Линклар

Қозоғистонда "жиҳодчи қозоқ болалар" видеосига тўсиқ қўйилди


"Жиҳодчи қозоқ болалари" фильмидан олинган сурат

"Жиҳодчи қозоқ болалари" фильмидан олинган сурат

Қозоғистонда "жиҳодчи қозоқ болалар" видеоси ва ушбу видео ҳақида маълумот берган мақолаларга тўсиқ қўйилди. 22 ноябрь куни “Исломий дaвлaт” гуруҳи қозоғистонлик экaни aйтилгaн болaлaрнинг ҳaрбий мaшқлaрдaн ўтaётгaни aкс этгaн видеолaвҳaни эълон қилди.

Бритaниянинг Daily Mail нашри хабарига кўра, “Исломий давлат” радикал гуруҳи жиҳодга тайёрланаётган қозоқ болалари ҳақидаги видеони ижтимоий тармоқларга 22 ноябрь куни жойлаштирган.

Видеода қозоқча гапираётган болалар акс этган бўлиб, уларнинг Қуръон ва араб тилидан дарс олаётгани тасвирланган.

Тасвирлар давомида болаларнинг ҳарбий кийимда, қўлида қурол билан ҳарбий тайёргарлик машқларида иштирок этаётгани акс этган. Болалар Калашников автоматини қанчалик бошқара олишларини намойиш қилишади.

"Жиҳодчи қозоқ болалари" ҳақидаги фильмдан скриншот

"Жиҳодчи қозоқ болалари" ҳақидаги фильмдан скриншот

Болалардан бири ўзинини қозоғистонлик Абдулла деб таништириб, катта бўлганида мужоҳид бўлишини айтади.

Видеода гапирган бошқа бир бола эса “Кофирларни ўлдириш учун ушбу лагерда ўқиб, машқ қилаяпмиз”, дейди.

Видеолaвҳa қaчон тaйёрлaнгaни бўйичa aниқ мaълумот йўқ. Daily Mail нaшрининг ёзишичa, лaвҳa “Исломий дaвлaт” гуруҳининг “Aл Ҳaёт” медиa мaркaзи тaрaфидaн тайёрланган.

Ушбу видео ва бу ҳақда хабар қилган мақолалар, жумладан, Озодлик радиосининг қозоқ хизмати сайтидаги "жиҳодчи қозоқ болалар" видеоси ҳақидаги мақола Қозоғистонда тўсиб қўйилди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Сарим ушбу видео жамоатчиликни ваҳимага солиш учун тарқатилган деб ҳисоблайди. Айни пайтда сиёсатшунос бу каби видеоларни тўсиш орқали натижага эришиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

“Менимча, Интернетдаги мақолаларга тўсиқ қўйиш орқали муаммо ечимини топиш мушкул. Ҳукуматимиз қўлидан фақат тўсиқ қўйиш ва ёпиш келади. Албатта видеони кенг миқиёсда тарқалишига имкон бермаслик зарур. Айни пайтда бу видеони ҳатто телевидение орқали намойиш қилиш лозим. Фақат уни “Мана кўринг, жиҳодга отланганлар қай аҳволга келишди, болаларингиз ва невараларингизни асранг” деган мазмунда бериш керак”, деган сиёсатшунос Қозоғистонда экстремизмга қарши кураш усулларини ўзгартириш лозим деган фикрни ҳам билдиради.

Жиҳод майдонига ташланган ўзбек болалари

Жиҳод майдонига ташланган ўзбек болалари

Интернетда жиҳод майдонига ташланган ўзбек болалари ҳақида ҳам видео тарқатилган. 2009 йилда Youtubeда тарқатилган видеода 30 нафарча ўзбек болаларининг Бадр (Бадр Ислом пайғамбари ғолиб келган жанг) деб аталган мадрасада ҳарбий таълим олаëтгани акс этади.

Айрим халқаро ташкилотларга кўра¸ Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида жиҳод қилаëтганлар орасида камида 1000 нафар ўзбек болалари бор. Болалиги ўйингоҳ эмас¸ қонли жанггоҳларда кечаëтган бу болалар ўзбек жамияти эртаси учун таҳдид сифатида кўрилмоқда.

Суриядаги жангарилар сафида МДҲдан 1500 нафардан ортиқ ёлланма жангарилар қатнашаëтгани ва уларнинг аксарияти ўзбеклар экани айтилмоқда.

Қирғизистон Дин ишлари давлат комиссияси маълумотига кўра, Суриядаги қирғизистонлик жангариларнинг аксари ҳам ўзбеклардир.

Ўтган ой охирида Ўш вилоятининг Аравон туманидан икки оила бола-чақаси билан Сурияга жиҳод қилиш учун кўчиб кетгани аниқланди. Бундан ўн беш кун аввал Ўш шаҳар милицияси 9-синф ўқувчиси ўз синфдошларини “Сурияда жиҳод қилишга чорлагани” ҳақида маълумот тарқатган эди.

XS
SM
MD
LG