Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:51

Сурияда Шуҳрат Бобожонов қўлга олинди


Қирғизистондан Сурияга кетганларнинг 90 фоизи ўзбеклардан иборат экани айтилмоқда
Қирғизистондан Сурияга кетганларнинг 90 фоизи ўзбеклардан иборат экани айтилмоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 174 фуқаро Сурияга кетгани ва улардан 10 нафари у ерда ўлганини маълум қилди. Яна уч қирғизистонлик Сурия армияси томонидан қўлга олинган ва ўлим жазосига тортилган. Сурия ҳибсхонасида сақланаётган қирғизистонлик Шуҳрат Бобожоновнинг 3 фарзандини боқаётган отаси мусулмонларни бу йўлдан қайтишга чақирди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 17 ноябрь куни тарқатган маълумотга кўра, мамлакат бўйича Сурияга кетган 170 фуқаронинг 90 фоизи жанубий вилоятларидандир.

Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятларидан Сурияга кетган фуқаролардан 10 нафари ўлгани маълум қилинди.

17 ноябрь куни Қирғизистон Жўғўрқу Кенгаши депутатлари Ўш шаҳрида кўчма йиғин ўтказиб, диний экстремизмга қарши кураш йўлларини муҳокама қилишди.

Сурияда қўлга олинган қирғизистонликлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:43 0:00

Йиғинда Давлат дин комиссияси раиси Ўрўзбек Мўлдалиев ёшларнинг Сурияга кетишига уларнинг нотўғри диний қарашда бўлганини сабаб эканини айтиб, эстремистик идеологияга анъанавий ислом идеологиясини қарши қўйиш кераклигини айтди:

- Бу масала биз ўйлаганимиздан кўра чуқурроқ, мураккаброқ. Булар орасида: "Пул беришсаю, Сурияга бориб жанг қилсак, жаннатга чиқиб кетамиз!", дейдиган содда аҳмоқлар йўқ. Булар ғоя учун курашаяпти ва бу диндорлар билан куч органлари ёлғиз курашолмайди. Чунки, бораётганлар мамлакатдаги ҳукумат ғоясига ишонмайди. Бу масалада биз - Дин ишлари қўмитаси куч ишлатар органларга кўмаклашишимиз керак, - деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Бундан ташқари, яқинда Россиянинг биринчи канали уч қирғизистонлик Сурия ҳукумати томонидан қўлга олинганини эълон қилинди. Шунингдек, бу хабарда Сурия армияси томонидан қўлга олинганлардан бири Шуҳрат Бобожоновнинг интервьюси берилди:

- Мақсадимиз барча ерда шариат қонунларини ўрнатиш. Россияда ҳам, Сурияда ҳам, Қирғизистонда ҳам. Уруш тугагач, барчамиз ўз мамлакатимизга бориб, у ерда халифалик ўрнатамиз. Улар мени ошпаз қилиб тайинлашди. Негаки, бизнинг ўлкада таомни мазали тайёрлашади. Мен ташқарига чиққанимдагина қурол беришган, - дейди Шуҳрат Бобожонов.

Сурияда тутқунликда сақланаётган Шуҳрат Бобожоновнинг яқинлари уни бировлар йўлдан адаштирган, деб ҳисобламоқда. Унинг шу кунда Ўшда яшаётган яқинларидан бири бу борада Озодлик мухбирига мана буларни айтди:

- Яқинда телевизорда кўрдик. Турмага тушибди, қўлга тушиб қолибди. Сизларга маслаҳатим шуки, алданиб қолманглар! Укамнинг уч боласи бор. Ярим йилдан буён отасиз қолди. Болалари жуда ҳам ёш. Ўзининг ҳам аҳволи оғир эканини кўрдик, шундан буён кўз ўнгимиздан кетмаяпти. Отам уни кўриб ҳар куни йиғлаяпти, ҳеч ким бундай ишга бормасин, борса, ўша юртларда ҳаром ўлсин! - дейди Бобожанов яқинларидан бири.

Бундан бир ҳафта аввал Қорасув тумани Наримон қишлоғида яшовчи 91 ёшли Фазилатхон Тешабоева ўғли оиласи билан Сурияга кетганини айтиб, Қирғизистон куч тизимларидан уларни қайтаришда ёрдам сўраган эди.

Қирғизистон жанубидаги аҳоли диний экстремистик ташкилотлар таъсири остида қолаётган ҳудуд ҳисобланади. Асосан, Жалолобод вилоятининг Сузоқ тумани, Ўш вилоятининг Ўзган, Қорасув, Аравон Новқат туманлари, Ўш шаҳри ва Боткен вилоятининг Қизилқия шаҳрида яширин диний экстремистик ташкилотлар тарғибот олиб бораётгани айтилади.

Сурияда жангларда иштирок этаётганини айтган ниқобли ўзбек йигитлари Ўзбекистон ҳамда Қирғизистонда ҳам қон тўкилишини айтиб, таҳдид қилган яна бир видеотасма ўтган ҳафта Интернетда тарқалди.

- Яқинда Ўзбекистонга борамиз, пачоғини чиқарамиз! Қирғизистон билан Ўзбекистонни оламиз! Биз Шом шаҳридаги жиход майдонида турибмиз. Сурияни ҳам оз-оздан енга бошладик. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ҳудудларига яқинда кириб борамиз! - дейилади видеода.

Уламолар Сурияга каетаётган ёшларнинг диний илми жуда оз эканини ҳам таъкидламоқда. Қирғизистон муфтийи Мақсадҳожи Тўқтамишев диний саводсизликдан келиб чиқаётган исломий экстремизм пайини қирқиш учун ҳар бир имомни қайта аттестациядан ўтказиб, билимсизларининг ўрнига теологик билимга эга имомларни тайинлаш зарурлигини айтди:

- Аввал ўзимизнинг диндорларгина имомларимизни аттестациядан ўтказар эди. Ҳозир эса Мудофаа кенгаши аъзолари, Диний комиссиянинг икки аъзоси, Уламолар кенгаши вакили - жами, 8 одамдан иборат комиссия тузилди. Энди улар имтиҳон олади. Аввал бундай бўлмаган, - дейди Мақсадхожи Тўқтамишов.

Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўш бўлими маълумотига кўра, Қирғизистондан Сурияга кетганларнинг умумий сони 174 одамга етган. Уларнинг 90 фоизи ўзбек, 6 фоизи уйғур, 3 фоизи қирғиздир.

Сурияга кетганларнинг 90 фоизи 25-29 ёшлардаги йигитлардир. Булар орасида 23 нафар аёл борлиги ҳам айтилди.

Бундан ташқари, Қирғизистон орқали Сурияга кетганлар орасида россиялик 5 нафар, ўзбекистонлик 4 нафар ва тожикистонлик 1 фуқаро борлиги айтилди.

XS
SM
MD
LG