Линклар

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия аннексиясидан кейин Қрим ярим оролида инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашиб кетганидан бонг урмоқда.

Ташкилотнинг душанба куни эълон қилган ҳисоботида Москва ва маҳаллий расмийлар Қримда инсон ҳуқуқлари кафолатларини сезиларли даражада чеклаб қўйгани қайд этилади.

Human Rights Watch вакилларига кўра, Россия халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича, хусусан, фуқаролар ҳақларини таъминлаш соҳасида ўз зиммасига олган қатор мажбуриятларини бузган.

Ташкилот ҳисоботида ва унга илова қилинган видеоматериалларда Россиянинг Қримдаги хатти-ҳаракатларига қарши чиқаётганларни, айниқса, қрим татарларини қўрқитиш ва сиқувга олиш фактлари ҳақидаги маълумотлар қайд этилган.

“Жаҳон ҳамжамияти Украина шарқидаги жанг ҳаракатлари билан андармон бўлиб турган бир пайтда Қримда инсон ҳуқуқлари бузилиши эскалацияси содир бўлаяпти. Турли важлар, хусусан, экстремизмга қарши кураш баҳонасида расмийлар Россиянинг ярим оролдаги хатти-ҳаракатларини очиқ танқид қилишга журъат этган одамларни таъқиб қилаётир”, дейди Human Rights Watch тадқиқотчиси Юлия Горбунова.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳисоботи қрим татарлари жамоати вакиллари, фаоллар, журналистлар, адвокатлар ҳамда қримлик, киевлик, львовлик ва москваликлардан олинган 42 та интервью асосида ёзилган.

XS
SM
MD
LG