Линклар

Россиядаги йирик уяли алоқа оператори бўлган “Мобильные ТелеСистемы” ҳиссадорлик жамияти Ўзбекистон билан судлашмайдиган бўлди.

Ширкат матбуот вакили Дмитрий Солодовниковнинг Озодликка айтишича, МТС ва Ўзбекистон ўртасидаги можарога томонларнинг қўшма аризасига кўра чек қўйилган.

- Кеча Вашингтондаги Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи халқаро марказ (ICSID) йўллаган аризаларимиз асосида МТС ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги арбитраж суриштирувларни тўхтатди, - деди Дмитрий Солодовников.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита" 2012 йилнинг июль ойида ҳукумат қарори билан фаолиятини тўхтатган эди. Шундан сўнг МТС бу борада Вашингтондаги халқаро арбитражга арз қилганди.

МТС ва Ўзбекистон вакиллари шу йилнинг 31 июлида бир-бирига бўлган барча эътирозларни биргаликда ҳал қилиш ҳақида муроса битими имзолаганидан сўнг Вашингтондаги Сармоядорлар ўртасидаги келишмовчиликларни тартибга солувчи халқаро марказга ишни тўхтатишни сўраб мурожаат этдилар.

Арбитраж суриштирувнинг тўхтатилиши МТСга Ўзбекистон ҳудудида ўз фаолиятини тиклаш учун имкон яратди.

Муроса битими шартларига кўра, шу йил сентябрида “Universal Mobile Systems” номли қўшма корхона ташкил этилиб, ширкат ҳиссаларининг 50,01 фоизи МТСга, 49,99 фоизи эса ўзбекистонлик алоқачиларга берилди.

Янги ташкил этилган “UMS” уяли алоқа оператори декабрь ойи бошидан ўз фаолиятини бошламоқчи.

- Ҳаммаси рисоладагидай бормоқда. “UMS” тармоқларини 1 декабрдан ишга туширишни режалаяпмиз. Янги қўшма корхонага 2G/3G/LTE лицензиялари, зарур частота диапазони, рақам сиғими ва иш учун зарур бўлган бошқа рухсатномалар берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ равишда инвестицияларнинг қайтариб берилиши ва яхши сақланиши учун кафолат тақдим этилган, - деди “Мобильные ТелеСистемы” ҳиссадорлик жамияти матбуот вакили Дмитрий Солодовников.

Айни пайтда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси “UMS” га фаолиятини бошлаш учун 2 ярим миллион абонент рақами ажратган. Улардан 1,5 миллиони Тошкент аҳолиси учун берилган бўлиб, қолган рақамлар Ўзбекистон вилоятлари бўйича тақсимланади.

1 декабрь куни "UMS" тармоғига уланмоқчи бўлган ўзбекистонлик абонентлар қаерга ва кимга мурожаат этишлари керак?, - деган саволга Солодовников: Бу ҳақда очилиш куни арафасида эълон қиламиз, - деб жавоб қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG