Линклар

logo-print

Собиқ судья: “Адолат қиламан деб адолатсизлик қурбони бўлдим!”


Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди собиқ раиси Нурмуҳаммад Қодиров

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди собиқ раиси Нурмуҳаммад Қодиров

Фарғона вилоятида 6 йил судьялик қилган Нурмуҳаммад Қодиров маҳаллий прокуратуранинг адолатсизлиги боис, ишидан мосуво бўлганини даъво қилмоқда. Одатан, оддий фуқаролар шикоятчиси бўлган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тизими устидан Озодликка арз қилган собиқ судья туман прокуратураси нотўғри малакалаган жиноят ишларини қўшимча терговга қайтаргани учун суддан қувилганини иддао қилди.

Фарғона вилояти Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман суди собиқ раиси Нурмуҳаммад Қодиров адолатсизликка учрганини даъво қилиб, Озодликка арз қилди.

2012 йилнинг 30 октябрида Ўзбекистон президенти фармойиши билан ишдан бўшатилган собиқ судья иддаосича, президентга унинг устидан тўқима айбловдан иборат маълумотнома киритилган.

Айни пайтда ўз иддаоларига далил тақдим қилмаган Нурмуҳаммад Қодиров даъвосича, бунга унинг наркотиклар билан боғлиқ жиноят ишларини терговчи ва прокурор нотўғри малакалаган ишларни қўшимча терговга қайтаргани сабаб бўлган:

- Бу наркотик модда билан боғлиқ жиноят ишлари эди. 2011 йилнинг октябрь ойида прокуратура ўта оғир жиноятни унча оғир бўлмаган жиноят деб малакалаб судга чиқарган эди. Мен эса бу жиноят иши нотўғри малакаланган деб, қўшимча терговга қайтардим. Қўштепа тумани прокурори Р. А., терговчи К. Ж. мен ҳали қўшимча терговга қайтармасимдан олдин менинг олдимга келиб, босим ўтказа бошлади. Прокурор агар шу ишни мен айтгандай қилиб кўриб чиқмасанг, барибир сени ишдан олдираман, деб пўписа қилган эди, - дейди собиқ судья.

Нурмуҳаммад Қодиров шундан сўнг бу 2 жиноят ишига оид ҳужжатлар суд идорасидан ноқонуний равишда олиб чиқилгани, кейин эса унга терговчи ҳам босим ўтказганини иддао қилди:

- Қўштепа тумани ички ишлар бўлими терговчиси мен Олтиариқ туманида бошқа бир жиноят ишини кўраётган пайтимда, ҳужжатларни зўрлик билан ўғирлаб кетган. Бу ҳақда менга канцелярия мудири телефон қилиб айтди. Кейин ўша куни терговчи жиноят ҳужжатларини ёқиб юборишини айтиб, қўрқитмоқчи бўлди. Мен бу ҳақда вилоят суди раиси ва ўринбосарига хабар бердим. Шундан кейин кечқурун терговчи машинаси багажига яширган жиноят иши ҳужжатларини менга қайтарган эди, - деб даъво қилди судья.

Нурмуҳаммад Қодиров қонунбузар прокурор ва терговчига Бош прокурорга арз қилишини айтгач, вилоят суди раиси уни қабулига чақирганини айтади:

- Суд раиси мен билан озгина гаплашди, ҳеч қаёққа мурожаат қилмаслигимни ва ишимни давом эттираверишимни айтди. Мен қайтиб ишимни давом эттирдим. Орадан бир ой ўтмасдан вилоят суди аппеляция кенгаши бу икки жиноят иши юзасидан менинг ажримларимни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди ва бошқа судда бу ишлар юзасидан терговчи ва прокуратура малакалаган моддалар бўйича ҳукм чиқарилди, - деб арз қилди собиқ судья.

Нурмуҳаммад Қодиров даъвосича, шу таҳлит адолатсиз ҳукмни чиқаришга эришган прокуратура ходимлари унинг ўзини судлов тизимидан батамом кеткизиш ҳаракатига тушган:

- Мен бошқа тумандан келиб ишлаганим учун қишлоқдаги бир уйда вақтинча яшардим. Бу уй судьяларга ажратилган, туман коммунал хўжалиги балансида бўлган экан. Менга шу уйнинг ноқонуний равишда ўзлаштирилишига воситачилик қилган, деган айблов қўйилди ва прокуратура суриштирув олиб борди. Шу асосда мени ишдан олишди, - деб иддао қилмоқда собиқ судья.

Озодлик бу иш юзасидан Фарғона вилояти прокуратурасига боғланиб, собиқ судья шикоятида номини тилга олган прокурор ва терговчи билан боғланишга, собиқ ҳамкасби иддаолари юзасидан муносабат олишга уринди, бироқ муваффақ бўлмади.

Собиқ судья ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокат Рустам Қорабоевга кўра, Нурмуҳаммад Қодиров адолатсизлик қурбони бўлган:

- Қодиров судья бўлиб ишлаб юрганда Ўзбекистон ЖКнинг 276-моддаси билан малакаланган жиноят ишлари унга берилади. Лекин судья кўриб чиқса, бу бошқа, анча оғирроқ 273-модда билан кўрилиши керак бўлган ишлар. Бу судья илгари ҳам жуда кўп хом жиноят ишларини қайтарган аслида. Ҳалол судьялик қилган, агар прокуратура билан келишиб иш қилганида эди, ҳозир ишлаб юрган бўларди. Шунинг учун ҳам прокуратура ўзига бўйсунмаган судьяни ишдан бўшатган, - деди адвокат Рустам Қорабоев.

Адвокатнинг айтишича, бу иш юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасига, Олий Судига қонуний тартибда такрор ва такрор ариза киритилган. Қабул қилинган аризаларга эса Қодиров қонуний асосда ишдан олингани аниқлангани ҳақидаги жавоблар олинган.

Натижада, собиқ судья бу жавобдан қониқмагани ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоларидан адолатли жавоб олишга кўзи етмай қолгани боис, Озодликка мурожаат қилишга қарор қилганини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG