можароси атрофида тергов давом этмоқда.

Ўзбекистонда эса Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова уй қамоғида ушлаб турилаётгани айтилади.

Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган икки ҳамкори - Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар эса узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилгани иддао қилинаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG