Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:57

Модел агентлиги ниқобидаги исловотхона, порахўр ҳокимбува ва ноёб операция


Қашқадарёда ҳоким ўринбосари 4000 доллар пора билан ушланди. Тошкентда модел агентлиги ниқобидаги фоҳишахона фош этилди. Ўзбекистонлик жарроҳлар ноёб операцияни амалга оширишди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Депутатликка номзодларнинг кўпчилик қисми – таълим соҳаси вакиллари”

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатасига депутатлигига номзодларнинг 26,5 фоизи таълим соҳаси вакилларидан иборат (“Ҳуррият”, 19 ноябрь).

Бундан ташқари, рўйхатга олинган номзодлар орасида ишлаб чиқариш соҳаси (20,2), иқтисодчилар (20,8), ҳуқуқшунослар (14,2), соғлиқни сақлаш соҳаси (10,1) вакиллари ҳам бор.

Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, номзодларнинг барчаси олий маълумотли ва 21,7 фоизи фан доктори ёки фан номзоди илмий даражасига эга. 13,8 фоизи илгари депутатликка сайланган.

Сайлов комиссияси жорий йил 21 декабр куни ўтадиган сайлов учун мамлакатдаги тўрт сиёсий партиядан номзодлар рўйхатга олиб бўлинганини маълум қилган.

“Бюджет ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш зарур”

Бюджет муассасаларида маблағнинг мақсадсиз сарфланиши, ноқонуний ишлатилиши олдини олиш учун парламент назоратини кучайтириш лозим (“Ўзбекистон овози”, 20 ноябрь).

Бу талаб Ўзбекистон халқ демократик партиясининг Олий Мажлисдаги фракцияси томонидан илгари сурилган. Парламентда давлат бюджетининг 2014 йил 9 ойидаги ижроси юзасидан молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев ҳисобот берган.

Мирзаев давлат бюджети даромадлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 22,5 фоизни, харажатлари 22,4 фоизни ташкил қилгани, яъни давлат бюджети 0,1 фоиз профицит билан ижро этилганини маълум қилган.

“Тошкентда модел агентлиги ниқобидаги фоҳишахона фош этилди”

Тошкентда бир неча йилдан буён фоҳишалик хизматини кўрсатиб келган “Kolleman Models” модел агентлиги фош этилди (“Даракчи”, 20 ноябрь).

Фаррух Ғофуров ташкил қилган муассаса модел агентлиги ниқобида фаолият юритиб, амалда казо-казоларга фоҳишалик хизматини кўрсатиб келган. Модел агентлигига Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси ходими мижоз қиёфасида юборилган ва Ғофуров тўртта қиз учун 1600 АҚШ доллари сўраган.

Ғофуров қўлга олингач унинг шахсий сумкасидан “тирик товар”ларнинг 500 дан ортиқ фотосурати ва буюртмачиларнинг рўйхати топилган. Фоҳишалик қилган моделлар орасида 13-14 ёшлилар, коллеж талабалари ҳам борлиги аниқланган. Агентлик фоҳиша моделларни Жанубий Кореяга ҳам “экспорт қилган”.

“Қашқадарёда ҳоким ўринбосари 4000 доллар пора билан ушланди”

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Норсафар Бобоев 4000 доллар пора билан қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 20 ноябрь).

Туманнинг Бешбулоқ мавзеида тўйхона қурмоқчи бўлган тадбиркор Тоштемир Маҳамов 18 сотих ерга харидор чиқади.

Тумандаги капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал соҳага масъул саналган Норсафар Бобоев ер олишда ёрдам эвазига тадбиркордан 5000 доллар пора талаб қилган. Савдолашувдан кейин пора 4000 долларга туширилган.

Ҳокимнинг биринчи ўринбосари Н.Бобоев пулни ўз хонасида олаётганда қўлга туширилган. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича вилоят суди Бобоевни 3 йил мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан ва 11 йил озодликдан маҳрум этган.

“Хорижда ишлаб юрган талабага диплом берган коллеж директори жазоланди”

Наманган вилояти Мингбулоқ туман мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи директори Улуғбек Ҳамдамов катта миқдорда маблағ ўзлаштиришда айбланди (“Диёнат”, 20 ноябрь).

Директор бир неча ҳолатда қўл остидаги ходимларига ойлик маош учун қўл қўйдириб олгач, пулни уларга бермасдан ўз номига расмийлаштирган намунавий уй учун ўтказиб юборган.

Бундан ташқари, турли йўллар билан жуда катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирган. Айни чоқда, коллеж директори гарчи имтиҳонларни топширмаса-да, чет элда юрган 8 нафар талаба диплом беришда айбланган.

Қайд этилишича, У.Ҳамдамов 2 йил мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган; унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 305 баравари миқдорида жарима ва 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

“Тошкентда ноёб операция: ички аъзолари тескари жойлашган беморнинг аъзолари жойига кўчирилди”

Тошкентдаги Академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия марказида ноёб операция амалга оширилди. Бу ҳақда бир қатор нашрлар хабар берди.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида яшовчи 43 ёшли Фарҳод Раҳимжоновда ички аъзоларнинг тўлиқ тескари жойлашуви ҳолати аниқланган. Юрак одатда инсон кўкрак қафасининг чап томонида жойлашса, беморда у ўнг томонда, жигар эса чап томонда, хуллас, барча ички органлари тескари тартибда жойлашган.

7 соат давом этган операция давомида беморнинг ички органлари жойига қўйилган. Хирургия маркази раҳбари, профессор Феруз Назиров Уайпл операция деб номланган мазкур мураккаб амалиёт Ўзбекистонда илк бор ва муваффақиятли амалга оширилганини маълум қилган.

“Паркентда одамларни психотроп модда ёрдамида тўнаган аёл 10,6 йилга кесилди”

Тошкент вилояти Паркент туманида яшаган ўғри аёл 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди (“Адолат кўзгуси”, 20 ноябрь).

Исми ошкор этилмаган аёл антиқа ўғирлик усулини қўллаган. Совчи, ҳунарманд каби турли ниқобларда хонадонларга кирган ўғри аёл психотроп модда қўшилган қаҳва бериб, хонадон соҳибаларини ухлатиб қўйган. Сўнг уйдаги қимматбаҳо буюм ва пулларни ўмариб кетган. Айтилишича, у ўнга яқин одамни тўнаб кетган.

XS
SM
MD
LG