Линклар

logo-print

Президент Ислом Каримов ўзбек газини Россиянинг "Лукойл" ширкати кореяликлар билан ўзлаштириши тўғрисида қарор қабул қилди


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов “Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” ширкати билан Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ўртасида шартнома имзолаш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Шартномага кўра, Россияга қарашли “Лукойл” ширкатининг Ўзбекистондаги шўъбаси кореяликлар билан Қандим газ конида умумий қиймати 2,662 миллиард АҚШ долларига тенг газни қайта ишлаш заводини қуриши режалаштирилмоқда.

Президент Каримовнинг қарорида айтилишича, “Hyundai” ширкати газни қайта ишлаш иншоотини қуришга доир тендерда ғолиб чиққан. Корея ширкати Қандим конида қуриладиган заводни бошдан охиригача қуриб битказиши кўзда тутилмоқда.

Президент қарорига кўра, Қандим газни қайта ишлаш заводининг биринчи қисми 2018 йилнинг биринчи июлигача ишга туширилиши керак.

Шунингдек, президент Каримов Қандим конлар гуруҳига кирувчи “Хавзак”, “Шоди” ва “Қўнғирот” участкаларидан қазиб олинадиган энергия воситаларига доир маҳсулотни тақсимлаш келишуви муддатини етти йилга узайтириш тўғрисидаги қарорни ҳам маъқуллади.

Россиянинг “Лукойл” ширкати Ўзбекистон газини қазиб олиш ва экспорт қилишда иштирок этадиган йирик хорижий ширкатлардан биридир.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метр газ қазиб олиши айтилади. Унинг 30 фоизидан ортиқроғи Россия ва Хитойга экспорт қилиниши тахмин этилади.

Расмийлар ўзбекистонлик истеъмолчи ҳиссасига ўзбек газининг асосий қисми тўғри келишини айтиб келса-да, мамлакат аҳолиснинг аксар катта қисми бир неча йилдан бери қиш мавсумида газ тақчиллигини бошдан кечиради.

XS
SM
MD
LG