Линклар

Ливан армияси “Исломий Давлат” гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодийнинг рафиқаси ва ўғлини қўлга олганини иддао қилмоқда. Бу ҳақда Ливан матбуоти мамлакат хавфсизлик идораларига таяниб ёзмоқда. Хабарларга кўра, Бағдодийнинг ўғли ва рафиқасини қўлга олишда хориждаги жосуслик идоралари яқиндан ҳамкорлик қилган.

Лекин, Ливан расмийлари Бағдодийнинг рафиқаси экани ишонилаётган аёлнинг исми ва миллатига оид маълумотларни ошкор қилмади.

Бағдодийнинг рафиқаси ва ўғли бир неча кун аввал Суриядан Ливан чегарасини кесиб ўтганида қўлга олингани айтилди.

Ливанда чиқадиган "Ас-Сафир" рўзномаси Бағдодийнинг ўғли ва рафиқасининг қўлга туширилиши хориждаги жосуслик идоралари билан ҳамкорликда амалга ошгани ҳақда хабар қилмоқда.

Айни пайтда Бағдодийнинг тақдири номаълум қолмоқда. 7 ноябрь куни АҚШ ҳаво ҳужуми оқибатида Бағдодий ўлдирилган ёки жароҳатланган бўлиши мумкин, деган хабарлар тарқалган эди.

Кейинчалик, гуруҳ бу хабарларни рад қилиб, Бағдодийнинг аудиосини эълон қилди.

17 дақиқалик аудиоёзувда ўзининг Бағдодий эканини иддао қилган шахс “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари ҳеч қачон таслим бўлмаслиги ва бир жангари қолган тақдирда ҳам курашни давом эттириши айтилди.

"Исломий давлат" Сурия шарқи ва Ироқ шимоли ҳамда ғарбида йирик ҳудудларни назорат қилаётган радикал исломий гуруҳдир.

Гуруҳнинг оммавий қатл, диний озчилик вакилларини ўғирлаш, сотиш, ўлдириш, аскарлар ва журналистларнинг бошини танасидан жудо қилиш каби шафқатсиз амаллари дунё жамоатчилиги ғазаб ва хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG