Линклар

logo-print

Ҳамид Исмоил: 20 йил олдин Би-би-си ўзбек хизмати "асал ойи"ни нишонлаган эди


1994 йилнинг 30 ноябрида Би-би-си Жаҳон хизмати ўз тарихида илк бор ўзбек тилидаги дастурни эфирга узатган эди.

Ўша вақтда Ўзбекистон расмий матбуотида мазкур дастур ҳақида илиқ фикрлар айтилган.

Лондондаги ҳамкасбларимиз хизмат қилаётган ўзбекча дастур 20 ёшга тўлиши муносабати билан Би-би-си Марказий Осиë хизмати бош муҳаррири Ҳамид Исмоил билан суҳбатлашдик.

Бундан 20 йил олдин ҳавога узатилган илк дастур муҳаррири бўлган Ҳамид ака ўша даврларни “асал ойи” сифатида эслади:

- Ўша пайтда Ўзбекистон дунëга очилаëтган бир давр эди. Ярим соатлик ўзбекча дастур яхши қаршиланди. Ўзбекистонда ўрта тўлқинда эфирга чиқар эдик. Шу ишга бош-қош бўлганимдан ўзимни бахтиëр ҳис қиламан. Ўша пайтларни асал ойи каби эслайман¸ деди суҳбатдошимиз.

Озодлик билан суҳбатда Ҳамид Исмоил Би-би-си Жаҳон хизматининг ўзбек тилидаги эшиттиришларидан кўзланган мақсад ҳақида гапирар экан, жумладан бундай деди:

-1946 йилдан бери собиқ Cовет ҳудудларига рус тилида эшиттириш олиб борган Би-би-си Жаҳон хизмати Совет Иттифоқи тарқалганидан кейин мустақил бўлган республикалар тилида эшиттиришлар беришни йўлга қўйди. Шу маънода Ўзбекистон мустақиллиги қўллаб-қувватланди. Бундан Британияга қандай манфаат бор, деб сўрадингиз. Манфаат ¸ дуруст ва тарафсиз аҳборот етказиб беришдадир. Айнан шу боис Британиянинг обрў-эътибори ортади. Бунинг ортида бошқа манфаат йўқ, дейди суҳбатдош.

2014 йилнинг биринчи апрелига қадар Британия ташқи ишлар вазирлиги грантлари асосида ишлаб келган Би-би-си Жаҳон хизмати ҳозир фақат Британия солиқ тўловчилари ҳисобидан фаолият олиб боради. Бу янги ҳолат Би-би-си Ўзбек хизмати учун нимани англатишини Ҳамид Исмойил тушунтириб берди:

- Ҳозир биз оддий британияликлар тўлаëтган ва "Би-би-си солиғи" аталмиш маблағ эвазига ишлаймиз. Ўзи оддий британияликлар ҳайрия қилишни яхши кўради. 5 фунт пулни Африкадаги очларга етсин, деб почтага бориб тўлаб юришади. Шу маънода биз оддий британияликлар молиялаëтган халқ радиосига айландик холос¸ дейди суҳбатдош...

Империя овозидан Жаҳон ҳизматига айланган Би-би-си

Шу кунда 26 тилда эшиттириш бераëтган Би-би-си Жаҳон хизмати 1932 йили империя овози ўлароқ BBC Empire Service номи билан инглиз тилида эфирга чиққан эди.

1938 йилда Би-би-си араб тилида эшиттириш узатиб кўп тилли дастурларга тамал қўйди. 1939 йилда турк тилидаги эшиттиришларни ҳам эфирга узата бошлаган Би-би-си 1940 йилдан бошлаб ҳинд¸ болгар¸ фин ва немис тилларида ҳам эшиттиришлар тайëрлай бошлади.

1994 йилнинг 30 ноябрида Би-би-си Жаҳон хизмати ўзбек ва озарий тилидаги эшиттиришларни ҳавога узатишни бошлади.

Илк дастурда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, Қирғизистоннинг собиқ президенти Аскар Ақаев ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевлар Би-би-си Жаҳон хизматининг ўзбекча дастур бошлаганлигини муборакбод қилишган эди.

Шу кунларда 20 ëшга кирган Ўзбекча Би-би-сини ёши 60 дан ошган Озодлик жамоаси қизғин қутлайди. Бу навқирон жамоага муваффақиятлар тилайди.

XS
SM
MD
LG