Линклар

Қамашидаги коллеждан ҳайдалган 30 ўқитувчи Оқсарой олдида пикет ўтказмоқчи


Ишдан ноқонуний бўшатилган қамашилик ўқитувчилар адолатни излаб тополмаяпти.

Ишдан ноқонуний бўшатилган қамашилик ўқитувчилар адолатни излаб тополмаяпти.

Жорий йилнинг апрель-июль ойлари мобайнида ишдан бўшатилган қамашилик ўттиздан ортиқ ўқитувчи, кутубхоначи ва бошқа техник ходимлар Озодликка арз қилди.

Шикоятчиларнинг иддаосича, Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги улар ишлаган “Ёртепа” қурилиш-саноат касб-ҳунар коллежининг директори Нодира Анварова Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузган, директор устидан қилинган арзларга эса, ҳеч ким қулоқ солмаяпти.

Озодликка шикоят қилган ўқитувчиларга кўра, "директор Нодира Анварова коллежда мутлақ ҳокимлик ўрнатиб олганлиги сабабли дипломли мутахассисларни ҳам ғайриқонуний ишдан бўшатиб юборган".

Коллежнинг ишдан бўшатилган информатика ўқитувчиси 32 яшар Дилфуза Баротованинг айтишича, у директорни танқид қилиб юрган ўқитувчи билан гаплашгани учун ҳам "штатдан қисқартирилган":

- Информатикадан дарс берардим. Бу йил пахтада 15 кун бўлганимиздан сўнг уйга қайтаётгандик, йўлда милиция ушлаб ортга қайтарди. Яна 5 кун пахта тердик. Ишга қайтганимиздан сўнг менга дарс бермай қўйди. Гуноҳимиз, директор билан жанжаллашиб, ҳақ талашиб юрган ўқитувчи билан саломлашиб, гаплашиб юрганимиз экан. Бу ўқитувчи бизни пахтадан олиб чиқиб кетган одам эди, деди Дилфуза Баротова.

Ўқитувчи пахтадан сўнг унга “мутахассис бўлмаганингиз учун сизга дарс берилмайди”, деган огоҳлантириш хати олганини айтар экан, директорнинг бу қарори қонунга зид эканлигини таъкидлайди:

- Лекин мен Ирригация институтининг инженер-педагог факультетини тугатганман. Ҳам инженер ҳам педагогман. Кейин вилоят касб-ҳунар таълими бошқармасига арз қилдим. Улар менинг ҳақлигимни айтишди ва директор 350 соат дарс беришга мажбур бўлди. Лекин ҳар-хил тазйиқлар давом этаверди, асабларим чарчаб мазам бўлмай қолди ва апрель ойидан ўз ҳисобимдан таътилга чиқдим. Июль ойида эса яна ишдан бўшатилганим ҳақида огоҳлантириш мактуби олдим. Битта мен эмас, коллеждаги йигирмадан ортиқ ўқитувчи ишдан бўшатиб юборилди, дейди ўқитувчи.

Касал бўлиб ишга чиқмай қолганлиги сабабли ишдан бўшатилган ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси 52 ёшли Муҳаббат Бекмуродованинг айтишича, директор ўқитувчиларни ишдан бўшатишда мутахассисликни эмас, балки таниш-билишчиликни андоза қилиб олган:

- Масалан, мутахассислиги тўғри келмаганлардан ҳам ўзига яқин одамларни олиб қолган, бошқаларга жавоб бериб юборган. Масалан, Рамиш Ниёзовни олиб қоляптида, ўшандай дипломи борларни ишдан ҳайдаяпти. Латофат Бердмуродова деган ўқитувчимиз эса уйида касал бўлиб бюллетенда ўтирган бир пайтда, унга огоҳлантириш хати жўнатган. Бакалавриатни битириб келган мутахассислар Жўраев Шерзод ва Сатим деган ёш мутахассисларни ҳам бўшатиб юборди. Умуман, жуда кўп ўқитувчилар ана шундай ғайриқонуний ишдан бўшатилган. Директорнинг кутубхоначи бўлиб ишга кирган келини олти ойдан буён ишга бормаса ҳам ойлик чиқиб ётибди, деди Муҳаббат Бекмуродова.

Кутубхоначи Зебо Ўринова эса шу кунгача ишдан бўшатилгани ҳақидаги буйруқни ололмаётганини таъкидлар экан, Тошкентга иш ахтариб келганини айтади:

- Мен огоҳлантириш ҳам, ёзма буйруқ ҳам олганим йўқ. Директор келиб ишдан бўшадиларинг, деб айтяпти. Тамом шу билан ишдан кетяпмиз. Расчет сўраб борсак, ҳужжатларимизни сўрасак бермаяпти. Бошқа жойга ишга кирайлик, десак иш дафтарчамиз коллежда қолган, бермаяпти. Яна бир ишдан ноқонуний бўшатилган ҳамкасбим Нилуфар Холтўраева билан Тошкентга иш излаб келдик. Аёлларнинг мардикор бозорига чиқишга мажбур бўляпмиз, деди Зебо Ўринова.

Ўқитувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси фаоли Раҳмат Дурсаевнинг айтишича, ишдан ноқонуний ҳайдалган ўқитувчилар шикоятларига ҳеч ким қулоқ солмаяпти:

- Ўттиздан ортиқ ўқитувчи ва ишчи-хизматчилар ноқонуний ишдан бўшатилгани ҳақида ички ишлардан тортиб вазирликкача мурожаат қилиб чиқишди. Лекин ҳеч ким бу муаммо билан шуғулланишни истамаяпти. Эртага яна Бош прокуратурага ариза топширамиз. Агар кўриб чиқишмаса ўқитувчилар билан Оқсарой олдида пикет ўтказамиз, деди Раҳмат Дурсаев.

Озодлик ўқитувчиларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун “Ёртепа” қурилиш-саноат касб-ҳунар коллежининг директори Нодира Анварова билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, директорнинг иш телефони ҳам, мобиль телефони ҳам жавоб бермади.

Ўзини коллежнинг бош бухгалтери Ўткир деб таништирган киши эса, "ўқитувчиларнинг ишдан бўшатилгани тегишли қонунлар асосида амалга оширилганини" айтар экан, "ишдан кетганлар билан барча сўнгги ҳисоб-китоблар қилинганини" таъкидлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG