Линклар

Ўшда ўзбек ва қирғиз тилидаги "Биз" газетаси чоп этила бошлади


Ўшда ўзбек тилида чоп этилган Биз газетасининг биринчи сони

Ўшда ўзбек тилида чоп этилган Биз газетасининг биринчи сони

Газета 2010 йилда Ўшда содир бўлган миллий низодан сўнг миллатлар ўртасида дўстликни тиклаш мақсадида ташкил қилинган “Ынтымак” телерадиокомпанияси томонидан таъсис қилинган. Ижитимоий-кўнгилочар газета бўлиши режаланган икки тилли “Биз” газетаси 1300 нусхадан нашр этилади.

Ҳар ўн кунда чоп этилиши режаланаётган “Биз” газетаси 2010 йил Ўш воқеаларидан кейин Ўшда чоп этила бошлаган иккичи икки тилли газетадир.

“Биз” газетаси ўзбек тилидаги материллари муҳаррири Даврон Насибхоновга кўра, газетада асосан телевидиниеда фаолият олиб бораётган ўзбек журналистлари мақолалари чоп этилади:

- Тўғрисини айтсам, мен редактор сифатида газетани кўнгилочар бўлишини мўлжаллагандим. Бироқ, ҳамкасблар билан маслаҳатлашиб газета ижтимоий ва кўнгилочар газетага айлантирилди, дейди Даврон Насибхонов.

Унга кўра, газетада ўшликларни қизиқтирган масала ва муаммолар, қолаверса Сурия, Ироқ, чегара масаласи ва ўшликларнинг бу масаладаги кўз қарашлари акс этган чиқишлар чоп этилади.

Қирғизистон жануби, асосан Ўш шаҳрида бунга қадар чоп этилган ўзбек газеталари иқтисодий етишмовчилик сабабли фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Даврон Насибхонов “Биз” газетасининг бундай муаммога дуч келмаслигига умид қилади.

Унга кўра, “Биз”да ўзбек ўқувчилари билан “Ынтымак” телерадиокомпанияси орқали алоқа қилиш имкони бор. Бу имконият шу пайтгача чиққан ўзбек газеталарида бўлмаган ва газетани телеканал орқали реклама қилиш унинг молиявий аҳволини мунтазам ушлаб туришга ëрдам беради¸ деган фикрда муҳаррир:

- Яна бир бошқа масала борки, бу газетанинг қанчалик ўқимишли бўлиши. Бунинг учун эса, кадр масаласи жуда муҳим. Ҳозирча бизда бу масалада бироз муаммо бор. Газета учун ёзувчи кадрлар йўқ. Биз ёш кадрларни излашда давом этаяпмиз. Агарда шу муаммоимизни ҳам тўлиқлай олсак, газета келажагини тасаввур қилиш мумкин, дейди Даврон Насибхонов.

Газета Бишкек шаҳрида 8 саҳифада рангли тарзда чоп этилади. Нашр вилоят газетаси сифатида рўйхатдан ўтган.

2010 йил воқеаларидан сўнг Қирғизистон жанубида ўзбек тилида мустақил газеталар чоп этилмай қолган, радио ва телеканаллар эса ўз фаолиятини тўхтатган эди. Ўшда ҳозирда ўзбек тилида давлатга қарашли “Ўш садоси” ҳамда Бишкекдаги “Аалам” деб аталувчи мустақил қирғиз газетасининг “Олам” номи билан чоп этиладиган ўзбекча нусхаси мавжуд.

"Биз" газетасининг дастлабки нусхалари¸ айтилишича¸ 8 қирғиз сўмига сотилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG