Линклар

Қозоғистон президенти матбуот хизматига кўра¸ 24 ноябрь куни Чехия президенти Милош Земан расмий ташриф билан Остонага боради.

25 ноябрь куни эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам Остонага сафар қилади.

Жорий йил февраль ойида Прагага келиши режаланган Ислом Каримов сафари халқаро ва маҳаллий инсон ҳақлари ҳимоячилари норозилигидан сўнг бекор қилинган эди.

Босим остида қолган Чехия Бош вазири¸ Прага шаҳар ҳокими ва ҳукуматнинг беш вазири Ислом Каримов ва Ўзбекистон делегацияси билан учраша олмаслигини билдиргани ортидан расмий Тошкент сафарни номаълум муддатга қолдирган эди.

Матбуотдаги фаразларга қараганда¸ иккаласи ҳам ўтмишда коммунист бўлган Каримов ва Земаннинг февралда бўлмай қолган учрашуви энди келаси ҳафта Остонада ўтказилиши мумкин.

Нурсултон Назарбоевнинг ҳар иккала меҳмон ҳамкасби билан алоҳида учрашишини билдирган Қозоғистон президенти матбуот хизмати¸ учала президентнинг биргаликдаги музокаралари кун тартибида йўқлигини таъкидлади.

Айни пайтда¸ матбуот хизмати Каримов ва Земан ўртасида алоҳида учрашув бўлиш-бўлмаслиги ҳақида изоҳ беришни истамади.

Милош Земан Ўзбекистон президенти сафарининг қолдирилгани икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларига салбий таъсир қилганидан афсус билдириб¸ демократия ва инсон ҳақлари ҳимоячиларини икки юзламачиликда айблаган эди.

- Мен Ўзбекистон каби давлатларга киритилган сармояларимиз инсон ҳақларини ҳимоя қилиш деб аталаëтган сиëсат сабабли хатар остида қолаëтганидан анча хавотирдаман. Агар бу давлат раҳбарлари¸ хусусан¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бизнинг мамлакатимизга ташриф қилмас экан¸ биз инсон ҳуқуқлари ҳақидаги фикрларимизни уларнинг юзига айтиш имконидан маҳрум қоламиз¸ деган эди чех президенти Земан.

Каримов сафари қолдирилганидан сўнг чех тадбиркорлари билан учрашувда Земан Каримов Прага ташрифининг бекор қилиниши чех ширкатларига қимматга тушгани – имзоланиши ҳозирланган 15 миллиард крона – 750 миллион долларлик бизнес келишувлари имзоланмай қолганидан шикоят қилган эди.

Чех сиëсатчиларининг масъулиятсиз ëндашувлари оқибатида чех ширкатлари Ўзбекистонга ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконидан маҳрум қолди¸ деб ëзғирган эди Прага ҳукумати вакилларини президент Милош Земан:

- Эндиликда биз Ўзбекистон каби давлатларга киритилган сармоямизни ҳам йўқотиш таҳликаси остида қолдик. Мен Чехия Республикаси ўзини гўë супердавлат сифатида тутмаслиги керак¸ деб ўйлайман. Бунинг ўрнига ҳукуматимиз мамлакатда яшаëтган 630 минг ишсизга ҳурмат кўрсатиши керак. Бундай шошма-шошар ҳаракатлар оқибатида ишсизлар сонини янада кўпайтирмаслигимиз керак¸ деган эди ўтмишда коммунист бўлган Милош Земан.

20 ноябрь куни Земаннинг Остона сафари кун тартиби учун масъул бўлган чех расмийлари Ўзбекистон президенти билан учрашувнинг режаланган-режаланмаëтгани¸ режаланган бўлса¸ унда қандай масалалар муҳокама қилинишига оид саволларга изоҳ беришдан тийилишларини билдирдилар.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатда Чехия президенти маъмурияти расмийларидан бири Милош Земан Ислом Каримовга расмий таклифнома юборгани ва Каримов таклифни қабул қилса¸ Ўзбекистон президентининг 2015 йили Прагага ташриф буюриши кутилаëтганини маълум қилган эди.



Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG