Линклар

logo-print

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида диний экстремистик ташкилотга алоқадорликда айбланган аёллар турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди. Ўзбекистон телевидениеси орқали жамоатчиликка маълум қилинган суд ишида аксариятини аёллар ташкил қилган гуруҳ Янгийўл туманидаги бир хонадонда яширин боғча очиб, қизчаларга радикал ғояларни сингдиргани айтилди.

"Ўзбекистон" телеканали орқали намойиш қилинган ҳужжатли фильмда Янгийўл туманида диний экстремистик ташкилот тузган ва радикал ғояларни маҳаллий аҳоли орасида ёйишга уринган аёллар устидан судлов тафсилотлари ҳикоя қилинди.

Ҳужжатли фильмда айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида бўлган маҳкамада яширин ташкилотнинг бир неча етакчиси озодликдан маҳрум қилинган.

Яна айтилишича, хонадонлардан бирида ташкил қилинган болалар боғчаси, аслида эса ҳужра асосчиси Ханифа Мирғаниева исмли шахс ҳамда унинг жиноий шериклари қочишга муваффақ бўлган ва уларнинг ортидан қидирув эълон қилинган.

Ушбу кўрсатувда жиноятда гумон қилинаётганларнинг Туркия Республикаси ҳудудида экани тахмин қилинаётгани ҳам айтилди.

Озодликка маълум бўлишича, бу аёлларнинг уч нафари Янгийўл туманининг Гулбаҳор шаҳарчасидаги Файзобод маҳалласида яшаган аёллардир.

Исмини ошкор қилмаётганимиз маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, бир неча ойдан буён ҳибсда сақланаётган аёлларнинг эрлари “Ҳизбут Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, узоқ муддатларга қамалган диндорлардир.

Ўзбекистонлик мустақил журналист ва "Эзгулик" жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон телевидениеси орқали намойиш қилинган кўрсатувда илгари сурилган айбловларнинг эътиборли жиҳатларини тилга олди:

- Бу кўрсатувда бир неча ғалати жиҳатлар бор. Биринчидан, бу аёлларнинг қайси диний ташкилотга аъзолиги аниқ айтилмади. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида мени қизиқтирган яна бир нарса шуки, кўрсатувда ёш-ёш қизчаларнинг бир уйда диний таълим олаётгани кўрсатилди. Яъни, аҳолининг шунақа яширин масканларга болаларини ўқишга бераётгани ҳақидаги факт менинг эътиборимни тортди, - дейди журналист.

Қуйида ушбу иш тафсилотлари ва ҳуқуқ фаоли тўплаган бошқа маълумотларни ўз ичига олган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG