Линклар

logo-print

Миллиардга яқин “ўзбек пули” музлатилган Швейцария президенти Ўзбекистонга келди


Швейцария конфедерацияси президенти ва конфедерация Ташқи ишлар вазири Диде Буркхaлтер 21 ноябрь куни минтақага қилаëтган сафари доирасида Тошкентга келди.

Швейцария Конфедерациясининг атиги бир йилга сайланадиган президенти айни пайтда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг жорий раиси ҳам ҳисобланади.

Диде Буркхалтер Тошкентга ҳам конфедерация Ташқи ишлар вазири¸ ҳам ЕХҲТ раиси сифатида сафар қилаëтгани боис¸ Тошкент музокараларидаги масалалар кўлами анча кенгдир.

Расмий маълумотларга кўра¸ кун тартибида икки давлат ўртасидаги сиëсий-иқтисодий алоқалар истиқболидан тортиб¸ минтақа ва халқаро майдондаги долзарб муаммолар қўйилган.

Швейцариядаги Берн Декларацияси деб аталган ноҳукумат ташкилотининг молиявий эксперти Olivier Longchamp Озодлик билан суҳбатда Швейцария ва Ўзбекистон расмийлари ўзаро суҳбатда муҳокама қиладиган масалалар рўйхати ва кўлами чиндан ҳам катта эканини таъкидлайди:

- Швейцария Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси бошқарув кенгаши аъзоси. Аммо у кенгашда фақат конфедерация эмас¸ балки Ўзбекистон¸ қолаверса¸ постсовет ҳудудидаги “истон”лар намояндаси сифатида ўтиради. Ҳелветистан (Helvetica – Швейцариянинг қадим номи +истон Марказий Осиë давлатлари қисқартмаси) деб аталадиган бу гуруҳ намояндаси сифатида Швейцария расмийларининг Тошкентда гаплашадиган гаплари борлиги табиий¸ дейди швейцариялик таҳлилчи.

Кузатувчилар¸ айни пайтда¸ ЕХҲТ раиси сифатида Буркҳалтер ва унга ҳамроҳлик қилаëтган делегациянинг Ўзбекистонда режаланган сайловлардан то Украина-Россия можароси каби масалаларни муҳокама қилишини таъкидламоқда.

Гулнора Каримова ва Швейцариядаги “ўзбеклар иши” Тошкентда муҳокама қилинадими?

Ҳозирча Озодлик на Ўзбекистон ва Швейцария президенти ва на расмий делегациялар учрашувлари кун тартибига бу масаланинг киритилганига оид маълумот топа олгани йўқ.

Аммо Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар¸ Тошкентга келган Швейцария сиëсий арбоблари¸ қолаверса банк-молия тизими вакиллари билан бу масалада у ëки бу шаклда гаплашмаслик мумкин эмаслигига ишонадилар.

- Швейцария банкларида 700 миллион доллар пулингиз музлатилган бўлса ва бугун сиз билан қўл бериб кўришиб турган одам айни шу мамлакат президенти бўлса¸ мантиққа кўра¸ бу ҳақда гаплашмасликнинг ўзи қийин¸ дейди Olivier Longchamp.

Швейцария прокуратурасига Гулнора Каримова шериклари номига очилган банк ҳисобларидаги музлатилган пулларни жорий Ўзбекистон ҳукуматига қайтармасликни сўраб расман ариза топширган ўзбек мухолифатчиси Сафар Бекжон ҳам Тошкент ташаббуси билан бу пуллар масаласи музокараларда тилга олинишини тахмин қилади:

- Албатта¸ ҳаракат қилиб кўришади. Биз бу жиноятчиларни жазоладик¸ бу пуллар бизнинг мамлакатимиздан ўғирланган¸ деган иддао билан Швейцариядан уни қайтариб олиш уриниши¸ албатта¸ бўлади деб ўйлайман. Лекин Швейцария президентининг бу жараëнга аралашишга ваколати етмайди. Прокуратура бу ерда мутлақ мустақил тизим ва сиëсий ҳокимиятнинг унинг ишига аралашуви қабул қилинмайди. Бундан ташқари¸ музлатилган пуллар тақдирини кузатиб турган жуда кўп бошқа мустақил тизимлар бор ва уларни ҳар хил советча махинациялар билан алдаш қийин¸ дейди Швейцариядан бошпана топган ўзбек мухолифатчиси Сафар Бекжон.

2012 йил ëзида Швейцарияда “ўзбеклар иши” деб ном олган иш доирасида йирик миқдордаги коррупция ва пул ювганлик гумони билан Гулнора Каримованинг беш нафар бизнес шериги номига очилган банк ҳисобларидаги пуллар музлатиб қўйилди. Швейцария прокуратураси бу ҳисоблардаги пулларнинг асл эгаси Гулнора Каримова эканини тахмин қилмоқда.

Жорий йили Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам Швейцариядаги иш фигурантларига нисбатан жиноий иш очди ва Рустам Мадумаров, Гаяне Авакянни оғир иқтисодий жиноятларни содир қилган шахс сифатида жазога ҳам тортди. Айни жараëнга тортилган Гулнора Каримованинг эса ҳозирга қадар уй қамоғида сақланаëтгани иддао қилинмоқда.

Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар¸ Ўзбекистондаги бу тергов ва маҳкама жараëнлари айнан Швейцария ҳукумати ва адлия тизимлари учун амалга оширилгани ва улардан мақсад Швейцария банкларида музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтариш эканини тахмин қилмоқдалар.

- Албатта¸ мақсад пулларни Ўзбекистонга қайтариш эканига ишониш қийин эмас. Тошкентдагилар бу шахсларнинг Швейцарияда музлатилган пулларини қайтариб олишнинг ягона йўли уларнинг ноқонуний эканини швейцар ҳуқуқ тизимларига исботлаш эканини тушунди ва шу боис Ўзбекистонда ҳам уларга жиноят ишлари очилди.

Аммо бу жараëн улар ўйлаганчалик осон бўлмайди. “Музлатилган пулларни биз берган исбот-далиллар асосида дарров мусодара қилингу уларни дарров яна ўғирлаган шахсларнинг ўзгинаси ëки яқинлари ҳисобига қайтариб юборинг”¸ деган ҳийла бу ерда ўтмайди. Бу пуллар Ўзбекистон прокуратураси тақдим этадиган ҳужжатлар асосида мусодара қилинган тақдирда¸ уларни кимга¸ қачон ва қайси шартлар асосида қайтариш юзасидан қарор бериш Швейцария тизимлари ваколатидадир ва улар бу ишда ниҳоятда эҳтиëткор бўлишлари лозим.

Билишимча¸ улар бу жараëндаги хатарлардан¸ яъни музлатиб¸ мусодара қилинган пулларнинг яна айнан ўғриларнинг ўзига қайтариш эҳтимоли кучлилигидан хабардорлар. Швейцария ҳукумати кейинги йиллар давомида ўнлаб бундай реституция сўрови юзасидан қарор берди ва йўл қўйган хатоларидан ўрганди¸ деб ўйлайман¸ дейди Швейцариядаги корпорациялар¸ банк ва ҳукумат агентликлари фаолиятини мониторинг қилувчи 20 мингдан ошиқ мутахассисни бирлаштирган Берн декларацияси деб аталган мустақил ноҳукумат ташкилотининг айнан реституция масалалари бўйича эксперти Olivier Longchamp.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG