Линклар

Президент Барак Обама жума куни АҚШда ноқонуний яшаб келган миллионлаб муҳожирларнинг мамлакатда қолишига рухсат берувчи қонуний ўзгаришларни эълон қилди.

АҚШ президенти Барак Обама Лас Вегас шаҳрида жума куни қилган чиқишида иммиграция қонунчилигининг ислоҳ қилиниши ҳақида гапира туриб, бу "Американинг узоқ йиллик яхши анъаналари" билан боғлиқлигини таъкидлади.

Обама: Жиноятчи бўлсангиз, бадарға қилинасиз

Жаноб Обама ўз чиқишида ноқонуний муҳожирларни ёппасига авф этиш адолатсизлик бўлиши, уларни ёппасига мамлакатдан ҳайдаб юбориш ҳам имконсиз ва америкаликларнинг зеҳниятига тўғри келмаслигини қайд этди.

- Қонун талаблари доирасида панадан чиқиб, қонун асосида яшашингиз мумкин. Жиноятчи бўлсангиз, мамлакатдан бадарға қилинасиз, - деди Обама.

Сал аввал президент Обама АҚШда ноқонуний яшаб келган миллионлаб муҳожирларга ишлаш учун рухсатнома сўраб, мурожаат қилиш имконини берувчи қонуний ўзгаришларни имзолади.

Мазкур ўзгаришларга мувофиқ, АҚШда туғилган болаларнинг ҳужжатсиз ота-оналари ҳамда балоғат ёшига етмаган пайтда АҚШга келиб қолган ноқонуний муҳожирлар 3 йилгача ишлаш учун рухсатнома олишлари ва бу муддат келажакда узайтирилиши мумкин.

Аввалги қонунчиликка кўра, 30 ёшгача бўлганлар ва АҚШга 2007 йилгача кириб олганлар ишлаш учун рухсатнома сўраб, мурожаат этишлари мумкин эди.

Президент Обама ёш чекловини олиб ташлади ва "қизил линия"ни 2010 йил қилиб белгилади.

Янги қонун 5 миллион муҳожир тақдирига таъсир кўрсатади

Аввалги қонунчиликка мувофиқ, 1, 2 миллион муҳожир ишлаш учун рухсатнома сўраб мурожаат қилиши имконига эга бўлган бўлса, жорий ўзгаришлар АҚШдаги беш миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир тақдирига таъсир қилиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир АҚШда 11 миллиондан кўпроқ ноқонуний муҳожир бор.

Улардан 59 фоизи мексикаликлар, 6 фоизи Салвадордан келган. Қолгани Гватемала, Гондурас, Филиппин ва бошқа мамлакатлардан АҚШга ноқонуний келган муҳожирлардир.

Бу АҚШда 1980 йилдан буён иммиграция қонунчилигидаги энг йирик ўзгаришдир.

Обаманинг қарори республикачиларга ёқмади

Республикачилар Обамани ўзбошимчаликда айблаб, унинг қарори ноқонуний муҳожирларни амнистия қилиш билан баравар, дея танқид қилишмоқда.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Жон Бейнер Обамани парламент билан бемаслаҳат иш тутганликда айблади.

- У Конгресс билан маслаҳатлашмасдан, гўё қирол ёки императордай мамлакат миграция сиёсатига ўзбошимча ўзгартишларни киритаяпти, - деди Бейнер.

АҚШдаги ўзбек муҳожирлари Обамадан миннатдор

АҚШдаги беш миллиондан ортиқ ноқонуний муҳожир ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлган иммиграция қонунчилигидаги ўзгаришларни Америкада яшовчи ўзбекистонлик муҳожирлар олқишламоқда.

U

U

- Мен Филаделфияда яшайман. Етти йил аввал виза билан ўқишга келиб, шу ерда қолиб кетганман. Лекин бу ўзгаришлар менга тўғри келадими, йўқми - билмайман. Умуман олганда, бу ўзгаришлар АҚШда ҳамма қатори қонуний ишлаш, яшаш имконини беради. Ўзимни келажагимни Америкада кўряпман, шу ерда яшаб, шу мамлакатга фойдам тегишини истайман, - дейди исми сир қолишини истаган АҚШнинг Пенсилвания штатида яшовчи ўзбекистонлик муҳожир.

АҚШнинг Виржиния штатида яшовчи Ғофуржон ҳам иммиграция қонунчилигидаги ўзгаришлардан мамнун эканини айтади.

- Мен шу ерда оилам билан яшайман. Олти йил олдин семинарга чақиришган, бу ер ёқиб қолиб, қолгандим. Кейин оиламни олдирдим. Грин кард бўлмаса, қийин экан бу ерда яшаш. Воситачилар орқали ишлаб, бу ерда тирикчилик қиляпмиз. Мана бу ўзгаришлардан умид қилиб турибмиз. Биз ҳам бу ерда ҳамма қатори қонуний яшаб, ишлашни истаймиз. Қонуний ишласак, солиқларини тўласак, давлатга ҳам яхши-да, - дейди ўзбекистонлик Ғофуржон.

Нью Йорк шаҳридаги "Ватандош" ўзбеклар жамияти раҳбари Фарҳод Султон Озодлик билан суҳбатда янги қонунчилик АҚШда яшаётган кўплаб ўзбекистонликлар тақдирига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини айтади.

- Ҳозир АҚШда қанча ўзбекистонлик ноқонуний муҳожир борлиги ҳақида қўлимизда аниқ рақам йўқ. Лекин жуда кўп. Бу ерга талабалар студент визалари билан келиб, қолиб кетишади. Қочқинлик олиш учун келиб, мақом ололмай, сарсон бўлиб юрганлар бор. Улар учун бу умидбахш қонундир, - дейди Фарҳод Султон.

Сўнгги йилларда АҚШга Ўзбекистондан келувчилар сони ҳам кўпайди. Уларни кўпчилиги АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқнини берувчи Грин кард лотореяларини ютиб келишади.

Айримлар виза билан келиб, АҚШда қолиб қолишади. Ҳар йили АҚШдан ярим миллионга яқин ноқонуний муҳожир келган юртларига қайтарилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG