Линклар

Декабрь ойидан бошлаб Тошкентда “Маҳалла” ва “Менинг юртим” телеканаллари иш бошлайди. “Маҳалла” канали ЎзМТРК томонидан, “Менинг юртим” эса “Ўзбекнаво”, "Камолот" каби жами 4та ташкилот кўмагида тузилган. Расмийларга кўра, иккита телеканал ҳам Япония томонидан ажратилган имтиёзли кредит ҳисобига очилаяпти.

Япон кредитига очилаётган “Маҳалла”

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК)нинг тўққизинчи канали сифатида очилаётган “Маҳалла” телаканали 1 декабрдан бошлаб ишга туширилади.

ЎзМТРКнинг ўзини таништирмаган ходимига кўра, “Маҳалла” канали Япония томонидан рақамли телевидениени ривожлантириш учун Ўзбекистонга берилган маблағ эвазига ишга туширилади:

“Япония кредити эвазига “Маҳалла” цифровой стандарт телеканал сифатида фаолият кўрсатади. Бошида янги телеканал 6 соатдан эфирга чиқади. Кейинчалик дастурлар вақти кўпайтирилади. Бу телеканал орқали маҳаллаларимиз ҳаётига оид маърифий дастурлар эфирга берилади”, деди ЎзМТРК ходими.

Унинг айтишича, жорий йил бошида Ўзбекистонда рақамли телевидениени ривожлантириш учун Япония 78 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли қарз ажратган:

“Япония кредити асосида мамлакат ҳудудида юз фоиз рақамли телевидение бўлади. Беш йилга мўлжалланган махсус лойиҳанинг умумий қиймати 92 миллион долларни ташкил этади. Япон кредитидан ташқари ташкилот- идоралар ҳомийлиги йўлга қўйилган”, деди ЎзМТРК ходими.

“MY5”да 1 ойда 1000та ролик айланади

12 ноябрдан бошлаб тест режимда синаб кўрилаётган “Менинг юртим” телеканали 8 декабрь - Конституциянинг 22 йиллиги куни расман иш бошлайди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги исмини очиқламаётганимиз мулозимига кўра, Япония кредити ҳисобидан очилаётган “Менинг юртим” телеканалига яна тўртта ташкилотнинг ҳомийлиги жалб қилинган:

“Биласиз 2018 йилгача мамлакатдаги барча телеканаллар цифровой бўлади. Бу каналга Япония кредитидан ажратилган маблағ сарфланаяпти. Яна бизнинг бирлашма билан биргаликда Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Камолот” ёшлар ҳаракати ва Ёшлар маданият ва санъат маркази кўмагида ташкил қилинди. Канал ёшларга мўлжалланган бўлиб, дастурларнинг катта қисми мусиқий-маданий ва кўнгилочар кўрсатувлардан иборат. Каналда ишлайдиган ходимлар ҳам асосан ёшлар”, дейди “Ўзбекнаво” мулозими.

«Менинг юртим» телеканали "MY5" логотипи билан эфирга узатилади.

“MY- менинг юртим сўзларининг бош ҳарфи бўлиб, муваффақият белгиси бўлган 5 рақами эса телеканалнинг зўрлигига ишора сифатида. “Ишим беш”, “Беш кетдим” ибораларини эсласангиз кифоя. MY5ни инглизчадан ўгирсангиз, “меники беш” деган маънони беради”, дейди “Ўзбекнаво” мулозими.

Суҳбатдошга кўра, “Менинг юртим” телеканали пойтахтликлар ва Тошкент вилояти аҳолисига мўлжалланган бўлиб, тахминан 5 миллион томошабинга эга бўлиши кўзланган.

Ўзбекистон электрон ОАВ миллий ассоциацияси сайтидаги маълумотга кўра, “Менинг юртим” телеканали кўрсатувларининг 60 фоизи ўзбек тилида, 40 фоизи эса рус ва инглиз тилида эфирга узатилади. Ушбу телеканалнинг бошқа телеканаллардан асосий фарқи унда бир ой мобайнида 1000 та ижтимоий ролик эфирга узатилади.

Гулнора Каримова телеканалларининг ўрни тўлдирилмоқда

Ўтган йилнинг октябрь ойида президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган Forum TV, TV-Markaz, NTT ва SOFTS телеканаллари ёпилди.

Орадан бир ой ўтиб ушбу телеканаллар ўрнини босиши айтилган "Наво" мусиқий телеканали ишга туширилди.

Лекин тошкентлик томошабинларга кўра, "Наво" канали Гулнора Каримованинг ёпилган телеканаллари каби оммабоп бўла олмаган.

Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда "Наво" канали кўрсатувларига норозилик сифатида билдирилаётган фикрлар кўпаётгани кузатилди.

Эндиликда мутасаддилар “Наво” канали эриша олмаган оммабопликка "MY5" телеканали эришишини кутишмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG