Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:02

АҚШ ва Исроил Ўзбекистон МХХни жосуслик технологияси билан таъминламоқда


Маркази Лондонда жойлашган Privacy International ташкилоти эълон қилган янги ҳисобот хулосасига кўра¸ дунëдаги энг авторитар режимлардан бири саналган Ўзбекистон каби давлатлар электрон жосуслик технологиялари ишлаб чиқарувчи ширкатлар учун ўз маҳсулотларини синовдан ўтказишнинг қулай майдонига айланган.

Ҳисоботга кўра¸ Марказий Осиë ҳукуматларини ўз мухолифлари¸ мустақил журналистлар ва бошқа фуқаролар телефон сўзлашувларини мунтазам эшитиш ва уларнинг Интернетдаги ҳатти-ҳаракатларини кузатишга имкон берувчи такомиллашган технологияларни айнан АҚШ ва Исроилдаги хусусий ширкатлар таъминлаб келмоқда.

Хулосаси бугун эълон қилинган ҳисоботда шунингдек¸ АҚШ ва Исроилда ишлаб чиқарилган мазкур замонавий технологиялар Ўзбекистон каби ҳукуматларга нафақат ўз ҳудуди¸ балки хориждаги мухолифлари суҳбатларини ҳам эшитиш имконини бериши айтилади.

"Марказий Осиë жосуслик технологияси ишлаб чиқарувчилар учун ўз янги маҳсулотларини синаб кўришга қулай кўздан панадаги майдондир. Айнан шу минтақада дунëдаги энг авторитар тузумлар ҳукм сурмоқда. Дунëдаги энг репрессив саналган бу режимларнинг Интернет ва телекоммуникациялар яратган эркинликни бўғиш истаги кун сайин кучайиб бормоқда”¸ дейилади ҳисоботнинг бугун эълон қилинган хулосасида жумладан.

Ҳисоботда қайд этилишича¸ ўз мухолифлари¸ журналистлар ва фаол фуқароларининг Интернетдаги ҳаракатлари ва телефон суҳбатларини кузатиш учун сўнгги технологияларни сотиб олиш бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақада пешқадамдир.

Ҳисобот ўз хусусий электрон ëзишмалари ва Интернетдаги алоқалари хавфсизлик ходимлари томонидан очилиб¸ шу асосда сўроқ-жавоб қилинган фаоллар¸ журнлаист ва муҳожиратдаги мухолифатчилар кўрсатмалари каби манбалар ва махфий ҳужжатларга асосан ҳозирланган.

Ҳисобот муаллифларидан бири бўлган Privacy International ташкилоти эксперти Кеннет Пэйж Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон эга бўлган кузатув тизимлари махфий ҳизматларга фуқароларнинг ҳар бир ҳаракатини, компютердаги ёзишмаларидан тортиб телефон суҳбатларигача қайд этиш имкоини беришини айтади.

- Бу каби тизимлари Ўзбекистон СНБсига одамларнинг компютеридаги ҳар бир маълумотни ўрганиш, телефон суҳбатларини ёзиб олиш, шунингдек электрон ёзишмалари, мессежер тизимидаги суҳбатларини кузатиб бориш икмонини беради, - дейди Кеннет Пэйж.

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини кузатиш технологиялари учун қанча маблағ сарфлаши маълум эмас.

Кеннет Пэйжга кўра, бу ерда гап бир неча миллион доллар турадиган кузатув тизимлари ҳақида бормоқда.

- Афсуски бу каби тизимлар савдоси ҳақидаги маълумот жуда сир тутилади. Одатда кузатув технологиялари бир неча юз минг доллардан тортиб бир неча ўн миллион долларгача туради. Умуман жаҳон миқёсида бу каби тизимлар савдоси умумий ҳажми беш миллиард доллардан кўпроқни ташкил этиши бизга маълум, - дейди Privacy International ташкилоти эксперти Кеннет Пэйж.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва диссидентлар Интернетдаги ёзишмалари ва телефон суҳбатлари доимий кузатув остида эканини аввалдан айтиб келишади.

Ўтган йил оҳирида Интернетдаги Skype мессенжери орқали мухолифатга оид адабиëтларни олиб тарқатганликда айбланган наманганлик 43 ёшли тадбиркор Қудрат Расулов ҳозир қамоқда.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди ажримида ëзилишича, маҳбус Skype мессенжери воситасида мухолифат фаоллари Тўлқин Қораев ва Муҳаммад Солиҳ билан доимий мулоқотда бўлган.

​Швецияда яшовчи ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораев наманганлик Қудрат Расулов Ўзбекистондаги махсус ҳизматлар йўлга қўйган кузатув тизими қурбони бўлганига ишонади.

- У шахсан мен билан ва ҳаракат раҳбари билан алоқага чиққан. Уни биз жуда қаттиқ сир сақладик, ҳар бир ёзишмани алоҳида электрон почталар ёки алоҳида адресслар орқали амалга оширганмиз. Аммо, барибир натижа шунга олиб келди, у қамоқда ҳозир, - дейди Тўлқин Қораев.

Ўзбекистодаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги куч ишлатар тизимлар инсонларнинг мамлакат конституциясида кафолатланган ахборот олиш эркинлигига тажовуз қилаëтганини айтади.

- Одатда Skype тармоғи хавфсиз ҳисобланади. Бундан келиб чиқдиган хулоса шуки, Ўзбекистон МХХси фуқароларнинг Skype орқали қилаëтган суҳбатларини ҳам эшитмоқда, - дейди Урлаева.

Ўзбекистонлик кекса мухолифатчи, Эрк демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов ўзи ва сафдошлари доимий кузатув остида эканини айтади.

- Эркин гаплашиб бўлмайди. Нафас олишга ҳам ўйланиб қолдик. Ҳудди икки одам гаплашса учинчи одам кузатаётгандек. Интернетда ҳам шунақа. Skype тизимида ҳам очиқ гаплашаолмаймиз, - дейди Отаназар Орипов.

Аввалроқ Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам Хитой ҳамда Марказий Осиёдаги репрессив ҳукуматлар Ғарб давлатларидан энг такомиллашган кузатув тизимларини сотиб олган холда, улардан Интернетни назорат қилиш, блоггерлар ҳамда мухолифат фаолларини таъқиб қилишда фойдаланаётгани ҳақда бонг урган эди.

XS
SM
MD
LG