Линклар

Фаоллар Гулнора Каримова пуллари ўзбек режимига қайтарилишига қарши


Швейцария бу маблағларни Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш мақсадларига йўналтириши энг тўғри йўл бўлади, дейди фаоллар.

Швейцария бу маблағларни Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш мақсадларига йўналтириши энг тўғри йўл бўлади, дейди фаоллар.

Муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари, собиқ сиёсий маҳбуслар Швейцарияда музлатиб қўйилган Гулнора Каримовага алоқадор пулларни ўзбек халқига қайтариш чақириғи билан чиқишди. Берн шаҳрида коррупция ва унинг инсон ҳуқуқларига таъсири мавзусида ўтаётган конференцияда иштирок этаётган ўзбек фуқаровий жамият вакиллари Швейцария ҳукуматига очиқ хат билан мурожаат қилиб, Ўзбекистонда коррупцион йўллар билан ўзлаштирилган бу пулларни яна ўзбек режими ихтиёрига топшириш номақбул бўлишини баён қилишди. Швейцария расмийлари мамлакат банкларида Гулнора Каримовага алоқадор 900 миллион АҚШ долларига яқин пулни музлатиб қўйган.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари”, Ўзбекистон-Германия форуми каби ташкилотлар ва қатор ҳуқуқ фаоллари имзо чеккан очиқ хатда Европа мамлакатларида олиб борилаётган жиноят ишлари юзлаб миллион доллар миқдоридаги бу пуллар жиноий йўл билан топилганига ишора қилиши айтилади.

Шу сабабдан мактуб муаллифлари музлатилган пулларнинг Ўзбекистон режимига қайтарилиши адолатсизлик бўлади, деган фикрни илгари сурмоқда.

“Мазкур маблағларнинг Ўзбекистон қайтарилши телекоммуникация сектори ҳамда Ўзбекистон давлат тизимида кенг қамровли коррупцияни урчитиб берган институционал шароитларнинг сақланиб қолишига олиб келади”, дейилари очиқ хатда.

Мактуб ташаббусчиларидан бири “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилоти раҳбари Надежда Атаева, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистон бош прокуратураси Гулнора Каримова дохил уюшган жиноий гуруҳга қарши жиноят иши очгани Тошкент режими Швейцарияда музлатилган маблағларни қайтаришга уринаётганидан даракдир, дейди.

- Шу сабабдан айни чақирув билан чиқишга қарор қилдик. Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримовага алоқадор қатор шахслар, жумладан, “Takilant Ltd.” оффшор фирмасининг расмий хўжайини Гаяне Авакянга қарши жиноят ишини очганига қарамасдан, ўзбек ҳукумати шу кунгача бундай кўламдаги коррупцияга олиб келган институционал муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳеч қандай қадамни амалга оширгани йўқ,- дейди Атаева.

Швейцария ҳукумати “Takilnat Ltd.” ширкатига доир пуллар ноқнуний йўл билан ўзлаштирилганини аниқлайдиган тақдирда, дейди Атаева, Швейцария ҳукумати бу маблағларни Ўзбекистонда ижтимоий ривожланиш ва коррупция оқибатида жабр кўрган ўзбекистонликларга ёрдам мақсадларига йўналтириши энг тўғри йўл бўлади.

Бунда фаоллар 2000-йиллар бошларида Қозоғистонда “Казахгейт” жанжалидан кейин Швейцария банкларида музлатилган юзлаб миллион доллар пулларнинг қозоқ ижтимоий соҳаси эҳтиёжлари учун ишлатилганини мисол қилиб келтирмоқда.

Лекин, “Казахгейт” жанжалидан кейин Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев музлатилган маблағларнинг ўзига алоқаси йўқлиги ва уларнинг мамлакат ижтимоий соҳасини ривожлантириш учун сарфланишига розилик берган эди.

Айни пайтда, Гулнора Каримовага алоқадор экани айтилаётган 900 миллион долларнинг ноқонуний йўллар билан топилганини исботлаш осон кечмаслигини айтмоқда таҳлилчилар.

Кўп йиллардан бери Ўзбекистонда коррупция ва инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиб келаётган Алан Делетроз ҳозирда “FRIDE” таҳлил маркази раҳбарларидан бири. Жаноб Делетрознинг фикрича, Гулнора Каримовани пул ювишда гумонлаётган Швейцария расмийларининг буни исботлаш имкониятлари чекланган.

- Ҳуқуқий жиҳатдан ўрганилаётган қонунбузарлик Ўзбекистон ҳудудида содир этилган. Ўзбекистон ҳукумати жиноят иши очганига қарамасдан, Швейцария ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик қилишга ошиқмаётганини кўриб турибмиз. Шунинг учун бу пуллар ноқонуний йўллар билан топилганини исботланиши эҳтимоли жуда чеклангандир. Ўзбек ҳуқуқ фаоллари илгари сураётган ташаббус эса, афсуски, фақат Швейцария ҳукумати пулларнинг ноқонуний эканини исботлаганидан кейингина амалга кўчиши имконияти пайдо бўлиши мумкин,- дейди таҳлилчи.

Гулнора Каримова ва унга алоқадор қатор шахслар Швейцария, Швеция, Франция, Ҳолландия, Латвия ва яна бир неча мамлакатда катта миқдорда пора олганлик ва пул ювганликда гумонланиб, тергов қилинмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси сентябрь ойида Гулнора Каримова “уюшган жиноий гуруҳ”га аъзоликда гумонланаётганини эълон қилди. Бу иш доирасида жиноий гуруҳга алоқадор деб кўрилаётган Гулнора Каримовага яқин шахслар, жумладан Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакянлар шу йил бошроғида Ўзбекистон ҳарбий суди томонидан одам ўғирлаганликда айбдор деб топилиб, кўп йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилган эди.

Европа давлатлари Гулнора Каримовани, хусуасан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик телеком ширкатларидан юзлаб миллион ақш доллари миқдорида пора олиб, уларни турли коррупцион схемалар ёрдамида легаллаштирганликда айбламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG