Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:40

56000 муҳожирни қайдга олган россиялик ҳуқуқ фаоли жавобгарликка тортилди


Москвада 56 минг меҳнат муҳожирини қайдга олганликда айбланаётган ҳуқуқ фаоли Павел Коваленко устидан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ ҳимоячиси "Россия қонунларига мувофиқ иш тутгани ва қонунни бузмаганини" гапириб берди.

Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи минтақалараро "Ҳимоя" касаба уюшмаси котиби москвалик 33 яшар Павел Коваленко Россия пойтахтининг Симоновская туманлараро прокуратураси томонидан ЖКнинг “Ноқонуний миграцияни ташкил этиш” моддаси асосида айбланмоқда.

Айбловчилар ҳуқуқ фаоли Павел Коваленкони 2013 йилнинг январидан 2014 йилнинг июнига қадар ўз ташкилотига қарашли иккита манзил бўйича 56 минг хориж фуқаросини қайд эттиргани тўғрисида билдиришнома юборганликда айбламоқда. Прокурорлар “Ҳимоя” ташкилоти шунча мигрантни икки ва уч хонали квартираларга тиркаган, демоқда.

“Ҳимоя” касаба уюшмаси котиби фикрича, у қонунга мувофиқ иш тутган, қайдга олиш-олмаслик масаласи билан эса Федерал миграция хизмати шуғулланади:

- 56 минг киши бу муҳожирларнинг умумий сонидан 0,2 фоизни ташкил этади. Қолаверса, бу бир кунда қайдга олинганлар эмас – улар 2 йил давомида қайдга турган. Гап шундаки, Россияда қонунга мувофиқ ҳар бир фуқаронинг бир нечта истиқомат қилиш жойи бўлиши мумкин. У қаердадир ишлаши, ўқиши, уйни ижарага олиши, жамоатчилик ишлари билан шуғулланиши, бирданига 3 жойда меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин. У бу жойларда яшаши ҳам мумкин! Россия Конституциясига мувофиқ, ҳар бир инсон ўз яшаш жойини ўзи танлаш ҳуқуқига эгадир, дейди Павел Коваленко.

Ташкилот юристининг фикрича, “Ҳимоя” ташкилоти Россия ҳудудида ишга рухсат берувчи патентларни расмийлаштиришда визасиз бўлган МДҲга аъзо давлатлардан, жумладан Ўзбекистондан келган ишчи мигрантларни ФМСнинг расмий идоралари кўмагида қайдга олиб келган ва қонунга хилоф иш тутмаган.

- Россия Федерал миграция хизмати томонидан менга юборилган расмий ҳужжатда бу 56 минг кишининг барчаси Россияда қонуний қайдда турганлиги тўғрисида билдирилган. Улардан, масалан, бизга иттифоқдош бўлган Белоруссия фуқаролари қандай қилиб Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келиши мумкин?! Қонунга кўра, мен бу одамларни ташкилотимиздан топиш мумкинлиги тўғрисида тегишли идораларга билдирувнома юборганман. Мен ҳозир прокуратуранинг актини қўлимга оламан ва судолди эшитувларида бизга қўйилаётган айбловларни бекор қилишга уриниб қўрамиз, деди Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш "Ҳимоя" ташкилоти котиби Павел Коваленко.

Симоновский туманлараро прокуратурасида меҳнат муҳожирлари Россия қонунчилигига мувофиқ қайдга турган жойи бўйича яшаши кераклиги ва доимий назорат остида бўлиши кераклигини билдиришди. “Бу одамларнинг аксари у ерда яшамаган ва ишламаган”, дейилади прокуратура тушунтириш хатида.

Агар Павел Коваленко бошқараётган ташкилотга қўйилаётган айбловлар судда ўз исботини топса ноқонуний миграцияни ташкил этгани учун у 300 минг рублгача жаримага ёки 5 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Айни пайтда, Россия ҳукумати айниқса мамлакатнинг марказий минтақалари ва йирик мегаполисларида миграция қонунчилигини кескинлаштиришни давом эттирмоқда.

Москва шаҳар Думаси қарорига мувофиқ, 2015 йилнинг 1 январидан Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирлари Россия пойтахтида 4 минг рубль турувчи патент сотиб олиб меҳнат қилиши мумкинлигини белгилаб берди.

Ундан ташқари, мигрантлар рус тилидан имтиҳон топшириши, бармоқ изларини топшириши ва тиббий суғурта полисига эга бўлиши шарт этиб кўрсатилди. “Коммерсантъ” нашрининг ҳисоб-китобига кўра, легал тарзда меҳнат қилишни истаган муҳожир йилига ўртача 90 минг рубль миқдорида тўловларни амалга ошириши зарур бўлади.

XS
SM
MD
LG