Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

ЎзМУ ректорати талабаси арзини Guardian босганидан бехабар қолди


Олий ўқув юрти талабалари пахтада, Самарқанд вилояти, 2014-йил.
Олий ўқув юрти талабалари пахтада, Самарқанд вилояти, 2014-йил.

Ўзбекистон миллий университети талабаларининг пахта теримига мажбурий сафарбарликдан норози бўлиб, ЎзМУ ректори, Олий таълим вазири, Бош вазир, Бош прокурор, МХХга ёзган очиқ хати Буюк Британияда чоп этиладиган Guardian нашрида эълон қилинди. Бундан бехабар қолган ўзбекистонлик мулозимлар талаба теримга мажбурланганига оид маълумотни рад этиш билан чекланди.

The Guardian нашри чоп этган "Ўзбекистонлик талабаларнинг пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга қарши кам учрайдиган норозилиги" сарлавҳали мақолада Ўзбекистон миллий университети Журналистика факультети талабаларининг очиқ хати тилга олинди:

"Миллий университет талабалари пахта теримида ёрдам беришга мажбурланганидан арз қилиб, ноодатий шаклда ўз мамлакати авторитар раҳбариятига мухолиф бўлган "Дунё ўзбеклари" сайти орқали жамоатга билдирган ҳолда очиқ мактуб эълон қилди. Мактубда Журналистика факультетининг 3-курсида ўқиган ўғил болалар факультет декани ва университет ректори томонидан пахта даласига чиқишга буюрилгани айтилган. Мактуб Бош вазир Шавкат Мирзиёев, Бош прокурор, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий таълим вазирлиги ва ректор Мирзо Муҳамедов номига йўлланган", деб ёзди The Guardian нашри.

Мазкур очиқ хат шу йил 6 ноябрь куни "Дунё ўзбеклари" сайтида чоп этилган ва бу мактубни EurasiaNet нашри инглиз тилига ўгириб, 11 ноябрь куни эълон қилган эди.

Исмини сир сақлаган талабалар номидан чоп этилган очиқ мактубга "Талаба пахтага бориши шартми?" деб сарлавҳа қўйилган ва унда ЎзМУ Журналистика фаукльтети 3-курс талабалари пахта теримига мажбурланганидан арз қилинган:

"Biz jurnalistika fakulteti talabalari “paxta siyosati” borasidagi o’z fikr mulohazalarimizni bildirmoqchimiz, o’zbekiston qonunchiligida talabalarning paxtaga borish mas’uliyati to’g’risida ko’rsatilganmi? Albatta yo’q. Shunga qaramay jurnalistika fakulteti dekani Mirsoatova Mahliyo hamda dekan muovini Tillaev Otabek 3- kurs o’g’il bolalar O’zMU rektori G’.I. Muhamedovning buyrug’iga asosan paxtaga borishimiz shartligini... aytishdi", дейилади талабалар номидан чоп этилган очиқ мактубда.

Шунингдек, ушбу мактубда талабалар ўз норозилигини аввалига деканат, сўнгра ректоратга билдиргани, аммо жавоб берилмаганини ёзади.

Ўзбекистонда таълим тизимининг деярли барча босқичи - олий, ўрта-махсус ва умумий ўрта таълим босиқичи ўқувчиларию ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнати қўлланилган 2014-йилги пахта терими кампанияси ғарб матбуоти диққатидан четда қолмаётир.

The Guardian нашрида чоп этилган бу галги мақолага муносабат сўраб, Озодлик мухбири очиқ мактубда номи тилга олинган мутасаддиларга боғланишга уринди.

Ўзбекистон Миллий Университети ректоратида телефон гўшагини кўтарган ходим Журналистика факультети талабаларининг пахта теримига мажбурланганидан норози бўлиб, очиқ хат ёзганидан бехабарлигини айтди.

"Ректоримиз бугун кун бўйи йиғилишда, қачон бўшаши номаълум. Ўзимиз сизга қайтиб боғланамиз", деди ва расмий Озодликка қайта боғланмади.

Аммо, мухбир Журналистика факультети декан Маҳлиё Мирсоатова билан боғланишга муваффақ бўлди. Талабалар пахта теримига олиб чиқилганини рад қилмаган декан ҳам очиқ хатдан бехабарлигини айтди:

"Мен больничнийда эдим. Бугун келдим ишга, ҳеч қанақа хатдан хабарим йўқ. Менга бироз муддат беринг, ўрганиб кўраман", дея гапни қисқа қилди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда факультет декани.

Маҳлиё Мирсоатова мактубда номи тилга олинган Ойбек Тиллаев унинг муовини эканини тасдиқлади, аммо у киши билан ҳам ҳозир гаплашиш имкони йўқлигини айтди.

Шунингдек, факультет декани мактубда талабалардан пахтага бормаслик эвазига 300 минг сўм пул талаб қилинганига оид иддаоларга ҳам "хабари йўқлигини" важ келтириб, бирор муносабат билдирмади.

Озодлик мухбири очиқ мактубда номи тилга олинган Ўзбекистон Олий таълим вазири Алишер Ваҳобов билан ҳам боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Вазирликнинг икки мутасаддиси - Олий таълим вазирлигининг 2014-йилги Пахта штаби раҳбари Одил Обидов ва матбуот котиби Марат Зокировлар ҳам ЎзМУ талабалари номидан очиқ мактуб ҳақида The Guardian нашрида мақола чиққанидан бехабарлигини айтди.

Айни пайтда, Пахта штаби раҳбари Одил Обидов шикоятдан бехабарлигини айтаркан, бу йил вазирлик Пахта штаби ўз зиммасига қўйилган режани ошиғи билан бажарганини таъкидлади.

Матбуот котиби Марат Зокиров эса масалани ўрганиб кўриши, Олий таълим вазирини хабардор қилиши, сўнгра расмий муносабат билдиришини айтди.

Гап орасида бу мулозим талабаларнинг пахта теримига мажбурлаб чиқарилганига оид иддаоларни "бўҳтон" деб билиши ва бирор талаба теримига мажбурланмагани, аксинча, кўнгилли равишда чиқарилганини қайта-қайта таъкидлади.

Муҳими, Озодлик боғланишга муваффақ бўлган мутасаддилар талабалар шикоят қилганига оид хабарнинг ўзини ҳам "бўҳтон" деди.

Шу боис, мухбир очиқ хатни чоп этган "Дунё ўзбеклари" нашри бош муҳаррири Исмат Ҳушевдан расмий эътирозга икки оғиз муносабат олди ва айни пайтда норози талабалар билан боғланиш имконини сўради:

- ЎзМУ Журналистика факультети талабаларидан келган бир неча шикоятларни чоп этганмиз. Булар менга ишончли манбалардан келган ва мен уларни шахсан танийман. Лекин, мен уларнинг ҳаётини хавфга солиб, исмини ошкор қилмайман. Олий таълим вазирлиги мақола муаллифларини излагандан кўра, унда кўтарилган муаммони ҳал қилиш йўлларини изласа, яхши бўлар эди, - деди қисқагина қилиб муҳожиратдаги ўзбекистонлик журналист Исмат Ҳушев.

Озодлик кузатувига кўра, 2014-йилги пахта йиғим-терим кампанияси пайтида ҳам Ўзбекистондаги олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида эса умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳам пахта теримига мажбуран сафарбар қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий Университети талабалари бу йил Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида пахта терганига оид маълумотлар Озодликка келди.

Гарчи, таълим муассасалари раҳбарлари талабалар ўз ихтиёри билан теримга чиққанини таъкидласа-да, талабалар теримга мажбурланганидан муттасил равишда шикоят қилиб келадилар.

Ўзбекистонда пахта мавсумида катталар ва вояга етмаганлар меҳнатидан мажбурий фойдаланиш амалиётини танқид қилиб келаётган Сotton Campaign гуруҳи 14 ноябрь кунги баёнотида ҳукумат бу йил ҳам миллионлаб одам, хусусан, талаба ва ўқувчиларни теримга жалб этиб, мажбурий меҳнат кўламини янада кенгайтирганини танқид қилди.

Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони бу йил қарийб 20 нафарга етди ва теримга мажбурлаш кампаниясидаги зўравонлик ўтган йиллардагидан ошгани кузатилди.

XS
SM
MD
LG