Линклар

Бош вазир Мирзиёев Сурхондарёга муваққат ҳоким тайинлади


Шу кунларда президент Каримовнинг Сурхондарёга ташриф қилиб, янги ҳокимни расман тайинлаши кутилмоқда

Шу кунларда президент Каримовнинг Сурхондарёга ташриф қилиб, янги ҳокимни расман тайинлаши кутилмоқда

19 ноябрь куни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокими Эшдавлат Жўраев ўрнига Тожимурод Мамаримовни муваққат ҳоким этиб тайинлади. Сурхондарё расмийларига кўра, вилоятга янги ҳокимни расман тайинлаш учун президент Каримовнинг ташрифи кутилмоқда.

Бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига сафар қилиб, Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тожимурод Мамараимовни вилоятга муваққат ҳоким этиб тайинлади.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Сурхондарё вилояти статистика бошқармасидаги манбага кўра, ўша куни Термизда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси чақирилиши, сессия ишида президент Ислом Каримов иштирок этиб, вилоят ҳокими Эшдавлат Жўраевни лавозимидан озод қилиши керак эди.

“Лекин президент келмади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасига статуправлениядан барча маълумотлар олиб кетилганига бир ойдан ошди. Ҳали вилоятда ўз сиёсатини жорий қилиш тугул вилоятни тўлиқ ўрганишга ҳам улгурмаган Жўраев охирги селектрда пахта планини тўлдирмагани учун қаттиқ дашном эшитди. Эҳтимол уни шунинг учун олишгандир, уни бир ҳафтадан бери Тошкентда деб эшитамиз”, дейди манба.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг ўзини Олимжон деб таништирган матбуот хизмати ходими ҳали сессия бўлмаганини айтиб, “подадан олдин чанг чиқармаслик”ка чақирди:

“Конституция бор, қонун қоида бор, сессия бўлганидан кейин ёзсаларинг ҳам бўлади-ку. Ваҳиманинг нима кераги бор?!”, деди Олимжон.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг расмий сайтидаги маълумотда вилоят ҳокими сифатида Жўраев Эшдавлат Турсунович қайд этилган. У Ўзбекистон президентининг 2013 йил 19 декабрдаги фармонига асосан Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланган. Бунгача Жўраев Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма бошлиғи, Қашқадарё вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган, адлия катта маслаҳатчисидир.

Ўзбекистон Конституциянинг 93, 102-моддаларига кўра, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини тайинлаш Ўзбекистон президенти ваколатига киради.

P.S. Озодлик ушбу мавзу тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG