Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Азиза Ниёзметова ўзи ва яна ўзбекистонлик икки ашулачининг АҚШдаги концертига билетлар сотилмай, барбод бўлгани ҳақида Интернетда тарқалган хабарларни рад қилди. Қўшиқчига кўра, улар Филаделфиядаги концертдан ўзлари "отказ" қилганлар.

Ўзбекистонлик хонандалар Азиза Ниязметова, Анвар Ғаниев ва Шароф Муқимовларнинг АҚШдаги концерти атрофидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Концертлар АҚШнинг Чикаго, Филаделфия ва Ню Йорк шаҳарларида бўлиши режалаштирилган эди.

Лекин айрим хабарларга кўра, ўзбекистонлик ашуллачиларнинг Филаделфиядаги концерти гўёки кам билет сотилгани сабаб бекор бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Азиза Ниёзметова бундай “бўхтон” хабарлар ўзи ва яна икки хонанда Анвар Ғаниев ҳамда Шароф Муқимовларни шаънини ерга уриш мақсадида тарқатилганини таъкидлайди.

- Бизга бу нарса қаттиқ тегаяпти. Уларни шахсий хусумати борми, билмадим. Биз 15 ёшли бола эмасмиз-ку, улар билан хола-хола ўйнашга. Биз қудали одамлар бўлсак. АҚШга чарларда қўшиқ айтиш учун борган эмишмиз. Биз “Ўзбекнаво”дан рухсат олиб, концерт бергани кетганмиз, у ерга. Қандай бордик, қаерда бўлдик, ҳар бир минутимизни текшириб туради. Ҳамма нарсага отчёт берамиз. Ҳатто Қозоғистонни Чимкентига борсак ҳам хат ёзиб ҳамма нарсани жавобини бериб турамиз. Ҳеч кимни алдаб билмаймиз-да бу ерда. Америкада кимлар концертимизга йиғилаяпти, қаерда бўляпти, кимларга билет сотилган, ҳаммасини қоғозини олдирган “Ўзбекнаво”. Бизга қарши бўхтон тарқатишни тўхтатишсин,- деди Ниёзметова.

Кишмиш қўшиб бол бераман келсангиз

Аввалроқ, www.sayyod.com сайти ўзбекистонлик хонандалар Анвар Ғаниев, Азиза Ниёзметова ва Шароф Муқимовларнинг АҚШнинг Пенсилвания штати Филаделфия шаҳрида 19 ноябрь куни бўлиши керак бўлган концертига атига тўртта билет сотилгани ва шу сабабдан бекор қилингани ҳақида хабар қилган эди.

Нашрга кўра, хонандаларнинг бошқа шаҳарлардаги концертлари ҳам бўлмаган.

"Чипталар сотилмади, фақатгина биттасида атиги 40та одамни зўрға концертга йиға олишди ва улар иштирокида сурат ва видеолар билан ясама "ажиотаж" ижтимоий тармоқларда "ўзини оқлаш акцияси" тарғиботи кетмоқда", - деб ёзди www.sayyod.com.

Мазкур нашр раҳбари Сардор Комилов Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик учта қўшиқчининг концерти умуман бўлмаганини тасдиқлайди.

Комиловга кўра, қўшиқчилар кўзбўямачлик қилмасдан ҳеч қанақа концерт бўлмаганини тан олишлари керак.

- У ерда ҳеч қанақа концерт бўлмаган. Яқинда буни тасдиқловчи далилларни сайтимизда эълон қиламиз. Энди майли омадини берсин қанақа концерт берган бўлса, юзта одам йиғганми, омадини берсин, лекин алдаш керак эмас-да. Билет сотилмаган бўлса Шароф тан олиши керак эди. Унақа "машениклар" демаслиги керак эди. У ерда ташкилотчилар катта суммага тушган. Менга айтишдики, Интернетдагилар айтишдики, сен шу учта артистни қадр -қимматини ерга уриб, устидан куляпсан, дейишди. Ҳақиқатга тик қараш керак-да. Агар сен ҳақиқатан шунча йўл юриб, шунча ҳаражат қилгандан кўра ўшани Ўзбекистонда ижод устида ишлаб, талабгорлар кўпайганидан кейин бориб концерт берса одам ҳам йиғилади. Мен тўртта билет сотилди деганимга унқа эмас ўнта, деб эътироз билдиришади. Вахоланки битта дона билет сотилган экан. Бу уят эмасми.Билишим бўйича ташкилотчилар ганарар айтишган, "Анор" гуруҳидан экан ўша бола. Биринчи иши экан, катта пулга тушган. Билетни сотиб, пул қиламан, деб ўйлаган. Ўхшамаган. Лекин, хонандаларга ганарарини берибди, - дейди Сардор Комилов.

Бу иддаоларга Азиза шундай жавоб қилди:

- Қанақанги тўртта билет? Филаделфидаги концертимизни бошқа штатларга кўчирдган эдик-ку. Ўзимиз отказ қилганмиз. Чикагода ва Нью Йоркда жуда зўр концерт бўлди. Нью Йоркнинг Квинз қисмидаги "Амадеус" ресторанида элитний концерт бўлди. Ҳақиқий мухлисларимиз келади, - деди Ниёзметова.

АҚШга бориб концерт бериш ҳаражатлари ўзини оқлайдими?

Азиза Ниёзметовага кўра, улар АҚШга бориб концерт беришдан катта пул қозонишни мақсад қилмаганлар.

- Мақсадимиз мухлисларимизга қўшиқ айтиш. Америкада ҳам мухлисларимиз бор экан, улар кўплигидан жуда ҳурсанд бўлиб қайтиб келдик. Анвар акани ҳам, Шарофни ҳам мухлислари бор экан. Улар соғиниб эшитяпти-да бизни ашуллаларимизни. Ҳаражатларга келсак, таклиф қилган томон бизга ҳаммасини олдиндан бериб қўйган, меҳмонхналарни, учоқ билетларини кўтарган. Биз қўшиқ айтдик, мухлисларимиз ҳурсанд бўлишди, шуни ўзи бизга катта бахт, - деди Ниёзметова.

19 ноябрь куни Филаделфия шахрида жойлашган "Самарқанд" ресторанида ўзбекистонлик уч хонанданинг катта гала концерти бўлиши ҳақида плакатлар ҳам чиқарилган эди.

АҚШдаги Филадельфия шаҳрида жойлашган "Самарқанд" ресторани ходимларидан бири Азиза Ниёзметова, Анвар Ғаниев ва Шароф Муқимовларнинг концерти билет сотилмагани учун бекор қилинганини айтди.

Маълум бўлишича билет нархи 40 АҚШ доллари қилиб белгиланган. Таъкидлаш жоиз, АҚШнинг Филаделфия шаҳри ўзбеклар кўп яшайдиган шаҳарлардан саналади.

Азиза Ниёзметова эса концертдан ўзлари воз кечганликларини қайта-қайта айтмоқда.

- Ҳеч қанақа билет сотилмаган у ерда. Филаделфидаги концертимизни ўзимиз отказ қилдик. Ўша куни у ерда иш кунлари экан. Шунинг учун концертни сурдик, бошқа штатларга, - дейди Ниёзметова.

Азиза Ниёзметова ўн беш йил аввал “Бир муҳаббат тарихи” қўшиғи билан ўзбек санъат шинавандаларига танилган эди.

Анвар Ғаниев эса “Кўнгил кўчалари” телесериалидаги қўшиғи билан машхур бўлган.

Шароф Муқимов эса Ўзбекистонда кўпроқ фильмлардаги роллари билан ёшлар эътиборини қозонган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG