Линклар

logo-print

Америкалик саккиз сенатор Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, сиёсий махбуслар - Аъзам Турғунов, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжон ва Бобомурод Раззовларнинг озод этилишини талаб этди.

АҚШнинг саккиз сенатори 24 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ хат йўллаб, адолатсиз қамалган инсон ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларни озод қилишни сўради.

Хатга демократ сенаторлар Ричард Дарбин, Роберт Менендез, Патрик Лиҳи, Ричард Блументал, Бенжамин Кардин, Барбара Боксер, Роберт Сэйси, ва республикачи сенатор Марк Кирк имзо чеккан.

Улар Ўзбекистонда қамалган ҳуқуқ фаоллари Аъзам Турғунов, Бобомурод Раззоқов, журналистлар Муҳаммад Бекжон, Дилмурод Саидов ва Солижон Абдураҳмоновларнинг озод этилишини талаб этганлар.

Бу америкалик сенаторларнинг Ўзбекистон раҳбарига айни мазмунда йўллаган иккинчи мактубидир.

"Аввалги мактубда ёзганимиздек, бешала махбуснинг қамалиши афтидан сиёсий сабабларга эга ва улар халқаро эътироф этилган ташкилотлар тарафидан виждон тутқуни деб эътироф этилган. Бешалови ҳам қамоқда касаллик орттириб, лозим тиббий муолажадан мосуво қолмоқда, уларнинг турмада қолиши ўзаро алоқаларимиздаги кўп тамойилларга мос келмайди", - дейилади мурожаатномада.

52 ёшли журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саидов 2009 йилда таъмагирлик айби билан 12,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳуқуқ фаоллари Саидов қамоқда оғир сил касалидан жабр кўраётгани, аҳволи кескин ёмонлашганини айтишади.

62 ёшли инсон ҳақлари фаоли Аъзам Турғунов 2008 йилда таъмагирлик айби билан 10 йилга қамалган. Ёши олтмишдан ошиб қолганига қарамай Турғунов қамоқда оғир меҳнатга жалб этилгани айтилади.

62 ёшли журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йилда гиёҳванд моддалар савдоси айби билан 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган. У ошқозон яраси зўрайиши туфайли Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанмоқда.

60 яшар Муҳаммад Бекжон 1999 йил 16 февраль кунги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган. Маҳкамада ўзига қўйилган айбларни рад этган ва тергов пайтида қийноққа солинганини билдирган.

Муҳаммад Бекжон мухолифат етакчиси, Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укасидир. Унинг жазо муддати 2012 йилнинг февраль ойида тугаб, озодликка чиқарилиши керак эди. Фаолнинг саломатлиги борасида ҳавотирлар изҳор қилинади. Уннинг қамоқ муддати давомли тарзда узайтириб келинади.

62 яшар фермер Бобомурод Раззоқовни икки йил аввал Ўзбекистон суди тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилган. Суд Раззоқовни одам савдосида айбдор деб топган эди. Раззоқовнинг ҳам қамоқда аҳволи оғирлашгани айтилади.

"Бу тутқунлар соғлиқларининг ёмонлиги ва уларга етарлича тиббий ёрдам берилмаётгани хабар қилинади. Улар зудликда озод қилиниши керак", - дейилади мактубда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG