Линклар

Жорж Соросни Бишкек норозилик намойиши билан кутиб олди


Жорж Сорос Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университетида талабалар билан учрашди.

Жорж Сорос Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университетида талабалар билан учрашди.

Америкалик миллиардер ва филантроп Жорж Сороснинг Бишкекка келиши муносабати билан россияпарастлар АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонаси олдида 17 ва 18 ноябрь кунлари норозилик намойиши ўтказди. Жорж Сорос Қирғизистонга душанба куни икки кунлик сафар билан келган эди. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Жорж Соросни 17 ноябрь куни кечқурун қабул қилди.

Учрашувда Қирғизистон ва Сорос жамғармасининг келажакдаги ҳамкорлиги муҳокама қилинган.

Сороснинг Қирғизистонга келиши муносабати билан 17 ноябрда Бишкекдаги “Русский мир” жамоат ташкилоти вакиллари АҚШ элчихонаси олдида норозилик митинги ўтказди. 18 ноябрда эса “АҚШ мустақил Қирғизистондан қўлингни торт” шиори остида 160 одам намойишга чиқди.

Норозилик намойиши ташкилотчиларидан бири Надежда Ладожинская АҚШнинг Қирғизистондаги таъсири кучайиши ортидан мамлакатда беқарор вазият юзага келишидан ташвишланган одамлар намойишга чиққанини иддао қилди:

-Биз бир мақсадни, бир талабни олға сураяпмиз. Қирғизистонга барқарорлик керак. Ғарб бизнинг ишларимизга аралашмасин. Америка ташкилотлари фаолият юритаётган ҳар бир мамлакатда беқарорлик кучаяди. Шунинг учун биз Соросга қаршимиз, -деди Надежда Ладожинская.

Қирғизистонлик бир қатор маданият ва жамоат арбоблари Жорж Сороснинг Қирғизистонга келиши муносабати билан россияпарастлар ўтказган митингларни “шармандали ҳолат” деб баҳоладилар.

Қирғизистоннинг Британиядаги собиқ элчиси Кубан Мамбеталиев “дунёда ижтимоий, маданий, илмий муаммоларни ҳал этилишига ҳомийлик қилиб келаётган Жорж Сорос Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик кучайиши сабаблигина россияпарастлар томонидан қораланмаслиги керак”, деган фикрни билдирди.

Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Абдрахманов сўнгги бир-икки йил ичида Қирғизистонда Россия таъсирининг кучайтирилиши мамлакатда россияпарастларнинг фаоллашувига сабаб бўлди, деб ҳисоблайди.

-Бизда яшаётган руслар яқинда Украина элчихонаси олдида украинларни “фашист”, деб атаб митинг ўтказди. Оммавий ахборот воситаларида Россиянинг сиёсатини тарғиб қилувчи мақолалар кўпайди. Яқиндагина Қирғизистоннинг Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига киришига қарши намойиш ўтказган одамларни милиция ҳибс қилган эди. Бироқ украин халқини фашист деб атаганларни ҳеч ким ҳибсга олмади. Бугун ҳам Соросга қарши митингга чиққанларни милиция тарқатмади. Мана шу фактлар бизнинг ҳукуматимиз ҳам россияпарастларни қўллаб қувватлаётганини кўрсатиб турибди, -деди Ўмурбек Абдрахманов.

Демократик тамойилларни ривожлантиришга кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил қилингани айтиладиган Сорос жамғармаси сўнгги 20 йил мобайнида Қирғизистонга 79 миллион доллар миқдорида ёрдам кўрсатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG