Линклар

Ҳукумат муҳожирнинг Россияда топган пулидан сармоя сўрамоқда


Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари.

Рублнинг қадрсизланиши ва қиш мавсуми боис, Россиядан Ўзбекистонга қайтаётган меҳнат муҳожирларига давлатнинг қиймати "ноль" сўмга туширилган эски, қаровсиз ёки касодга учраган корхоналари таклиф қилинмоқда. "Кичик ва ўрта бизнес, тадбиркорликни ривожлантириш" шаклида ишлов берилган бу таклифни қабул қилганлар йиққан-тутган даромадини сармоя қилиб ётқизиши керак.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ахборот хизматидан Kun.uz нашри келтирган иқтибосда бу таклиф шундай ифода қилинган:

"Масалан, Ўзбекистонга қайтган меҳнат муҳожирлари давлат ҳисобидаги фойдаланилмаётган объектларни, фойдаланилмаётган объектларни бузиш натижасида очилган ер участкаларини ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш мақсадида "ноль" қийматида сотиб олишлари ёки ижарага олишлари, бу лойиҳаларга муҳожирликдаги меҳнатлари давомида тўплаган даромадларини сармоя сифатида киритишлари мумкин бўлади", деб ёзди Kun.uz нашри.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигидан бу борада қўшимча изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, идора расмий сайтида келгуси йили Россиядан қайтадиган муҳожирлар учун 409,5 минг иш ўрни очилиши, бу ўринларнинг асосий қисми Сурхондарё, Самарқанд, Қашқадарё, Наманган, Андижон, Бухоро ва Фарғона вилоятларига тўғри келиши айтилган.

Бўш иш ўринлари ва муҳожирга текинга бериладиган давлат объектларига оид саволлар билан Озодлик мухбири номи тилга олинган вилоятлардаги ҳокимият ва меҳнат биржаларига боғланди.

Жумладан, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидаги ҳокимликлардан олинган маълумотга кўра, озми-кўпми пул жамғарган меҳнат муҳожири учун бепул таклиф қилинаётган объектлар рўйхати ҳокимликларда тайёр турибди:

"Энди булар, масалан, банкрот бўлган кичик корхоналар бор. Булочка, колбаса цехлари, тикувчилик цехлари ёки чала қурилган бинолар бор. Энди сиз келасиз, биттамас бир нечтасини кўрасиз. Масалан, техникасини янгилаш керакдир, ремонт қилиш керакдир. Проект қиласиз, ҳокимиятга ариза билан борасиз, коммисия кўриб чиқади ва суммани белгилайди. Шундан қанчадир сармояни сиз киритасиз, қанчадир қисмини давлат - имтиёзли кредит беради. Шу, бошлайверасиз бизнесни. Шунга рози бўлсангиз, давлат жон-жон, деб беради сизга", деди Ғузор тумани ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мутасаддиси.

Расмий маълумотга кўра, давлат билан бу шаклда шерикликка рози бўладиган потенциал сармоядор муҳожирлар билан ҳокимликлар "тушунтириш ишлари олиб бормоқда". Тушунтириш ишлари эса меҳнат муҳожирлари яшайдиган маҳаллаларда тузилган рўйхатлар асосида ташкил қилинмоқда:

"Маҳалла қўмиталарида ўзи Россияга бориб ишлаётган фуқароларнинг рйўхатлари борку, шу рўйхатлар асосида тушунтириш ишлари олиб борилади. Энди сармоядорлик ихтиёрий, унақа мажбурий эмас", деди, жумладан, Сирдарё вилоятидаги маҳаллий ҳокимлик мутасаддиларидан бири.

Россияда ишлаб топган пули касодга учраган бирорта корхонани тиклашга етмайдиган муҳожирларга эса маҳаллий меҳнат биржалари турли йўналишлар бўйича бўш иш ўринларини таклиф қилмоқда.

Labor.uz сайтида эълон қилинган иш ўринлари орасида деярли барча соҳаларга оид иш бор: қоровуллик, фаррошлик, ўқитувчилик, ҳайдовчилик, ҳисобчилик, програмистлик, шифокорлик, иш юритувчилик, инженерлик, дала ишлари, вақтинчалик-соатбай ёхуд кунбай ишлар ҳам таклиф қилинган.

Ҳар бир иш ўрнининг манзили, шартлари, иш берувчига оид маълумотлар ҳам рисоладагидек берилган. Озодлик мухбири талабгор сифатида ана шундай иш ўринларидан бир нечаси билан қизиқди.

Сирдарё вилоятидаги банклардан бирининг қоровуллиги учун берилган эълонга масъул шахс 200 минг сўм ойлик ваъда қилди:

"Тунги қоровуллик. Ойлиги 200 минг сўм. Лекин, бу иш ўрни кетди, уже. Тунов куни одам олдик", деди масъул.

Самарқанд шаҳридаги давлат корхоналаридан бирида ҳайдовчилик ўрни билан қизиққан мухбирга 350 минг сўмлик ойлик ваъда қилинди ва иш ўрни ҳануз бўшлигини айтилди. Яна айтилишича, ҳайдовчига "корхонадан бошқа ҳеч бир кирим йўқ".

Қашқадарё вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирида бошланғич синфда ўқитувчилик учун "кўпи билан 800 минг сўм ойлик" ваъда қилинди. Иш ўрни ҳануз бўш.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги расмий сайтида берилган эълонда эса юрист учун 511 минг, бош инспектор учун 480 минг, бош бухгалтер учун 595 минг, программист учун 445 минг, бош врач учун 467 минг ойлик ваъда қилинган.

Рубль қадрсизланиб кетгани учун Россиядан кетишга қарор қилган ўнлаб ҳамюртини кузатган андижонлик ҳайдовчи Абдуҳалилга: "350 минг сўмлик ойликка Ўзбекистонга қайтармидингиз? Оилангиз ёнида, тинчгина ишлармидингиз?" деб савол бердик:

- Оз-да бу, опа. Ўзбекистонда бола-чақанинг қорнини тўйғазиш учун камида 1 миллион сўмлик ойлик керак ҳозир, Андижоннинг ўзида. Кейинчи, мен 6 ой олдин боргандим уйга. Ҳоким келиб, кимга иш керак бўлса, менга учрасин, топиб бераман, деган экан. Коллежни битирган жиянимни олиб, қабулига борсам: "Ишим кўп мени", деб чиқарворди хонасидан. Так-что, айтаётган ишлари ҳам борми-йўқми - худо билади! - дейди андижонлик ҳайдовчи Абдуҳалил.

У рублда топган пулини, имкони бўлса, тўплаётганини ҳам қўшимча қилар экан, Россиядаги вазиятнинг вақтинча экани, Ўзбекистондаги иқтисодий муаммоларнинг эса яқин-атрофда ҳал бўлишига ишонмаслигини таъкидлади:

- Билмадим, шахсан мен ҳозир ойига 400-500 доллар топаяпман. Зарур бўлса, жўнатаяпман. Ишим яхши, тинч, доимий. Оиламни боқишга етаяптида. Ҳозир энди рубль бундай бўлди, деб кетворсам, у ёғи нима бўлади - билмайман. Лекин бу ерда эплолмаганларнинг кўпи кетди. Телефонда гаплашиб турибмиз, иш йўқ. Уйда ҳаммаси қиш ичи, ким билади баҳорларга бу ерда ҳам аҳвол ўнгланиб қолса, яна келишаверадида,- дейди истиқболини кўпроқ Россияда кўраётган Абдуҳалил.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG