Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:32

Ўшда ўзбек тили ва адабиёти дарсликлари чоп этилди


Ўшдаги ўзбек мактаблари ўқувчилари ўзбек тили ва адабиёти бўйича 3 мингдан ортиқ дарслик билан таъминланди. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Ўш шаҳар Таълим бошқармаси раҳбари Қуштарбек Кимсановга кўра, ҳозирда ўзбек мактаблари 80 фоиз китоб билан таъминланган. Айни пайтда Ўшдаги ўзбек мактабларида китоб етишмовчилиги энг катта муаммолардан бири ҳисобланади.

Жорий ойда Ўш шаҳар Маориф бошқармасига Қирғизистон Маориф вазирлиги томонидан ўзбек тили ва адабиёти бўйича 3140 дона китоб келди. Бу китобларнинг умумий баҳоси 460 минг сомдан ортиқ (8000 минг АҚШ долларига яқин) маблағни ташкил этади.

Бунга қадар Ўш шаҳар Маориф бошқармасида бўлиб ўтган турли йиғинларда ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан ўзбек тилидаги дарсликларнинг етишмаслиги масаласи кўп тилга олинган.

Ўш шаҳар Маориф бошқармаси раҳбари Қуштарбек Кимсановга кўра, шаҳар мактабларида китоб тақчиллиги 35 фоизни ташкил қилади ва янги китиблар чоп этилгач бу етишмовчилик миқдори камайди:

- Ўш шаҳрида бу йилги ўқув йилида китоб билан таъминланиш барча мактаблар даражасида 65 фоизни ташкил қилди. Қирғиз тилида ўқув китоблари бўйича 90 фоиз, рус мактабларида ўқиш китоби билан таъминлаш 42 фоизни, ўзбек тилидаги мактабларда эса 62 фоизни ташкил қилган,- дейди Қуштарбек Кимсанов.

Суҳбатдошга кўра, тилга олинган рақамлардан ташқари ота-оналар жамғармаси ҳисобидаги китоблар ҳам мавжуд.

Ҳозирда Ўшда мавжуд бўлган ўзбек тилидаги ўрта таълим мактаблари математика, биология, тарих, физика, химия, каби фанлардан китоблар йўқлиги сабабли ўқувчилар қирғиз тилидаги дарсликлардан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

- Қирғиз мактаблари учун чиққан китоблардан фойдаланилмоқда. Масалан тарих фанидан шунақа бўлаяпти. Тил "барьер"и озроқ бўлгани учун ўзбекчага таржима қилиб ўқитишаяпти. Аммо барибир қийинчилик бор. Сабаби, ўқитувчилар жонли мулоқотда бўлавериши мумкин қирғиз тилида, лекин фанга оид бўлган илмий терминларда қийин бўлаяпти,- дейди ўшлик мактаб ўқитувчиларидан бири Муҳаммаджон Охунов.

Қирғизистонлик ўзбек ўқувчиларининг китоб муаммосини ҳал қилиш, ўзбек тили дарслари бўйича ўқув дастурларининг озайишининг олдини олиш учун маҳаллий ўзбек ўқитувчилари Қирғизистон Маориф вазирлигига ҳам мактуб жўнатишган.

Ўзбек зиёлилари мактубида, Ўзбекистон ва Тожикистондаги бошқа миллат вакиллари учун ўқув режалар қандайлиги кўрсатилган ва ўртадаги фарқ бўйича намуналар келтирилган. Шунингдек, хатда Қирғизистондаги ўзбек тили дарсларининг жуда кўп қисқартирилгани тўғрисидаги фикрлари ёзилган.

Қирғизистонда сўнгги марта 6, 7, 8-синф ўқувчилари учун она тили ва адабиёти дарсликлари 2012 йилда чоп этилган.

Ўш шаҳар таълим бошқармаси раҳбари Кимсанов ўзбек мактабларида физика, тарих ва бошқа фанлардан ўқув китобларининг етишмаслигини тан олиб, масалани ҳал қилишда электрон китобларга ўтиш ташаббуси кўтарилаётганини айтади. Унга кўра, агарда бу масала кейинги йилдан амалга оширилса, ўқув китобларининг етишмаслиги сезиларли даражада озайиши кутилмоқда.

2010 йил воқеаларидан сўнг ўзбек мактабларида қирғиз ва рус тили синфлари, қирғиз мактабларида эса рус тили синфлари ташкил қилинган. Ҳозирда Ўшдаги 10та ўзбек мактабида рус тили синфлари бор.

XS
SM
MD
LG