Линклар

OzodMikrofonга Тошкентдан боғланган тингловчи UMS идоралардан бирида милиция ходими ҳамда мижоз ўртасида жанжал чиққанига гувоҳ бўлдим, демоқда. Тингловчи иддаосича, навбатда турган мижозлардан бири ўз саволига жавобан милиция ходимининг қўполлик қилганига эътироз қилган ва шунинг учун МЖКнинг 194-моддасида айбланиб, туман ИИБга олиб кетилган.

Исми сир қолиши шарти билан OzodMikrofonга боғланган тошкентлик тингловчи 2 декабрь куни UMS идоралардан бирининг олдида қўриқчилик қилаётган милиция ходими билан SIM-картага навбатда турган мижоз ўртасида можаро чиққанига гувоҳ бўлиб қолганини айтди:

- Битта бола бориб, милиционердан: "Виза картадан пул тўласа бўладими?" деб сўради. Милиция ходими: "Мен сенга справочныйманми?" дегандай қилиб жавоб берди. Анув бола тўғриликча сўрадимку, дегандай эътироз қилган эди, ҳалиги милиция қўпол гап билан сўкиб юборди. Шундан кейин анув бола: "Ака мен сиздан тўғриликча сўраяпманку, нимага сиз унақа қўполлик қилаяпсиз?" деб гапирди. Шунда анави милиционер вообще, бақириб шерикларини чақирди-да: "Олинглар буни, 194-билан оформить қилиб, РОВДга олиб боринглар!" деди. Шу билан 6 та милиционер олиб кетди ҳалиги болани, - деб иддао қилди тошкентлик тингловчи.

Ҳозирча Озодликда тингловчи иддао қилган бундай ҳолатни тасдиқловчи бирор маълумот йўқ.

Лекин, UMS идоралари олдида SIM-картага навбатда турган мижозларга нисбатан ИИВ ходимларининг қўполлик қилаётгани ҳақида шикоятлар кўп келмоқда.

Тошкентлик тингловчи тилга олгани ҳодисада Ўзбекистон республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси назарда тутилганини тахмин қилмоқда:

"194-модда. Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик

Милиция ходимининг ҳуқуқбузарликни тўхтатиш, ҳужжатларни текшириш учун тақдим этиш, милицияга бориш ёки кўрсатилган муддатда милицияда бўлишдан иборат қонуний талабларини бажармай милицияга келмаслик, транспорт воситасини тўхтатиш, жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик ёхуд милиция ходимининг қонуний талабларига бошқача тарзда бўйсунмаслик, худди шунингдек жамоат тартибини сақлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш вазифаларини амалга ошираётган бошқа шахсларнинг қонуний талабларини бажармаслик —

энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —

энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади".

Озодлик тингловчи тилга олган ҳодисага оид тафсилотларни аниқлашга уринмоқда.

*****************************************************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 724 971 539 рақамларига йўлланг!

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг!

“Озод микрофон” сизга мунтазир!

“Озод микрофон” рукни остида берилаëтган фикр-мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG