Линклар

logo-print

Азиз Несинни севиб ўқийман. Кошки, мен ҳам унга ўхшаб ëзсам, деб орзу қилганман.

Шу мавзуда ҳажвия ëзиш таклифини олганимга ҳам уч кун бўлди.

Уч кунда уч қатор нарса ëза олмай, қўлимга тахтакач компьютеримни олиб, Интернет аталмиш нахрул кабир тубларида ғаввосдек сузиб, маъно аталмиш дуру жавҳарларни излай бошладим.

Қарасам, биттаси Facebookка видео юклабди.

Порно бўлса кўрмайман, таҳоратни янгилашга тўғри келади, деб турсам видео ўз-ўзидан сассиз ҳолда бошланиб кетди.

Видеода битта хотин мушукни тепиб-тепиб, ўқлов билан уриб уйдан чиқариб юборади. Шу билан видео тугайди.

Худди Азиз Несиннинг “Мушт кетди” ҳикоясидаги манзара.

Ўйлаб қолдим, нега бу уй хоними бечора мушукни миëвлатиб уриб солди.

“Абдужаббор, сенда бир гап бор” деб масалани ўргана бошладим...

Олтин куз Чорвоққа сепини ëйиб ташлаган ҳузунли кунларнинг бирида, Гарангоҳанг зампрокурори, Ободюнус полиция бошқармаси опери ва яна бир мелиса биргалашиб, пивохўрлик қилишга қарор беришди.

Пивохўрлик учун Чорвоқ биқинидаги Бочка пивохонаси танланди.

Азиз меҳмонларга Бочканинг иккинчи қаватидан жой қилиб беришди.

Энг кўп зампрокурор ичди. Бош прокурор шарафига кўтарилган бир бокал пиво билан бошланган марафонни юртбошининг завжасига бағишланган ўнинчи бокал бир пасда қувиб етди.

Худди шу онда зампрокурорнинг ўзи, гўёки бочка ичидаги пиво тўла бочкага айланган эди.

Одам бочка эмас. Ичидаги суюқликни узоқ вақт сақлаб тура олмайди.

Зампрокурор ўзбек прокурорларига хос танбаллик билан ўрнидан туриб, иккинчи қаватдаги ойнадан пастга қараб "чоптира бошлади".

Зампрокурор яратган шаршарага икки мелисанинг жилғаси қўшилди.

Ҳудди тоғ тепасидаги музлар эриб пастга шириллаб тушгани каби гўзал манзара.

Пастдаги халқ прокурнинг шаршарасини оби раҳмат каби қаршилаб, хурсанд бўлишиб кутиб олди.

Улар зампрокурор "айнан мени устимга сийди", деб мақтаниш учун шаҳарнинг тўрт тарафига тарқалиб кетди.

Айнан мана шу жиҳат Бочканинг акахонлари бақувват хўжайинига ëқмади.

Иккинчи қаватидан прокурор сиядиган Бочкага одамлар келмай қўйиши мумкин.

Антиреклама дейди буни.

Шу боис, Бочка эгаси ўз қоровулларини чақириб сийғоқ прокурор ва унинг икки шеригини роса калтаклаттирди.

Калтакдан қийналиб кетган бечора прокурор телефон орқали наряд чақиртирди.

“Биз пиво ичаëтганимизни кўра олмаган экстремистлар ўзбек ҳуқуқ-тартибот органларини тамсил қилган биз каби ҳокисор прокурорларга қарши ашаддий ҳужумга ўтди, тезроқ келинглар!” деди у.

Сал ўтмай Бочкани қора қузғундек қора маскалилар босди.

Улар Бочка эгаси, бармен ва официантларни ошпазларга қўшиб, роса калтаклашди.

Аммо, бу аснода зампрокурорнинг иккинчи қаватдан туриб, сийгани Бош прокуроргача етиб борди.

Мўйловини бураган Бош прокурор зампрокурорни сўкиб-сўкиб, кетига тепиб-тепиб кабинетидан чиқариб юборди.

Зампрокурор эса прокуратура терговчисини ўз кабинетига чақириб, сўкиб-сўкиб, кетига тепиб, чиқариб юборди.

Прокуратура терговчиси эса уйига бориб, хотинини сўкиб, уриб ташлади.

Хотини эса мушукни ўқлов билан уриб кўчага ҳайдади.

Айни ҳолатни эса кўчадаги қўшни бола телефонига тушириб интернетга илиб қўйди.

Агар зампрокурор Бочкани иккинчи қаватидан туриб сиймаганида, мушук бечора калтак емаган бўларди.

Шу ерда ҳикоя тугади.

Ҳикояни Стокхолмда яшайдиган ëзувчи укамга ўқитиб кўрдим.

“Бу Азиз Несинга тақлидку. Ўзинг оригинал қилиб ëзсанг бўлмайдими?“ деди бир қориндан тушган укам.

Ҳикояни классик услубда ëзишга уриниб кўрдим.

Хуллас бошидан бошлаймиз.

Олтин куз Чорбоққа сепини ëйиб ташлаган ҳузунли кунларнинг бирида Бочка кафесининг олдидаги ўриндиқда ўйга толиб ўтирибман.

Бирдан устимга сув томчилари туша бошлади.

“Ëмғир ëғмоқда”, дея шоирона ўйларга толдим.

Аммо “ëмғир” ҳудди қумғон жўмрагидан тушган каби бир йўналишда шиддат билан фақат менинг устимга тушарди.

Атрофни шиптир ҳиди тутиб кетди.

Тепага қарасам иккинчи қаватдан ГарангОҳанг зампрокурори, ОбодЮнус полиция бошқармаси опери ва яна бир мелиса қўшилишиб сийи-и-иб туришибди...

Эслатма: Бу ҳажвияни ноябрь бошида Тошкент вилоятидаги Бочка қаҳваҳонасида юз берган жанжалга ўхшатган бўлсангиз, бу ўхшашлик тасодифдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG