Линклар

logo-print

Бир томондан жаҳон бозорида нефть тобора арзонлаётгани, иккинчи томондан Ғарб Россияга нисбатан жазо чоралари қўллаётгани учун рубль кундан-кунга қадрсизланиб, россияликлар молиявий хаос жарлиги ёқасига келиб қолди.

Лекин молиявий инқироз рубль учун таниш касалликдир.

Рубль қадрининг жорий ҳафтада кескин тушиб, 1 АҚШ доллари қарийб 54 рублга тенглашгани россияликлар сўнгги чорак аср давомида бошидан бир неча марта кечирган молиявий инқироз шарпасига яна жон киритгандай бўлди.

Россия валютасининг 1 декабрь кунги савдоларда кескин шунғиши 1998 йил 17 августида рубль бир кунда 4 баравар арзонлаб кетган ва ҳукумат дефолт эълон қилганидан бери биринчи бор кузатилган кескин пастлашдир.

Борис Ельцин президентлиги даврида Молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Сергей Алексашенко рублнинг шу кундаги “жон талашиши” унга миллий валютанинг Россия энг янги тарихидаги оғир кунларини ёдга солганини айтади.

"Сўнгги бир неча кунлар ёки ҳафталарда кузатаётганимиз ҳолат ёдимга фуқаролар ва бизнеснинг миллий валютага ишончи йўқолган, рублдан ҳамма тўрт томонга қочган, яъни инсон психологияси ҳал қилувчи омилга айланган 98 йилнинг 17 августидан кейинги вазиятни эслатмоқда", деди Алексашенко.

"Соғлом фикр ўз ўрнини ваҳимага бўшатиб берган пайтда Марказий банкнинг девальвация олдини олиши ўта, ўта қийин бўлади", деб қўшиб қўйди Алексашенко.

Шундай қилиб, молиявий бошбошдоқлик Россия учун янги ҳодиса эмаски, қуйида ўша бўҳронларни эслаб ўтамиз.

Совет қуёши ботганда

Совет Иттифоқининг сўнгги йилларида ҳукумат издан чиқиб кетган иқтисодиётни монетаристик чоралар билан соғломлаштирмоқчи бўлди ва лекин аҳолининг "икки оёғини бир этикка тиқди".

Михаил Горбачев 1991 йилнинг январидаги фармони билан 50 ва 100 рублли банкноталарни яроқсиз, деб эълон қилди. Бу чора валюта қора бозоридаги пулфурушларга зарба бериш баҳонаси билан тушунтирилган бўлди.

Совет халқига 50 ва 100 талик пулларини алмаштириши учун 3 кунгина муҳлат берилди. Саросимага тушган халқ мижозларга хизмат кўрсатишга улгуришининг сира иложи қолмаган банкларга ёпирилди.

Ўша йили, 50 ва 100 таликлар бекор қилинганидан кўп ўтмай, ҳукуматнинг ўзи чет эл валютаси учун “туристик курс” белгилаш билан рубль қадрини кескин туширди.Давлат банклари чет элликлар ва чет элга чиқадиган совет гражданлари учун 1 АҚШ доллари нархини тақрибан 6 рублдан тақрибан 27 рублга кўтариб қўйди.

1991 йилнинг охирига келиб 1 доллар қарийб 100 рублга тенг бўлди ва ўша ойдаёқ Совет Иттифоқининг ўзи ҳам тарқаб кетди.

"Шок терапияси"

Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин Борис Ельцин ҳукуматининг эркин бозорга ўтиш йўлидаги “шок терапияси” туфайли миллионлаб россияликларнинг қора кунга асраб қўйган ақчалари ўз-ўзидан йитиб кетди. Рубль бир неча йил давомида муттасил қадрсизланди.

1994 нинг январида ҳукумат рублнинг қадрсизланишини тўхтатиш мақсадида мамлакат ичида АҚШ доллари ва бошқа валюталарнинг муомаласини тўхтатиб қўйди. Ўша йилнинг октябрида рубль бир куннинг ичида 27 фоизга қадрсизланиб кетди ва ўша кун Россия молия тарихига “қора сешанба” сифатида кирди.

1998 нинг январида ҳукумат рублдан 3 та 0 ни олиб ташлади ва тақрибан 6000 рублга тенг бўлган 1 АҚШ доллари 6 рубль бўлиб қолди.

1998, август

Россия дефолт эълон қилиб, рублни девальвациялаганидан сўнг маҳаллий банкларнинг кўпчилиги синди, аҳолининг йиққан пуллари эса офтобда қолган муздай эриб йўқола бошлади. Орадан бир ой ўтиб-ўтмаёқ 6 рублга тенг бўлган 1 АҚШ доллари 16 рублга тенглашди. Бора-бора 1 доллар 24 рублга тенглашиб барқарорлашди. Ўша йили инфляция 84 % бўлди, Россия ички ялпи маҳсулоти 4,9 фоизга қисқариб кетди.

Жаҳон иқтисодиёти рецессияси

Нефть нархининг баландлиги туфайли қарийб 10 йил барқарор турган Россия иқтисодиёти ва рубли 2008 йилги глобал молиявий-иқтисодий бўҳрондан, ёнилғи нархлари тушиб кетганидан қаттиқ зарба еди. Ўша йилнинг августи бошида 1 АҚШ доллари кўпи билан 23,4 рублга тенг бўлган бўлса, 2009 нинг январига келиб, рубль 35 фоизга арзонлаб кетган эди.

Рублнинг бугунги кўргиликлари

Бу ҳақдаги гапларни ўқиш учун мақоланинг бошига қайтинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG