Линклар

Бугун Украинанинг янги сайланган парламенти биринчи тантанали мажлисини Верховний Рада раиси Владимир Турчинов очди.

Парламентнинг биринчи мажлисида янги сайланган депутатлардан ташқари Украина экс-президентлари Леонид Кучма, Леонид Кравчук ва Виктор Ющенколар, бош вазир Арсений Яценюк, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари ҳозир бўлди.

Мажлис иштирокчилари Киев Майдонида ҳалок бўлган “Самовий юзлик”ни ҳамда Украина шарқидаги махсус амалиётлар чоғида ҳалок бўлганларни бир дақиқа сукут сақлаш билан хотирладилар.

Янги сайланган депутатлар ёппасига қасамёд келтирдилар.

26 октябрда ўтган сайловда президент Петро Порошенко ҳамда Бош вазири Арсений Яценюк раҳбарлигидаги сиёсий блоклар парламентдаги кўпчилик ўринларни эгаллашга муваффақ бўлган эди.

Парламентдаги 421 ўриннинг 288тасини ҳукмрон коалиция тузишга келишиб олган беш ғарбпараст партия вакиллари эгаллаган. Шунга қарамай, партиялар ўртасида янги ҳукуматни шакллантириш юзасидан музокаралар узоққа чўзилиб кетди. Порошенко 25 ноябрда музокараларнинг самарали якунланишини таъминлашга ҳаракат қилишини билдирган.

Таҳлилчиларга кўра, Порошенко ва Яценюк ўртасида ҳукуматдаги асосий портфеллар назоратини қўлга киритиш юзасидан рақобат мавжудлиги сабабли музокаралар чўзилиб кетмоқда.

XS
SM
MD
LG