Линклар

А. Мансур: Пайғамбаримиз мўйларини сақлаш - ихтилофли масала


Ўзбекистонлик Абдулҳафиз Хон Тўра Рамзан Қодировга совға қилгани айтилган Муҳаммад пайғамбарга оид осори-атиқалар.

Ўзбекистонлик Абдулҳафиз Хон Тўра Рамзан Қодировга совға қилгани айтилган Муҳаммад пайғамбарга оид осори-атиқалар.

Қўқонлик саййидзодалардан бирининг Муҳаммад алайҳиссаломга оид соч толасини Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга совға қилганига таассуф билдирган шайх Абдулазиз Мансур бу осори-атиқа мамлакатда қолса яхши эди, деб таъкидлади. Бундай буюмларни сақлаш - бидъатдир, деган танқидларга жавобан шайх ҳазратлари Исломда пайғамбарларга оид буюмларни сақлашга монеълик йўқ, деб жавоб берди.

Яна бир "мўйи муборак" Чеченистонга кетдими?

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур 13 ноябрь куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга совға қилинган соч толасига оид маълумотлар ўрганилаётганини айтмоқда.

13 ноябрь куни президент Рамзан Қодировга оид расмий порталда ўзбекистонлик Абдулҳофиз Хон Тўра исмли шахс унга пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга оид бир тола соч ва икки дона косани совға қилгани ҳақида хабар берилди.

Расмий хабарда, ўзбек-чечен миллатлари дўстлиги рамзи ўлароқ берилган бу совға махсус самолётда Грозний шаҳрига олиб келгани айтилди.

Шайх Абдулазиз Мансур бу хабарларни кузатаётгани, аммо қўлида бу хабарларни тасдиқловчи бирор аниқ маълумот йўқлигини таъкидлади:

- Эшитдик, қизиқдик биз ҳам. Лекин, бунақа одам (Абдулҳофиз Хон Тўра - таҳр.) ҳақида мен эшитмаган эканман. Энди аввал бу хабарнинг аниғини билиш керак, у одамнинг ўзи билан гаплашиш керак, унгача бир гап айтиш қийин. Лекин, албатта, бундай осори-атиқалар ўзимизда сақланса, яхши бўлар эди, - деди шайх ҳазратлари.

Озодлик Қўқон шаҳридаги бир неча манбага боғланди ва Абдулҳофиз Хон Тўра исмли шахс ҳақида ҳозирча жиддий маълумот тополмади. Баъзи манбаларга кўра, бу киши Марғилон шаҳрида яшайди ва у киши аждодлари саййидлар - Пайғамбар Муҳамммад алайҳиссаломга тақалувчи аҳли илмлардан бири сифатида обрў-эътиборга эга. Аммо, Озодликда буни тасдиқловчи аниқ маълумот ҳозирча йўқ.

13 ноябрь куни хабар берган РИА-Новости агентлиги Фарғона водийсида пайғамбарга оид осори-атиқалар борлиги, бу буюмлар 19-асрнинг бошларида Усмонли халифалиги томонидан Қўқон хонлигига туҳфа қилинганини ёзди.

1876 йилда Қўқон хонлиги Чор Россияси қўшинлари томонидан тугатилгач, бу осори-атиқаларнинг қанчадир қисми Россияга олиб кетилгани, яна қанчаси йўқотилгани, маълум бир қисми эса ўша кезларда хон ғазнасига яқин шахслар томонидан уйида яшириб қолингани айтилади.

Шайх Абулазиз Мансур, баъзан оддий одамлар Мусулмонлар идорасига олиб келадиган шу каби осори-атиқаларнинг қадимийлиги ва ўта яхши сақланганидан ҳайратланишини айтади:

- Халқ - хазина. Баъзан шунақа ноёб китоблар, буюмларни олиб келиб, диний идорамизга топширишади. Буларнинг ҳаммаси идорамиздаги "Мўйи Муборак" мадрасасида сақланаяпти, - дейди шайх ҳазратлари.

Тошкент музейида "мўйи муборак" бор эди...

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси қошида Ислом динига оид осори-атиқалар сақланувчи макон собиқ совет замонларидан бери "Мўйи Муборак" мадрасаси, деб юритилган.

Шайх Абдулазиз Мансур 1980 йилларнинг охирида бу музейда Муҳамммад алайҳиссаломга оид бир дона соч толаси сақланганини хотирлайди:

- Шайх Зиёвуддин Бобохон даврида хориждан келган меҳмонларга кўрсатилганида кўрганман. Пайғамбаримизга оид 4 сантиметрга яқин соч толаси сақланарди. Кичкинагина шиша идишнинг бир тарафига ёпиштириб қўйилган эди. Кейин, Мустақилликка эришмасмиздан олдин шу "мўйи муборак" йўқолиб қолди. Ҳозиргача биз билмаймиз нима бўлганини, - дейди Абдулазиз Мансур.

Расмий манбада айтилишича, "Мўйи Муборак" мадрасаси илк бор ХV асрда қурилган. Бироқ у мадраса бузилиб кетгач, 1856–1857 йиллари пишиқ ғиштдан қайта қурилган.

"Бундай ном берилишига мадрасанинг махсус хоналаридан бирида кичкина шиша идишда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак мўйлари сақланиши сабаб бўлган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳхўжанинг маълумотига кўра эса, мадрасанинг алоҳида гумбази бўлиб, унга Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) соч толалари қўйилган... Ҳозир мадраса таъмирланиб, машҳур Усмон Мусҳафи музей-кутубхонасига айлантирилди", дейилади Ўзбекистон Мусумонлари диний идорасига оид сайтда.

Аммо, бу расмий манбада "мўйи муборак"нинг ғойиб бўлганига ҳақида маълумот берилмаган.

Муборак кишиларга оид буюмни сақлаш - бидъатми?

Қўқонлик тўранинг Муҳамммад алайҳиссаломга оид соч толасини Чеченистон президентига топширгани ҳақидаги биргина хабарнинг ўзи ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди.

Бир томон фикрича, бу муқаддас буюмнинг Чеченистонга бериб юборилиши хато ва бунга диний осори-атиқаларнинг сақланишига имкон яратиб бермаган, аксинча, Қуръони карим каби ўта нодир қўлёзмаларнинг ўғирланишига тўсиқ бўлолмаган ҳукумат айбдор.

Осори-атиқа Чеченистонга йўл олгани айтилган Қўқон шаҳрида яшовчи Нуриддин қори шу фикр тарафдоридир:

- Қанийди, пайғамбаримизнинг бир тола сочи менга берилса, мен уни кўзимга суриб сақлаган бўлардим. Лекин, биз ўлиб кетамиз, болаларимиз уни биздек сақлай оладими - билмаймиз. Шунинг учун, бунақа нарсаларни омон сақлайдиган музейни ҳукуматимиз очиб берса қани эди?! Халқнинг қўлида кўп бунақа нарсалар, лекин давлат сақлаб беришига ишонч йўқ, - дейди Нуриддин қори.

Аммо яна бир томон фикрича, Муҳаммад алайҳиссаломга оид соч толасининг "Мўйи муборак" дея сақланиши, зиёрат қилиниши - бидъатдир.

Шайх Абдулазиз Мансур бу баҳс асрлар давомида тинмаган баҳслардан биридир, дейди:

- Бу масалада уламолар "Ҳа, бу бидъат" ҳам деёлмайди, "Йўқ, бу бидъат эмас" ҳам деёлмайди. Исломда бунақа ихтилофли масалалар кўп. Лекин, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.га оид буюмларни қадрлаш, сақлашга Исломда монеълик йўқ. Фақатгина бунда ҳаддан ошмаслик керак, ширк келтириб қўймаслик керак, - дейди шайх ҳазратлари.

Бидъати ҳасана ва бидъати саййиъа

Исломда яхшиликка сабаб бўлувчи бидъат - бидъати ҳасана ва ёмонликка сабаб бўлувчи бидъат - бидъати саййиъа тушунчаси устида ҳам катта баҳс бор.

Қаршилар яхшиликка, хайрга сабаб бўлишидан қатъий назар бидъат - мусулмонларни Ислом асосларидан узоқлаштиради ва хатога сабаб бўлиб қолади, деган фикрни таъкидлади.

Қўқонлик Нуриддин қори шундайлардан биридир:

- Бидъатнинг ҳар қанақаси ҳам ёмон. Чунки диндан кейин пайдо бўлган нарсаларда булар, динимизда йўқ нарсалар булар. Ҳозир ўзи ҳукуматимизнинг имомлари соф дин билан бидъатни аралаштириб ташладию. Соф Исломнинг ўзи қолмади. Одамлар қайси бир иш Исломдан, қайси бири халқнинг ҳаётига кириб кетган бидъатдан - ҳеч ким билолмай қолди ўзи. Лекин, пайғамбаримизга тегишли буюмларнинг ўрни бўлак, уларни сақлашда мен бидъат кўрмайман, - деб ҳисоблайди Нуриддин қори.

Бидъати ҳасанани тан оладиганлар эса "бидъат" сўзнинг ўзбек тилида кенг қўлланувчи "эскидан қолган ёмон одат, ирим-сирим, хурофот" каби маънолари билан чекланиб қолмасдан, бу сўзнинг яна бир маъноси - "динда кейинчалик пайдо бўлган нарса"лардан қўрмасликка чақиради.

Шайх Абдулазиз Мансур бунда, албатта ҳужжатга таяниш керак ва муҳими, ширкдан эҳтиёт бўлиш керак, деб таъкилади:

- Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадиларки: “Кимки яхши бир одатни жорий қилса, шу жорий қилгани учун ҳам савоб олади ҳамда шунга амал қилиб, давом эттирувчиларнинг савобларидан ҳам улушини олади” дейдилар. Ана шу ҳадиснинг иккинчи ярмида эса: “Ким ëмон одатни, бидъат, динимиз руҳига тўғри келмайдиган, одамларга ҳам на дунëвий на ухровий фойдаси йўқ нарсаларни жорий қилса, шу жорий қилгани учун ҳам гуноҳини олади ва шунга амал қилувчиларнинг ҳам гуноҳларидан улушини олади”, дейилади. Шунинг учун бунда суистеъмол қилмаслик керак, - дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG