Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:05

Жон Керри: "Исломий Давлат" жанггариларига қарши курашда коалиция ғалаба қозонади


АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари “Исломий давлат” радикал гуруҳига қарши курашда “муштарак ва барча жабҳада илдам бораётгани” ҳамда “ғалабага эришилмагунча мазкур кампания давом этиши”ни таъкидлади. Керри буни 3 декабрь кун Брюссел шаҳрида, халқаро коалицияга аъзо бўлган 60 та давлатнинг аксар Ташқи ишлар вазирлари қатнашаётган йиғилиш бошланишида айтди.

НАТО бош қароргоҳидаги йиғилишда, асосан, Исломий Давлат гуруҳи жанггариларига қарши курашда эришилган муваффақият ва старатегияни ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилиши режаланган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри халқаро ҳамжамият Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудини босиб олган гуруҳга қарши курашда коалиция “оғир ишни амалга ошириши кераклиги”ни тан олишини айтиб, жанггариларни йўқ қилиш йилларга чўзилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

- Биз оғир иш амалга оширилиши кераклигини тан оламиз. Мақсадга эришишимиз йилларга чўзилиши мумкин. Аммо кўраётган чораларимиз аллақачон самара бермоқда, дея баён қилди АҚШ Давлат котиби.

Жон Керри Қўшма Штатлар жанггариларга қарши кураш чораларнинг янада самарали йўлларини излашда давом этаётганини қўшимча қилди.

- Қўшма Штатлар кўрилаётган чоралар янада самарали бўлиши йўлларини изламоқда. Вакиллари бу ерга йиғилган коалициянинг ҳар бир аъзоси шундай йўл тутишига ишончим комил, дея урғулади Жон Керри.

Давлат котиби жанггарилар динни ёмонотлиқ қилишга уринаётгани ва мусулмон уламолари уларга қарши гапираётганларини айтди.

АҚШ етакчилигидаги коалицияга аъзо давлатлар вакилларининг Брюсселдаги учрашувида жаноб Керри Исломий Давлат гуруҳи жанггариларига қарши кураш стратегиясидан ташқари бошқа масалалар ҳам муҳокама этилишига ишора қилди.

Жон Керри халқаро коалиция аъзолари Сурия ва Ироқдаги Исломий Давлат жанггарилари сафига қўшилишни хоҳловчилар оқимини камайтириш йўлларини ҳам муҳокама этиши кутилаётганини қўшимча қилди.

Жорий йил август ойида Қўшма Штатлар учқичлари Ироқдаги Исломий Давлат жанггариларига қарши илк бор ҳаводан зарбалар берди.

Сентябрь ойи охирида АҚШ ва коалициянинг бошқа аъзолари Суриядаги жанггариларга қарши ҳаво ҳужумлари кўламини кенгайтирди.

Суриядаги жанггариларга қарши ҳаво ҳужумларида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания ва Бахрайн ҳам иштирок этмоқда.

Ироқдаги Исломий Давлат жанггариларига қарши уюштирилаётган ҳаво ҳужумларида Австралия, Бельгия, Британия, Дания, Канада, Нидерландия ва Франция қатнашмоқда.

2 декабрь куни Пентагон сўнгги кунларда Эрон учқичлари Ироқ шарқидаги Исломий Давлат гуруҳи жанггариларига қарши ҳужум уюштирганига ишоралар борлигини билдирди.

Эроннинг юқори лавозимли расмийси эса буни инкор қилди. Эрон Исломий Давлат гуруҳи жанггариларига қарши курашаётган АҚШ етакчилигидаги халқаро коалицияга аъзо эмас. Теҳрон 3 декабрь куни Брюсселда бошланган йиғилишга ўз вакилини жўнатмаган.

XS
SM
MD
LG