Линклар

Тожикистонлик отинойи: “Видеодаги яланғоч аёл мен эмас!”


Можарога сабаб бўлган видеодан бир кўриниш.

Можарога сабаб бўлган видеодан бир кўриниш.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси фаоли, 51 яшар Ғалати Баротовага нисбат берилиб YouTube ижтимоий тармоғида пайдо бўлган ишқий манзара акс этган видеолавҳа тожик жамоатчилигида катта баҳс уйғотди. Отинойи Ғалати Баротованинг ўзи бу видеодаги аёл эмаслигини таъкидлаётган бўлса, Ислом уйғониш партияси фаоллари бу йўл билан ҳукумат партияни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлаётганини айтади.

YouTube ижтимоий тармоғида 19 ноябрь куни “Нури наҳзат” белгиси билан пайдо бўлган бу видеолавҳада кадр ортидан гапирган киши, меҳмонхонда яширин камера орқали тасвирга олинган ишқий лавҳа қаҳрамонларидан бири Хатлон вилоятининг Восе туманида истиқомат қиладиган Тожикистон ислом уйғониш партиясининг фаоли Ғалати Баротова эканлигини айтади.

Бу видеода катта ёшдаги аёл ўзидан анча ёш бўлган бир йигит билан жинсий яқинлик қилгани тасвирланган. Тасвирда йигитнинг юзи киши танимайдиган даражада бўяб кўрсатилади. Очиқ турган дастурхон атрофида йигит ва аёлнинг интим ҳаракатлари акс этади.

Озодлик радиоси тожик хизмати бу видео тарқалиши ортидан Ғалати Баротова билан ҳамсуҳбат бўлди. Отинойи бу видео унга нисбатан ғирт туҳмат эканлигини айтар экан, видеодаги аёл тамоман бошқа аёл, дейди:

- Юзи кўрсатилмаётган эркак билан ишқбозлик қилаётган аёл мен эмасман. Кимки бу видеони тарқатган бўлса, демак у мени ёмонотлиқ қилмоқчи. Видеони диққат билан кўрган одамнинг ўзи унинг мен эмаслигимни ажратиб олади. Менга нисбатан бундай туҳматлар уюштирган одамларга лаънатлар бўлсин, дейди отинойи.

Ғалати Баротовага кўра, видеодаги аёлнинг бадани сутда чайилгандай тип-тиниқ ва у анча ёш:

- Мен 51 ёшдаги бир касалманд аёлман. Гарчи бу ҳақда гап кетар экан, менинг баданимда олтита жарроҳликнинг асоратлари бор. Менинг 4 фарзандим, 12 неварам бор. Видеода гўёки мен депутат бўлишни истаётганим айтилади. Мен бир умр ерда ишлаган аёлман, олий маълумотим ҳам йўқ. Етти йилдан буён ислом уйғониш партияси аъзосиман. Болалигимдан Қуръон ўқиганман, отинойилик ҳам қиламан. Лекин мен сиёсатчи ёки бирор амал талабгори эмасман, бу жуда ҳам ёмон туҳмат бўлди, деди отинойи.

Ғалати Баротова бу видеони тарқатганларни судга тортиш учун пули йўқлигини айтар экан, фарзанд ва неваралари олдида ноқулай аҳволда қолганини таъкидлайди.

“Мен қандай давлатда яшаяпман?”

Таниқли тожик кинорежиссёри Барзу Абдураззоқов Озодлик билан суҳбатда бу видеони кўрганидан сўнг, карахт бўлиб қолганини ва уни суратга олганлардан нафратланишини айтади:

“Мен қандай мамлакатда яшаяпман, ўзи? Бу видео иккита яширин камерада олинганидан ҳам бундай ифлосликка олдиндан тайёргарлик кўрилгани англашилади”, дейди кинорежиссёр.

“Нури наҳзат” белгиси билан тарқатилаётган бу видеода ўзини Тожикистон ислом уйғониш партияси вакили, деб таништирган овоз 2015 йилги парламент сайловидан олдин партия сафларини тозалашни иддао қилаётганини айтади. Бу шахснинг айтишича, партия қошида унинг раиси ўринбосари Муҳаммадали Ҳайит раҳбарлигида ана шундай ахлоқсизларни ошкор этадиган гуруҳ тузилган.

Бироқ, партия раҳбарларининг айтишларича Муҳаммадали Ҳайит раҳбарлигида ҳеч қандай гуруҳ тузилгани йўқ ва бу партия ичига ихтилоф солишга қаратилган ҳаракатлардир.

Бундан олдин Тожикистон давлат телевидениеси ТИУП аъзолари бўлган бир неча шахснинг гўёки ғайришаръий ишлари тўғрида бир неча кўрсатувлар берган эди.

Бу ҳақдаги сўнгги кўрсатув августда эфирга узатилган бўлиб, унда партия аъзоларидан бири ўгай қизларининг номусига теккани ҳикоя қилинган эди.

Отинойи ҳақидаги видеолавҳа эълон қилинганидан сўнг, ижтимоий тармоқларда бу борада баҳс қизиб кетди. Аксарият муштарийларнинг ёзишича, мухолиф гуруҳлар бир-бирини бадном қилиш учун энг разил, энг ифлос усулларни қўлламоқдалар. Кузатувчилар фикрича, инсонларнинг шахсий ҳаётига беҳаёларча дахл қилган бундай гуруҳлар Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ошкор қилиниши ва жазоланиши шарт.

Бироқ бу видеотасвир Интернетда эълон қилинганига ўн кун бўлаётганига қарамай Тожикистоннинг Ички ишлар вазирлиги ҳам, Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам ва бошқа расмий идоралар ҳам чурқ этганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG