Линклар

FOREX MMCIS фирибларидан ўзбекистонликлар ҳам куйди


FOREX MMCIS Москванинг қоқ марказидаги ҳашаматли офисидан туриб миллиардлаб долларлик фирибгарликни бемалол амалга ошириб келган.

FOREX MMCIS Москванинг қоқ марказидаги ҳашаматли офисидан туриб миллиардлаб долларлик фирибгарликни бемалол амалга ошириб келган.

Ўзбекистонлик Азизбек ўтган йили FOREX MMCIS брокерлик ширкатига 5000 АҚШ долларига яқин пулини ишониб топширган. Ўз маблағини виртуал валюта бозоридаги олди-сотди билан шуғулланувчи бу ширкатга бериб қўйишга уни Россия телеканалларидаги рекламалар ундаган:

-50 мингдан ортиқ инвестори бор эди. РБК телеканали FOREX MMCIS ни жуда кўп реклама қиларди. Трейдерларни чақириб¸ жуда кўп суҳбатлар қиларди. Ҳамма буларнинг фаолияти қонунийлигига ишонган¸ лицензияси бор деб айтишарди¸ дейди Азизбек.

FOREX MMCIS нафақат Россия телеканаллари¸ балки собиқ иттифоқ ҳудудида ҳам кенг реклама қилинган ширкатлардан бўлган. Хусусан¸ uz домендаги қатор ярим расмий сайтларда ҳам ўзбекитонликларни FOREX MMCIS каби етук мутахассислар ишловчи ширкат орқали хориж валюталари ўртасидаги фарқдан катта даромад қилишга ундовчи¸ бу гуруҳ уюштираëтган тренингларда қатнашишга таклиф қилувчи мақолалар босилган.

Азизбекнинг таъкидича¸ ўз таниш-билишлари орасида бундай рекламага ишониб¸ молиявий брокерлар тўрига илинганлар анчагина:

- Ҳозир биласиз¸ одамлар Интернетда кўп ўтиради. Бизнинг даврада битта одам билган¸ кейин ҳаммага тарқаб¸ кўпчилик инвестиция қилган. Ман битта укахонимизни биламан¸ машинасини сотиб¸ 18 700 долларини шундоққинаFOREX MMCISга ташлаган. У боланинг пули қопкетди энди. Шунақа чув тушган танишларим жуда кўп Тошкентда. Ҳаммаси куйиб қолди¸ кимга мурожаат қилишни билмаяпмиз¸ дейди Азизбек.

Жорий йилнинг август ойида FOREX MMCIS ўз мижозларига пулларини қайтариб беришни пайсалга сола бошлаганидан сўнг¸ ижтимоий тармоқлардабу ширкатнинг навбатдаги молиявий фирибгарлар пирамидаси экани ҳақидаги фикрлар кўпайиб кетди. Оқибатда юзага келган саросима ортидан мижозларнинг аксарияти ўз пулини қайтариб олиш ҳаракатини бошлади. Аммо FOREX MMCIS пулни қайтариб олиш учун мижоз шахсини аниқлаш иддаоси билан мутлақ куракда турмайдиган шартлар қўйиб¸ вақтдан ютишга уринди. Ниҳоят ноябрь ойининг 10-кунига келиб¸ ширкат ўз сайтидаги бутун фаолиятни FOREX MMCIS гуруҳи президенти Роман Комыса баëноти билан тугатди.

Унда узоқ йиллар “ҳалол ишлаб¸ мижозларига астойдил хизмат кўрсатиб келган ширкат”нинг Деньги Онлайн каби ўртакаш гуруҳлар фирибгарлиги қурбони бўлгани иддао қилинди.

Ҳозирда бутун бошли сайтда ана шу баëнот¸ қолаверса ширкатнинг Россия Бош прокурори Юрий Чайка номига ëзган мурожаат аризаси матнига линкдан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Бош прокурор номига ëзилган мактубда FOREX MMCIS раҳбари ўзининг молиявий фирибгарлик қурбони эканидан шикоят қилиб¸ уларни жазога тортишни сўраган.

Озодлик билан суҳбатда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати¸ FOREX MMCIS президентининг бундай мурожаати мамлакат қонунларига монанд эмаслигини билдирди:

- Гап шундаки¸ Россия Бош прокуратураси жиноий иш қўзғатиш билан шуғулланмайди. Прокуратура тергов жараëни устидан назоратни амалга оширади. Бизнинг қонунларга кўра¸ жиноий иш қўзғаш бу Тергов қўмитаси ваколатига киради ва шу боис бундай сўровлар ҳам ана шу қўмитага қилиниши лозим. FOREX MMCIS бўйича қандайдир жараëн борлигидан бехабарман¸ деди прокуратура матбуот хизмати ходимаси.

Ўз мижозларига йилига 100 фоизлик даромад ваъдаси билан 2007 йилда Россияда иш бошлаган FOREX MMCIS¸ ТОП20 деб номлаган механизм орқали хусусий инвесторларниўзига жалб қилишга киришди.

Россия пойтахтидаги ижараси энг қиммат Москва сити бизнес марказидаги муҳташам офис¸ қиммат рекламалар ва бу рекламаларга машҳур санъат арбоблари ва шоу бизнес юлдузларинини жалб этиш орқали FOREX MMCIS ўзини жиддий ва ишончли ширкат сифатида тақдим этишга муваффақ бўлди. Таҳлилчиларга кўра¸ бу ширкат тўрига асосан ўзига тўқ одамлар илинган.

Бугунга келиб аëн бўлишича¸ FOREX MMCIS ҳам энг бошда алданган мижозлар пулидан янгиларига бир муддат тўлаб¸ ўзига бутун бошли қурбонлар занжирини йиғиб¸ сўнгра бир кечада ғойиб бўладиган молиявий пирамиданинг ўзидир.

Рўйхатга олинган жойи Гренадин ороли¸ почта манзили эса Қибрис деб кўрсатилган FOREX MMCIS шериклари ҳам Панама ва Виржиния ороллари каби оффшор ҳудудларида рўйхатга олинган¸ аммо асл эгаси ва манзилини биров билмайдиган ширкатлардир.

Бутун фаолияти ана шундай фирибгарлик устига қурилган FOREX MMCIS ширкатининг сирли эгалари¸ алданган мижозларнинг миллиардлаб долларини ўзлаштириб¸ ғойиб бўлар экан¸ кузатувчиларга кўра¸ Россия қонунчилигида махсус қолдирилаëтган бўшлиқдан унумли фойдаланган.

Йиллардан бери бундай пирамидалар истаганида туғилиб¸ истаганида ғойиб бўлаëтган Россияда ҳозирга қадар хориж валютаси билан олди-сотди қилувчи форекс ширкатлари фаолиятини тартибга солувчи қонун йўқ. Таклиф қилинган қонун лойиҳаси эса Давлат думаси томонидан қабул қилинмай келинмоқда. Бундай вазиятда эса¸ таҳлилчиларга кўра¸мижоз сармоялари хавфсизлигини ҳеч ким кафолатламайди ва улар чув тушганда¸ бундайларга қонуний ҳақ берилмагани боис¸ уларни ҳеч ким ҳимоя ҳам қила олмайди.

Шу боис¸ мутахассислар фикрича¸ айни кунларда ўз сармоялари қайтарилиши талаби билан петиция йиғаëтган FOREX MMCIS сармоячилари уринишларидан натижа чиқишига деярли умид йўқ.

Озодлик билан суҳбатда чув тушганлардан бири Азизбек¸ ўз пулини қайтариб олишдан умидини узганини айта туриб¸ ўзбекистонликларни қисқа муддат ичида улкан даромад қилишга ундовчи ширкат ва улар рекламаларидан огоҳ бўлишга чақиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG