Линклар

24 ноябрь куни Россиянинг Тюмен вилоятидаги “Рошчино” аэропортида депортация қилинган ўзбекистонлик 47 ёшли Раъно Тўхтаназарова вафот этди. Муҳожир аёлда юрак ҳуружи юз берганини тахмин қилаётган терговчилар унинг яқинларини қидирмоқда.

Тюмень шаҳридаги “Рошчино” аэропортининг халқаро бўлимида Ўзбекистонга чиқариб юборилаётган аёлнинг аҳволи ёмонлашиб, тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келгунга қадар вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка Урал Федерал округи бўйича Тергов қўмита бошқармаси навбатчилик бўлими офицери маълум қилди:

- Тўхтаназарова Раънохон Икромовна, 1967 йилда туғилган. Андижон вилоятидан. Соат кундузги 2-даги рейсда жўнатилаётганида аҳволи бирданига ёмонлашиб, тиббий ходимлар кўмагига қарамасдан вафот этди. Терговчиларимиз унда юрак ҳуружи содир бўлганини тахмин қилмоқда. Аммо якуний натижани суд-тиббий экспертиза кўрсатади. Ўзбекистонлик аёл кеча вафот этган бўлса, бугун аллақачон суд-тиббий экспертизадан ўтган бўлиши керак,- деди навбатчи офицер.

Тюмень вилоятининг Транспорт Тергов бошқармаси ходимлари Раънохон Тўхтаназарова бунгача вилоятнинг Курган шаҳрида истиқомат қилиб келгани ва миграция қонунчилигини бузгани сабабли суд қарори билан депортация қилинганини маълум қилишди.

Аэропортга марҳума аёл суд приставлари назорати остида келгани айтилди.

Тюмень вилояти Тергов қўмита бошқармаси бошлиғи Сергей Салмоновнинг Озодликка айтишича, ҳодиса жойига борган терговчилар гувоҳларни сўроқ қилган, тафсилотлар ўрганилиб, Тўхтаназарова бундан олдин тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилмаган.

Салмонов Раънохон Тўхтаназарованинг Андижондаги яқинларига хабар беришда кўмаклашишни сўради:

- Сиз унинг яқинларини топиб беришда кўмаклашворинг. Яқинлари келишса, биз савол-жавобдан кейин уларга вафот этган аёлнинг шахсий буюмларини бериб юборишимиз керак. Ҳозир мурда Тюмень шаҳар моргида. Биз аниқлашимизча, Тўхтаназаровани депортация қилиш тўғрисида суд қарори бўлган ва у “Тюмень-Тошкент” рейси бўйича учаётган самолётга чиқарилаётган пайтда, аниқроғи, паспорт назоратидан ўтганидан кейин ўзини ёмон ҳис қилган ва ҳушидан кетган. Энг асосийси - унинг яқинларига тезроқ хабар бериш ва ўликни тезроқ олиб кетиш. Акс ҳолда уни умумий қабрга кўмиб юборишлари мумкин,- деди тергов раҳбари Сергей Салмонов.

Россия ИИВ маълумотига кўра, 2014 йилнинг 9 ойи давомида Россияда миграция қонунчилигини бузган 30 минг хориж фуқароси суд қарорларига мувофиқ депортация қилинган.

Россия Федерациясидан бадарға қилинаётганларнинг асосий қисми Ўзбекистон фуқароларидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG