Линклар

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 21 декабрь куни бўладиган сайлов боис, Олий ўқув юрти талабалари одатдагидан эртароқ қишки таътилга йўлланади. 19 декабрдан 3 январга қадар таътилда бўладиган талабаларга доимий яшаш манзилига бориб, сайловда қатнашиш ва таътилдан қайтгач, бу ҳақда деканатига маълумот бериш ҳозирданоқ уқдирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан республикадаги олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига талабаларни қишқи таътилга эрта йўллаш ҳақида кўрсатма берилди.

Вазир муовини 14 ноябрь куни имзо қўйган ҳужжатнинг Озодликка йўлланган нусхасида 21 декарь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўладиган сайловда талабаларнинг иштирок этишини таъминлаш сўралган:

"Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган олий таълим муассасалари талабаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқларини доимий истиқомат қилаëтган жойларда амалга оширилишига қулай шароитлар яратиш мақсадида талаба ва ўқувчиларнинг қишки таътил муддати жорий йилнинг 19 декабридан 2015 йилнинг 3 январига қадар кўчирилганини, шу билан бирга талабалар учун ушбу муддат ичида темир йўл транспорти чипталарини имтиëзли равишда харид қилиниши мумкинлигини маълум қиламиз", дейилади вазирлик йўллаган мактубда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 3 босқичида ўқиётган талабанинг айтишича, маъмурият қишқи таътил эртароқ бўлишидан талабаларни дарҳол огоҳлантирган.

- Шу 19 декабрдан қишки каникулга борасизлар, дейишди. Ҳаммамиз доимий яшаш жойига борар эканмиз ва сайловда қатнашишимиз шарт экан. Қайтганингиздан кейин айтасизлар, деб тайинлашди, - деди Самарқанд вилоятидан Тошкентга бориб ўқиётган ва исмини ошкор қилмасликни сўраган талаба.

Унинг айтишича, 19 декабрдан 3 январгача талабалар учун поездлар учун чипталарга имтиёзлар берилиши айтилган. Айни имтиёз вазирлик йўллаган мактубда ҳам қайд этилган.

Озодлик суҳбатлашган талаба йигит ўзи яшайдиган сайлов округидан кўрсатилган номзодларни танимаслиги ва ўз курсдошлари сафида номзодларни танийдиганлар жуда озлигини ҳам тан олди:

- Тўғриси, мен ўзи ким сайланишини ҳам аниқ билмайман. Депутатни сайлашимиз керакми? Мен қизиқмайман, курсдошлар орасида бирортаси қизиқишини ҳам эшитмадим. Энди қатнашиш мажбурий дейишди, бориб фамилияси ёққаними, сурати ёққаними - бирортасини сайлаб келаверамизда, - деди талаба.

Олий ўқув юртининг 3-курсида ўқиётган талаба Ўзбекистонда мавжуд 4 сиёси партия ва Экологик ҳаракатнинг меҳнати ва яхши ишлари билан унинг эътиборини қозонган бирор вакилини танимаслигини ҳам тан олди.

- Ким танийди, бу депутатларни? Мен танимайман, масалан, - дейди Жаҳон тиллари университетининг 3-курсида таҳсил олаётган талаба.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатасига 4 сиёсий партия - Либерал-демократик, “Адолат”, “Миллий тикланиш”, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатини эълон қилди.

Ўзбекистондаташкил қилинган 135 сайлов округига жами 540 нафар - ҳар бир округда 4 партиянинг биттадан номзод рўйхатга олинган. Номзодларнинг каттагина қисми куч ишлатар органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ёки раҳбар муовинларидир.

Elections.uz сайтида берилган маълумотга кўра, рўйхатга олинган номзодларнинг 31 фоизини аёллар, 26 фоизини таълим тизими ходимлари, 20 фоизини иқтисодчилар, 14 фоизини ҳуқуқ соҳаси вакиллари ташкил қилади. Номзодларнинг 13 фоизи эса муқаддам депутатликка сайланган номзодлардир.

Қизиғи, баъзи сайлов округларида сиёсий партиялар Олий Мажлис қонунчилик палатасига ўз номидан киритган номзодлар орасида партиясизлари ҳам бор.

Номзодлар рўйхати эълон қилиниши билан Ўзбекистонда сайловолди тарғибот кампанияси ҳам расман бошланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG