Линклар

"Сомсани Путин еяпти, пулини мардикор тўлаяпти"


"Йўқ, рублжон. Биз юқорига!" Сергей Ёлкин карикатураси.

"Йўқ, рублжон. Биз юқорига!" Сергей Ёлкин карикатураси.

28 ноябрь куни Россияда бир AҚШ доллaрининг қиймати қарийб 50 рублга етиб қолди. Рублнинг қадрсизланишидан нафақат россияликлар, балки тирикчилик илинжида Россияга бориб ишлаётган минглаган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам азият чекмоқда. Озодлик муштарийси жўнатган қуйидаги блогда ушбу вазият тилга олинган.

***

Одамларимиз қизиқ-да. Ўтган йили Украинада бошланган оммавий норозиликлар Янукович ҳокимиятини қулатиши ортидан Россия Қримни ўзиники қилиб олганида, Марказий Осиёдан Россияга бориб ишловчи меҳнат мухожирларининг аксарияти Путиннинг сиёсатини олқишлаган ва Ғарб, хусусан, АҚШ сиёсатини қоралаган эди.

Кўп ўтмай Россия ҳукумати Украина шарқида тузилган “ДХР” ва “ЛХР” деб аталувчи айирмачи қуролли гуруҳларни ярим яширин, ярим ошкора қўллаб-қувватлай бошлади. Меҳнат муҳожирлари яна Путинни олқишлашди. Русларни, русийзабонларни ҳимоя қиляпти, баракалла, деган гаплар ҳам айтилди...

Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ҳақида ўйлаш ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди.

Бундан илҳомланган “Первый канал” эса “скинхедлар”ни эсдан чиқариб, украин халқини “бердерчилар”га, янги ҳукуматни “қуролли хунта”га айлантиришда давом этди.

Яна бироз вақт ўтди. Қримнинг аннексия қилинишига жавобан Европа Иттифоқи ва АҚШ Россияга нисбатан санкциялар жорий этди. Кремль пропагандаси яна иш бердими ёки одамлар етарлича билимга эга эмасми, хуллас, аввалига ҳеч ким бунга жиддий эътибор бермади...

Лекин тез орада нафақат россияликлар, балки, Россияга Марказий Осиёдан бориб ишловчи меҳнат муҳожирлари ҳам санкция натижаларини ўз танасида ҳис қила бошлашди.

Хабарингиз бор, санкциялар ва нефтнинг сунъий арзонлаши натижасида рубль жуда тез суръат билан қадрсизланмоқда. Куни кеча бу борада тарихий рекорд ҳам янгиланди. Бир доллар қарийб 50 рублдан сотила бошлади! Санкцияларга олиб келган сиёсатни қўллаб-қувватлаган меҳнат муҳожирларининг рублда топаётган даромадлари ҳам ўз-ўзидан кескин қадрсизланди.

Ҳисоблаб чиқсак, даромади рублда бўлганлар йил бошидан бери 30% атрофида маблағларидан маҳрум бўлишибди. Кўпчилик марказий осиёликлар ўз юртида доллар (сўм, сом, сомони)да қарз ёки кредит олиб, уни узиш учун Россияга кетганини ҳисобга олсак, уларнинг ўтган ярим йил мобайнида қанча молиявий зарар кўрганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Ўз юртидан йироқда, иссиқ-совуққа чидаб, рус полициячилари ва миграция хизмати ҳодимларининг оилаларини ҳам қўшиб боқаётган юртдошларимиз, эндиликда жаноб Путиннинг Украинада олиб бораётган сиёсати учун ҳам ўз ҳамёнларидан тўлашмоқда. Халқ тили билан айтганда, одамлар емаган сомсаси учун пул тўлашмоқда.

Одамларимиз қизиқ-да. Шунда ҳам ҳамма Россияга санкция жорий қилгани учун Ғарбни ёмонлаш билан овора. Балки, дўппини бошдан олиб, ана шу санкцияларнинг жорий қилинишига нималар олиб келганини, улар юзлашаётган қийинчиликларнинг асл сабаби нима ёки сабабчилари кимлар экани ҳақида ўйлаб кўриш вақти келгандир?

Омонлик ва молиявий омад тилаб,

Тараққий Парвар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG