Линклар

logo-print

Қирғиз чегарачилари машина юкхонасида яширинча Қирғизистон ҳудудига ўтмоқчи бўлган беш нафар ўзбекистонлик аёлни қўлга олди. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Озодликка Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева маълум қилди. Унинг айтишича, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач ўзбекистонлик аёллар Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Боткен вилоят Қадамжой туман бўлимига ўтказиб берилган.

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Борубаевага кўра, воқеа 26 ноябрь куни Боткен вилояти билан Фарғона вилояти ўртасидаги Қадамжой чегара пунктида содир бўлган:

- Қирғизистон чегарачилари қирғизистонлик аёлни тўхтатган. Текширув чоғида унинг автомашинасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги аниқланган. Беш ўзбекистонлик аёл қирғизистонлик аёлга тегишли бўлган “AUDI” русумидаги машина юкхонасида яширинча Қирғизистон ҳудудига ўтмоқчи бўлган, - дейди Гулмира Бўрубаева.

Унга кўра, Ўзбекистон фуқароларида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган.

- Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг қўлга олинган шахслар Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Қадамжой туман бўлимига ўтказиб берилди, деди Гулмира Бўрубаева.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот котиби ҳибсда ушлаб турилган ўзбекистонлик аёлларнинг шахсига оид маълумотларни бермади.

27 ноябрь куни ўзбекистонликлар билан боғлиқ Қирғизистонда юз берган яна бир воқеа тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Шу куни Бишкек шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, бошқарманинг 10- бўлими ходимлари томонидан Бишкекдаги қурилишлардан бирида тегишли ҳужжатлари бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинган.

Қанча одам қўлга олингани очиқланмаган ҳабарда айтилишича, текширув давомида қўлга олинган шахсларнинг қирғиз-ўзбек чегарасидан ўтиши ва уларнинг ишга жойлашишига бишкеклик Бектур исмли йигит кўмаклашгани маълум бўлган.

Ўзбекистон ва Қирғизистондан икки томонлама қатнов фақат Жалолободдаги “Маданият” чегара пунктида амалга оширилади.

Шу кунда бу чегара-ўтказиш пункти икки давлат фуқаролари қатнови учун икки томонлама тартибда очиқ турган ягона ўтказиш пунктидир.

Қирғизистоннинг Ўш, Ўзбекистоннинг эса Андижон вилояти ўртасида жойлашган "Дўстлик" чегара пункти эса фақат Ўзбекистон ҳудудидан транзит асосида ўтувчи хориж фуқароларига очиқдир.

Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бу пунктдан ўтиб-қайта олмайдилар. Фақатгана Қирғизистон фуқаролари "Дўстлик" чегара-ўтказиш пункти орқали Ўзбекистондан чиқиб кетиши мумкин, холос.

Шу сабаблими сўнгги ойларда икки давлат чегарасида чегара бузиш ҳоллари кўп кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда қурол қўлланилган ва фуқаролар чегарачилар ўқидан вафот этган.

Масалан, Қизилқия-Қадамжой автойўлида 10 ноябрь куни Ўзбекистон чегарачилари фуқароларга қарши қурол қўллагани оқибатида тўрт нафар ўзбекистонлик ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Марказ қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро тан жароҳати олганди.

22 октябрь куни Ҳайдаркон чегара отряди чегарачилари чегарани бузиб ўтган 3 ўзбекистонликни қўлга олган. Маълум бўлишича, қўлга олинган Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга келганига 60 суткадан ошиб кетган ва Қирғизистонда юриш ҳуқуқини берадиган ҳужжатни расмийлаштиришмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG