Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Россия беларус ва қозоқлар қадоқлаётган Ғарб маҳсулотларини ҳам тақиқлади


Россияда Ғарбдан олинган ҳомашё ёки тайёр озиқ-овқатларнинг Қозоғистон ва Белорусда қадоқланган импорти ҳам тақиқланди. Ғарб маҳсулотлари контрабандаси устидан ҳам назоратни кучайтираётган Россельхознадзор қора рўйхатига истеъмолчилар талаби катта бўлган беларус креветкалари, хом қуритилган чўчқа гўшти, сара пишлоқлар ва денгиз балиқларининг бир неча тури киритиб қўйилди.

"Беларус транзитига тақиқ" номини олиб улгурган бу чеклов Россельхознадзор бошчилигида мамлакатнинг Беларус ҳамда Қозоғистонга туташ чегараларида олиб борилган суриштирувлардан сўнг жорий этилди.

Текширувлар натижасида Москва жорий қилган тақиққа тушган қатор Ғарб озиқ-овқат маҳсулотлари яширин тарзда мамлакатга олиб кирилаётгани, бундан ташқари, бу икки давлатда қадоқланаётган Ғарб озиқ-овқатлари ҳажми ортгани аниқланди.

Айниқса, Қозоғистондан олиб кирилаётган контрабанда озиқ-овқат маҳсулотларига "Қозоғистонда ишлаб чиқарилган", деган сохта тамға қўйилаётгани ҳам қайд этилди. Айни вазият Беларус билан чегараларда ҳам қайд этилди.

Россельхознадзор ғазабига учраган ва ижтимоий тармоқларга номи тушиб, мутойиба қилинаётган маҳсулотлар орасида беларус креветкалари, хом қуритилган чўчқа гўшти, сара пишлоқлар ва денгиз балиқларининг бир неча тури бор.

Беларус иқтисодчилари Европа давлатларидан бораётган сабзавот ва меваларни қайта қадоқлашнинг ўзидан ишбилармонлар 700 миллион доллар атрофида фойда кўрганини айтмоқда. Маҳсулотни қайта ишловчи корхоналар эса Беларусда кун сайин ошмоқда.

Беларус статистика қўмитасидан олинган маълумотга кўра, сўнгги 9 ой ичида Россияга экспорт қилинган гулмоҳи (форель) балиқлари ҳажми 500 маротаба, нимталанган курка гўшти экспорти 300 маротаба, креветка ва молюскалар экспорти қарийб 200 маротабага ошган.

Бундан ташқари, ноябрь ойи бошидан буён Россельхознадзор Ғарбда ишлаб чиқарилган ва мамлакатга ноқонуний кирилаётган 7,5 минг тоннадан ортиқ гўшт, 11 минг тонна мева ва сабзавотни тўхтатганини маълум қилди. Булар, асосан бақлажон, олма ва нокдир.

Экспертларнинг ҳисобича, ушлаб қолинган бу маҳсулотлар Беларусдан Россияга борадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларининг 10 фоизини ташкил қилади.

Москванинг Ғарб маҳсулотларига тақиқи ортидан Беларус давлат бюджетига шу йилнинг ичида қўшимча 5 миллион доллар кирим бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Канада ва бошқа Европа давлатларидан сотиб олинган хомашёдан шитоб билан қайта ишланаётган беларус маҳсулотларининг сифати тушиб бораётгани ҳам Россельхознадзор томонидан алоҳида танқид қилинди.

Натижада, сут ва гўшт маҳсулотлари сифатига эътирозлар ортидан бир неча беларус ширкати маҳсулотларини Россияга олиб кириш 24 ноябрдан бошлаб тақиқлаб қўйилди. Бундан ширкатлар сони тез орада ошиши мумкинлиги ҳам айтилди.

Россельхознадзор шу тариқа Москва тақиқлаган Ғарб маҳсулотлари контрабандасига кўз юмаётган Беларус ҳукуматидан норозилигини билдирди. Аммо, Беларус масъуллари Россия томони норозилигини "ноҳақ айблашга уриниш" деб баҳоламоқда.

Айни пайтда Беларус ҳукуматини Россиянинг бугунги аҳволидан фойдаланишга, шунинг ортидан пул ишлаб олишга уринишда айблаётганларга, умумиятла шу вазиятнинг келиб чиқишига масъул кўрилган Россия ҳукуматининг ўзини айбловчилар қарши чиқмоқда.

Зеро, ҳукумат эмбаргоси ортидан бизнеси ўтириб қолган рус ширкатларининг беларус ҳамкасбларини яшринча бизнесга тортаётгани, бунда ҳукумат вакилларининг ҳам қўли борлигига оид иддаолар устида суриштирувлар бошлангани ҳам айтилмоқда.

Лекин бундан ҳам муҳими – истеъмолчиларнинг эҳтиёжидир.

Россиянинг импорт озиқ-овқатлар бозорида кўп пулланган ва катта даромад келтирган егуликлар сирасида дудланган ёки қуритилган чўчқа гўшти, сара пишлоқлар ва денгиз маҳсулотларини ҳиссаси катта. Шу боис, тақиқлаш йўли билан бу маҳсулотларни ўртаҳол ва пулдор россияликларнинг кундалик рационидан чиқариб ташлаш мумкинлигига шубҳа қилувчилар ҳам оз эмас.

XS
SM
MD
LG