Линклар

ТАСС агентлигига интервью берган Владимир Путин Россияни умрбод бошқариш қарори "мамлакат учун нотўғри, зарарли" қарор бўлишини таъкидлади ва бундай нияти йўқлигини маълум қилди. Айни пайтда у Конституция бўйича 2018 йилда президентликка номзодини қўйишга ҳақли эканини ҳам эслатаркан, буни режалаяптими-йўқми - бу ҳақда аниқ гап айтмади.

Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги ТАСС агентлигининг "Биринчи шахслар" номли махсус рукнига узундан-узоқ интервью берди ва президентлиги, мамлакат иқтисоди, Ғарб билан муносабатларга оид қатор саволларга жавоб берди.

Суҳбат бошидаги: "Соғлигингиз қалай, Владимир Владимирович?" деган саволга: "Умид ҳам қилманг..." дея ҳазилнамо жавоб қайтарган Путин Ғарб матбуотида Россия ва унинг президенти соғлиги ҳақида берилаётган хабарларни асоссиз, деб таъкидлади.

"Мен мунтазам равишда спорт билан шуғулламан" дея гап бошлаган президент соғлиги ва кайфияти жуда яхши экани, мамлакатга ҳали узоқ раҳбарлик қилишга қодирлигига ишорат берди.

Сўнгги пайтларда масъулияти тўлиғича президент Путинга юкланаётган Украина бўҳронига оид мавзуда мухбир: "Федерал телевидениедаги янгиликлар ва ток-шоуларни кузатадиган бўлсак, гўёки, сиз ва биз Украинада яшаётгандекмиз..." деб гап бошлаган эди, жавобни илиб кетган президент:

"Аслида ҳамма нарса биринчи шахс қарорига боғлиқдек туюлади, холос. Ҳа, унга боғлиқ бўлган фундаментал масалалар бор. Лекин, (қарор беришда) турли фикрлар зиддияти мунтазам бўлади. Дмитрий Анатольевич билан учрашиб, ягона позицияни ишлаб чиқамиз. Бундан ташқари, Марказий банк, президент маъмурияти, парламент бор..." деди Владимир Путин.

Россиянинг Украина шарқидаги сиёсати, хусусан, Украина ҳарбийларига Россия ҳарбийларининг қарши қўйилаётганига оид танқидларга жавобан узундан-узоқ жавоб берган Путин:

"У ерда Россия манфаатлари борлиги тушунарли, аммо бу манфаатларни ҳимоя қилишимизга қаршилик қилишмоқда. Бундан ташқари, ўша ҳудудда яшаётган одамларни ҳимоя қилишимизга ҳам... Ваҳоланки, бу ҳудуддаги аҳолининг асосий қисми ўзини улкан рус дунёсининг бир бўлаги, деб билади... Тушуниш керак: дунё шундай қурилган. Бу геополитик манфаатлар учун курашдир. Ҳатто, бу масалада бизнинг позициямиз АҚШдаги америкалик дўстларимизники каби агрессив эмас", деб киноя қилди Владимир Путин.

"Қримни аннексия қилиш қарорини хато, деб ҳисобламайсизми? Оқибати яхши бўлмаса-чи?" мазмунидаги саволларга жавоб Путин қатъий қилиб: "Йўқ, бу хато эмас, бу - стратегик қарор эди. Оқибати яхши бўлади, чунки биз ҳақмиз", деб жавоб берди.

Иқтисодий аҳвол - рублнинг қадрсизланиши, нефть нархининг тушиши ҳамда бунинг ортида Ғарб ҳукуматларининг Россияни чўктириш учун қурган "фитнаси" тургани ҳақидаги тахминларга жавобан Россия президенти шундай жавоб берди:

"Мана мисол учун, нефть нархи тушди. Нима сабабдан? Чунки, таклиф ошди... "Исломий давлат" қора бозорда сотаётган баррели 30 долларлик ноқонуний нефть пайдо бўлди. Саудия Арабистони қазиб олишни кўпайтирди... Бунинг ортида дунё энергетик бозоридаги ҳамкорларимизнинг аввалдан маълум мақсадга йўналган ҳаракати ҳам бор, ҳам дейлик. Лекин, натижа қандай? Бу миллий валютамиз қадрсизланишига сабаб бўлаяпти, тўғри... Лекин, бюджет ҳисоб-китобларини биз долларда юритмаймиз-ку. Аввал биз бир доллар турган товарни сотиб, 32 рубль олардик. Энди эса 45 рубль олаяпмиз. Бюджет кирими ҳам ошдику. Яъни, бу вазият аҳволни оғирлаштиради, аммо фақатнинг бизнинг эмас, ҳамкорларимизнинг ҳам аҳволини оғирлаштиради", деди Владимир Путин.

Ғарб давлатлари билан муносабатларнинг ёмонлашаётгани ҳақидаги саволларга жавобан президент орада яна "темир парда" пайдо бўлишини истамаслигини айтди.

Айниқса, Австралиянинг Брисбен шаҳрида ўтган Катта йигирмалик саммитидаги вазият - Путин билан Обаманинг "оёқда туриб" суҳбатлашиши даражасида Россия-АҚШ муносабатлари совуқлашгани ҳақидаги саволга жавобан Путин:

"Мен амбицияларимни қондириш учун президент бўлмадим. Агар Россия манфаатларини менсимасалар, менга шахсий амбициямни қондиришдан фойда йўқ. Бу ҳолда биз меҳмонга эмас, иш муҳитида учрашиш учун борамиз. Бунинг нима ноқулайлиги бор? Менга натижа муҳим... Биз АҚШ президенти билан танишмиз, табиий муносабатларимизни жуда яқин деб айтолмайман, аммо у ақлли одам ва бу вазиятни тўғри баҳолашга қодир", деди Путин.

Президентлик курсисида яна қанча қолиш нияти борлиги ҳақида сўралганида Путин "кайфиятидан" келиб чиқиб қарор беражагини таъкидлади:

"Конституция томонидан белгиланган муддат бор... Гарчи унда (2018 йилда номзодни илгари суриш) имконият кўзда тутилган бўлса-да, бу мен шундай қарор қабул қиламан, дегани эмас. Мен умумий вазият ва шахсий кайфиятимдан келиб чиқиб қарор бераман. Лекин бунгача ҳали анча сув оқиб ўтиши керак", деди Путин.

Шунингдек, у оилавий ҳаётига оид баъзи саволларга ҳам жавоб берди ва жумладан, Ғарбда яшаши айтилган икки қизининг Россияда экани, улар билан ойда икки маротаба ўз уйида кўришиб туришини ҳам айтиб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG