Линклар

Ижтимоий тармоқларда ўзбекларнинг “гуноҳкорларни” ўзларича жазолаëтгани акс этган янги-янги видеолар чиқмоқда. Бу видеоларда ўғирлик қилганида қўлга туширилиб калтакланаëтган¸ “фоҳиша” ëки “гей” деган тавқи лаънатга учраб кўчада яланғоч сазойи қилинаëтган ўзбеклар акс этган. “Ўзбекча самосуд” тарзидаги бу видеолардан навбатдагиси 14 ноябрь куни интернетдаги youtube порталига ўзини Улуғбек Аҳмедов деб номлаган юзер тарафидан юкланди. Видеода фарғоналик амакининг икки қизни бойлаб қўйиб кетмон дастаси билан дўппослагани акс этган.

14 ноябрь куни Youtube порталига юкланган янги видеотасвирдан англашилича¸ ўзбек амаки ўз маҳалласига фоҳишалик мақсадида келган икки қизни ушлаб олиб “жазо” беради.

Видеони томоша қилган фарғоналик Бекпўлат Аҳмедовнинг Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича¸ воқеа Қўқон яқинидаги қишлоқлардан бирида жорий йил сентябрь бошларида юз берган.

- Қўқонда Бабушкина деган мавзе бор¸ ўша мавзеда қўшмачи аëллар ва уйига қизларни йиғиб фоҳишахона ташкил қилган мама Розалар бор. Бу икки қиз Бабушкинадан чиқиб Қўқон яқинидаги қишлоққа “гастрол” га борганда ушлаб олинган. Милициянинг ўзи буларга криша бўлгани учун одамларни ўзи жазо бераяпти¸ дейди суҳбатдош.

Видео 55 ëшлардаги фарғоналик амакининг икки қизни арқон билан боғлагаши саҳнаси билан бошланади. Видео давомида амаки қизларни “гулдек оилаларни бузганлик” ва “фоҳишалик”да айблаб¸ уят сўзлар билан сўкади.

Сўкиш асносида амаки қизларни кетмон сопи билан қаттиқ-қаттиқ савалайди ва ўлдириш билан таҳдид қилади.

Видео тасвирда кўриниш берган лозимли аëл ҳам бу икки “асирани” амакига қўшилиб тахқирлайди.

Орқа фондаги овозларидан тушунилишича¸ бу икки қиз маҳаллага ҳижоб кийиб келишган ва овлоқда ҳижобни ечишган. Ана шундан кейин улар самосуд уюштираëтган эркакнинг қариндоши билан (видеоëзувдаги гаплардан ураëтганларга бу йигитнинг айнан ким эканини аниқлаб бўлмади) “маишат қиламиз¸ ароқ ва пиво олиб қўйинглар” деб телефонда тил бириктиришган.

Калтаклаëтган эркакнинг ўғли экани англашиладиган Мунаввархон эса¸ аëн бўлишича¸ бу сўзлашув ва қизларнинг овлоқ жойга келганини телефонига ëзиб олган.

Шу аснода пистирмага тушган қизлар ўзини "адолат ва ахлоқ посбони" сифатида тутаëтган эркак томонидан асир олинган¸ қўли боғланиб самосуд нишонига айланган:

- Мен сизларни ўлдириб даштга олиб бориб кўмиб ташлайман¸ майли бу ишим учун милиция ушлаб кетса ҳам розиман, дейди дарғазаб амаки видеотасвирда.

Фарғоналик амакининг бу қилмиши Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси яъни "Қасддан баданга оғир шикаст етказиш" ва 110-модда - 2Муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш" тарзида малакаланиб жазога тортилиши мумкин.

ИШИДнинг қўқонча варианти?

Озодлик мухбири бу видеони Интернетдаги Facebook саҳифасида муҳокамага қўйди. Муҳокамада қатнашганларнинг бу видеога муносабати турлича бўлди.

Ўзини Сирожиддин Тўрабек деб тақдим қилган FB муштарийси бу амакининг қизларни жазолашга ҳаққи борлигини айтади.

Ўзини Салаҳ Ад Дин деб тақдим қилган муштарий эса¸ бунга қарши фикрда.

“Ҳеч қандай ҳаққи йўқ! Шевасидан фарғоналик бу инсонлар. Қонун устиворлиги йўқ давлатнинг аҳолиси хам, ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан, ноқонуний иш тутишга ҳаракат қилишади"¸ деб таъкидлайди Салаҳ Ад Дин.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Дилобар Эркинзода эса¸ бу тасвирни ИШИД террорининг ўзбекча варианти деб ҳисоблайди:

“Бу ҳайвонларнинг ИШИДдан нима фарқи бор? Террорист деб ҳамма ëққа жар солишади. Бу нима унда? Қайси қонун ëки шариатга тўғри келади бу?” деб савол қўяди Дилобар Эркинзода.

Ўзини Акмал Набиев деб таништирган муштарий эса жамиятни айблайди:

“Агар адолатни қонун ҳимоячилари таъминламас экан, қачондир одамлар ўзларича тиклашга ҳаракат қилиши аниқ. Бу манзарадан кўриниб турибдики¸ қишлоқ аҳли бундай бузуқликлардан безор бўлган ва оқибат ўзларича тартиб ўрнатмоқчи бўлган. Ноҳақликлардан зада бўлган одамларнинг дийдаси қотиб кетади ва ҳар қандай ваҳшийлик ҳам оддий ишдек бўлиб қолади. Менимча бу видеони кўриб туриб¸ урган одамни ҳам ёки бузуқлик қилган аёлларни ҳам айблаш ноўрин, жамият бузуқ . Мен бу аёлларга ҳам, бузуқликларга қарши исён кўтарган қишлоқ аҳлига ҳам ачинаман. Эссиз ...” дея афсус билдиради Набиев.

Ўзини Салаҳ Ад Дин деб тақдим қилган юзер тартибни сақлаш¸ одамларга жазо бериш ҳуқуқ-тартибот органларининг иши¸ деб таъкидлайди:

“Яхшими, ёмонми, ҳуқуқ- тартибот органлари бор. Уларда ишлаб, маош олаётган махсус ходимлар бор. Бундай ишлар шу одамларнинг вазифаси. Ҳеч қайси инсоннинг ўзидан ўзи ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир! Ҳеч ким бу ерда бу ёш аёлларни оқлаётгани йўқ! Гап, қанчалик бу инсоннинг ўзи ҳукм чиқариши ҳақида кетаяпти. Агар биз ривожланган давлатлар қаторида ўз ўрнимизни кўрмоқчи бўлсак, давлат чиқарган (хоҳ исломий, хоҳ демократик давлат) қонунларига бўйсунишимиз шарт, деб биламан¸”- дейди FB муштарийси.

Ўзбек милициясининг адолат қилишига ишонч қолмаган

“Милицияга олиб боришади, у ердан 1-2 кун ичида қўйиб юборишади. Мана шу "адолат"¸ дейди мавзуга якун ясаган муштарий Euro WorldCup.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистонда адолат бўлмагани боис самосудлар кўпаймоқда.

Озодлик тасарруфидаги яна бир видеотасвирда телефон ўғирлаган аëлнинг бошқа ўзбек аëллари тарафидан жинсий тахқирлангани акс этган.

Ўзбекистон фуқароларнинг бирор можаро устида ўзбошимчалик билан суд ўтказиб, ўзбошимчалик билан қарор чиқариб, кейин уни ўзи ижро қилиб юборишига оид ҳоллар кейинги пайтларда кўпайгани кузатилади.

Ўтган йили Андижон туманидаги 74 ёшга кирган Боқижон тоға деган чол¸ ичиб жанжал қилиб¸ милициядаги акахонларига ишониб ҳаммани уриб юрган 34 яшар йигитнинг қорнига пичоқ тиқиб "жазолаган" эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG