Линклар

Қирғизистон президентининг Саудия Арабистони ва бошқа Араб давлатларига расмий сафари 20 йилдан бери ислом дунёси билан яқинлашувни тарғиб қилиб келаётган экспертларда иқтисодий алоқалар ривожланишига умид уйғотган бўлса, ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчиларнинг танқидига учради.

Атамбаев намоз ўқишни 7 йил аввал ўрганган экан

Қирғиз матбуотининг ёзишича, Саудия Арабистонида расмий сафар билан юрган Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 3 декабрь куни қирғиз делегациясининг айрим вакиллари билан Макка ва Мадина шаҳарларида Умра ибодатини бажарди.

Саудия Арабистони расмийлари билан 2 декабрда ўтказган учрашуви чоғида Атамбаев 7 йил аввал намоз ўқишни ўргангани ва шу кунларда ҳам имкони борича намоз ўқишга ҳаракат қилаётганини айтган.

Атамбаевнинг Умра амалларини бажаргани тўғрисидаги янгилик ижтимоий тармоқларда қирғизистонликлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Кўпчилик мамлакат раҳбарини Умра ибодатини амалга оширгани билан қутламоқда ва унга Ҳажга бориш ҳам насиб қилишини тиламоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар эса “Президент Умра амалини солиқ тўловчилар ҳисобига эмас, балки ўз маблағи ҳисобига амалга ошириши лозим эди. Унинг Саудияга сафари ҳукумат бюджетидан молиялаштирилган, демак у бизнинг ҳисобимиздан Умра амалини бажарди”, каби норозиликларни билдирмоқда.

Араб давлатларига сафар 8 кун давом этади

Атамбаевнинг Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликларига расмий сафари 8 кун давом этади. У президент бўлиб сайланганидан бери биринчи марта араб давлатларига сафар қилмоқда.

Саудия Арабистони расмийлари билан учрашувларда Атамбаев Қирғизистон орқали Саудияга темир йўл қуриш, Бишкекда Ислом банкини ташкил этиш каби масалаларни кўтарган.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон араб давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бериб келган ва келмоқда. Бироқ Қирғизистон 20 йил мобайнида араб давлатлари томонидан иқтисодий ёрдам кўрсатиш таклифларига яхши эътибор бермай, асосан Европа ва АҚШ билан яқинлашига интилиб келган.

Тарих фанлари доктори Асан Ормушев Атамбаевнинг араб давлатларига сафари иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши учун туртки бўлади, деб умид қилади.

-Масалан, Қувайт ва Саудия Арабистони билан савдо-сотиқ деярли йўқ даражада. Бироқ кейинги йилларда Бирлашган Араб Амирликлари қирғиз олтинининг асосий харидорига айланди. Авваллари Қирғизистонда тайёрланган заргарлик буюмларининг асосий харидорлари Швейцария, Германия каби Европа давлатлари эди. Ҳозир бу соҳада Амирликлар биринчи ўринини эгаллаяпти. Иккинчидан, араб давлатлари Қирғизистонда озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи кичик корхоналарни қуришга ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириб, экологик тоза маҳсулотларни сотиб олишдан манфаатдор, -деди Асан Ормушев.

Араб давлатлари билан муносабатлар бўйича эксперт Талант Кушчубековга кўра, Қирғизистон Саудия Арабистони билан 1992 йилдаёқ дипломатик алоқларни ўрнатган, бироқ ҳукумат минтақа учун ёт бўлган исломий оқимлар кучайиб кетишидан ва дин омили биринчи ўринга чиқиб қолишидан қўрқиб, араб давлатлари билан ҳамкорликдан чўчиб келган.

-Оғир иқтисодий шароитда қолган Қирғизистонга ёрдам бериш ва уни қўллаб-қувватлаш ҳақида 1995 йилда араб давлатлари резолюция қабул қилган. Шундан сўнг Ислом тараққиёт банки бир қатор лойиҳаларни амалга оширган. Ҳозирги кунда ҳам араб давлатларининг Қирғизистонга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги резолюцияси ўз кучида қолмоқда, уни ҳеч ким бекор қилган эмас. Бу резолюция асосида ёрдам олиш учун Қирғизистон Ислом тараққиёт банкига лойиҳаларни тақдим этиши керак. Бироқ, афсуски, бу соҳага ҳукумат етарли эътибор бермай келди, -деди Талант Кушчубеков.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG