Линклар

logo-print

Киев Украина шарқидаги айирмачилар катта ҳужумга тайёргарлик кўраётганини тахмин қилмоқда


Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мулозими Андрей Лисенко.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мулозими Андрей Лисенко.

Украина шарқида айирмачилар ва Россия қўшинларининг ҳужумга тайёргарлик кўриш аломатлари кўринмоқда. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши вакили Андрей Лисенко билдирди.

Кенгаш маълумотларига кўра, ўтган кунлар ичида айирмачиларнинг ҳукумат кучлари позициясини ўққа тутиш ҳолатлари камайган. Киев вакиллари буни ҳудудда кузатилаётган қуюқ туман билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Армия амалиётлари матбуот марказининг маълум қилишича, сўнгги бир неча кун мобайнида айирмачилар ҳукумат кучлари позицияларини 26 марта ўққа тутган. Натижада олти нафар ҳарбий яраланган.

“Украинская правда” нашри Лисенкога иқтибосан 16 ноябрь тонгида “Донецк-Изварино” ва “Матвеев Курган-Успенка” назорат-ўтказиш масканлари орқали Россиядан Украина ҳудудига “инсонпарварлик карвони” деб аталмиш 70 дан зиёд юк машинаси кириб келгани ҳақида ёзди. Лисенкога кўра, Россия расмийларининг бу хатти-ҳаракатлари халқаро ва Украина қонунчилигига зид келади. Унинг айтишича, украиналик чегарачи ва божхоначилар бу юкларни текшириш имконига эга бўлмаган, улар юкларнинг чегарадан ўтишини кузатиб туриш билан чекланганлар.

Лисенко юк машиналари ичида нималар борлиги Украина томонига маълум эмаслигини таъкидлади.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра эса, мазкур машиналарда 450 тонна юк, шу жумладан, электротехника ва қурилиш материаллари бўлиб, якшанба куни улар Донецк ва Луганскка етказилган.

Россия юк машиналари Украина чегарасидан ноқонуний равишда ўтиб келаётгани ҳақида Киев расмийлари аввал ҳам баёнотлар берган. Ўз навбатида, Москва Донбассдаги айирмачиларни қўллаётгани ва Украина шарқида Россия қўшинлари юрганига оид барча айбловларни рад қилиб келади.

XS
SM
MD
LG