Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:39

Молдоваликлар Европа ёхуд Россияга тарафдор партияларга овоз берди


Молдовада парламент сайлови ўтказилди. Мазкур сайлов Молдованинг Европа Иттифоқига (ЕИ) аъзо бўлишини мақсад қилган ва мамлакатнинг Россия билан яқинлашиши тарафдори бўлган партиялар ўртасидаги сиёсий кураш сифатида кўрилмоқда. Охирги сўров натижаларига кўра, аксар респондентлар Ғарб тарафдори бўлган партиялар номзодларини қўллаб овоз беришини айтган.

Сайловчилар 101та ўринга эга бўлган мамлакат парламенти аъзоларини тўрт йиллик муддатга сайлаш учун овоз берди.

Сайловда 2,8 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Ҳукумат тузган янги рўйхатда 3,2 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга экани, рўйхатга Молдованинг айирмачи Днестр ўлкасида яшаётган аҳоли ҳам киритилгани билдирилган.

30 ноябрь куни Молдовадаги сайлов участкаларида жиддий нохуш воқеа рўй бергани хабар қилинмади.

Аммо Москвадаги Молдова элчихонаси биноси олдида овоз бериш учун йиғилган кўп сонли молдоваликларни тартибга солиш учун полициянинг ОМОН кучлари чақирилди.

Кишинёвда ўтказилган матбуот анжуманида Молдова Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Юрий Чокан ҳукумат Москвадаги сайлов жараёнини қонун доирасида тинчлик ва осоишталик билан ўтказишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

- Комиссияга Москвада ташкил этилган сайлов участкаларидаги вазият тўғрисида маълумот етиб келди. Биз ўша сайлов участкаларида ишлаётган ҳамкасбларимиз ва Молдова Ташқи ишлар вазирлиги билан бевосита алоқадамиз. Биз сайловни қонун доирасида тинчлик ва осоишталик билан ўтказишга ҳаракат қиляпмиз, дея баён қилди Молдова МСК раиси.

Россиядаги молдоваликлар парламент сайловида овоз беришига имконият яратиш учун бу мамлакат ҳудудида бешта сайлов участкаси ташкил қилинди.

Молдова парламенти аъзолиги учун ўтказилаётган сайловида ҳеч бир партия кўпчилик овозини олиши кутилмаяпти.

Охирги сўров натижаларига кўра, аксар респондентлар Ғарб тарафдори бўлган партиялар номзодларини қўллаб овоз беришини айтган.

Сайловда европапараст учта партия номзодлари 43 фоизгача овоз олиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Молдова парламентининг собиқ спикери ва президент вазифасини вақтинча бажарган Михаил Гимпу Кишинёвдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берганидан сўнг мухбирларга буларни айтди.

- Биз Европача ҳаётги хоҳлаймиз. Мен озодлик, адолат учун овоз бердим. Ҳамма нарса юқоридан бошлангани учун биз ҳокимият тепасига ҳалол раҳбар келишини истаймиз, дея баён қилди Михаил Гимпу.

Молдова Бош вазири Юрий Лянкэнинг Либерал-демократик партияси ва Демократик партия мамлакатни бошқараётган коалицияга аъзо партиялар ҳисобланади.

Ўтган йил Либерал-демократик партия коалициядан чиқиб мухолифат сафига қўшилган.

Иқтидордаги коалиция аъзолари ўртасидаги келишмовчилик мухолифатдаги Коммунистик партияга қўл келаётгани айтилмоқда.

Коммунистлар Молдованинг ЕИ га қўшилишга қарши эмаслигини, айни пайтда Россия билан илиқ муносабатларни сақлаб қолиш тарафдори эканини таъкидлаган.

Россияпараст коммунистларнинг сайловда 24 фоиз овоз олиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Россия етакчилигидаги Божхоналар Иттифоқига Молдова ҳам аъзо бўлиши ташаббусини илгари суриб келган Социал партия сайловчиларнинг 8 фоиз овозини олиши кутилмоқда.

Молдова парламенти учун сайловга уч кун қолганда ҳукумат россияпараст Ватан партиясининг сайловда қатнашишини тақиқлади. Бунга мазкур партия хориждан молиялаштирилгани ҳақидаги иддаолар сабаб бўлди.

Ватан партияси етакчиси 36 яшар бизнесмен Ренато Усатий бу иддаони рад этиб Россияга қочиб кетди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ватан партиясининг сайловдан четлатилгани Молдовадаги “сайлов демократик тарзда ўтказилаётганига жиддий шубҳа уйғотиши”ни билдирди.

XS
SM
MD
LG