Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

Москвада меҳнат муҳожирларига кўмаклашувчи марказ иш бошлади


Москвадаги "Альянс-Сервис" маркази меҳнат муҳожирларига кўмак кўрсатади
Москвадаги "Альянс-Сервис" маркази меҳнат муҳожирларига кўмак кўрсатади

Россия ҳукумати миграция тартибини қаттиқ назорат остига олаётган бир пайтда бу мамлакатнинг турли минтақаларида меҳнат муҳожирларига кўмак берувчи ташкилотлар сони ҳам ошиб бормоқда. Озодлик Москвада эндигина ўз ишини бошлаган шундай марказлардан бирининг фаолияти билан яқиндан танишди.

Ташкилот мутахассислари мигрантларга Россияда миграция ҳужжатларини расмийлаштиришдан ҳамда ишга жойлаштиришдан бошлаб, иш учун зарур бўлган сертификатлар билан таъминлаш ва турли вазиятларда юридик кўмак беришини гапирмоқда.

Кремль сўнгги бир неча йил ичида миграцияга оид қонунларни кескинлаштирди ва мамлакатда малакасиз ишчилар сонини камайтиришга қаратилган сиёсатни авж олдирмоқда.

Кўп ҳолларда Россияга иш излаб келган муҳожирлар миграция тартиб-қоидаларини билмаслиги туфайли мураккаб вазиятларга тушаётгани, депортация қилинаётгани ёки маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Миграция назорати органлари ваколатлари кучайган бир вақтда, Россиянинг турли минтақаларида муҳожирларга кўмаклашиш марказлари ва ташкилотлари ҳам кўпаймоқда.

Мигрантларга кўмаклашиш учун тузилган бу ташкилотларнинг айримлари кўрсатаётган хизматлари учун катта миқдорда ҳақ олиб, ўз вазифасини оқламаётгани ёки умуман “кидать” қилаётгани тўғрисида Озодлик мухлисларидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётганини ҳам айтиб ўтиш зарур. Бироқ, Россиядаги меҳнат муҳожирларига ёрдами тегаётган тузилмалар ҳам йўқ эмас.

Озодлик Москвада эндигина ўз фаолиятини бошлаган шундай марказлардан бирининг иш фаолияти билан яқиндан танишди.

“Биз хизматларимиз учун ҳақ олмаймиз”

“Альянс-Сервис” кўп тармоқли маркази Москванинг йирик вокзалларидан бири - Павелецкий ёнида иш бошлади.

Марказда юристлар ва миграция масалалари бўйича бошқа мутахассислар иш юритади.

Ташкилот раҳбарларидан бири Хуршидбек Хўжаев Озодлик билан суҳбатда ташкилот Россия Хизматлар ва савдо касаба уюшмаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётганини гапиради:

- Кўп тармоқли марказ мигрантлар учун, Россия Федерациясида меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, ишлашда-яшашда шароитлар яратиб беришга уларга ёрдам кўрсатиш учун хизмат қилади. Бизга профсоюз орқали аъзо бўлишади аввал, гувоҳнома берилади. Бошқа ташкилотлардан фарқли томонимиз – биз кўрсатаётган хизматларимиз учун меҳнат муҳожирларидан хизмат ҳақи олмаймиз, дейди Хуршидбек Хўжаев.

Ташкилот вакили “Альянс-Сервис” мурожаат қилаётган муҳожирларнинг ҳужжатларини расмийлаштиришдан ташқари бепул ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқларини судда, полиция, ФМС ва бошқа идораларда ҳимоя қилиш, юридик масалаҳатлар бериш билан ҳам шуғулланишини айтди.

Марказга мурожаат қилган ўзбекистонлик 25 яшар Иқболжон ҳам иш излаб келганини келганини гапиради.

- Ташкилотни таниш-билиш орқали топдим. Складда ишламоқчиман ўз хоҳишим билан. Мен яқинда келдим Ўзбекистондан, бир ой бўлди бориб- келганимга. Бу ерда анча салбий ўзгаришлар бор. Ҳаммамизга бир хил қийин бўляпти-да, дейди бундай марказлардан ташқарида, айниқса Москванинг метро ва вокзалларида сохта ҳужжатларни "тайёрловчи" шубҳали шахслар сони ҳам кўплигини гапирган Иқболжон.

"Альянс-Сервис" вакили Хуршидбек марказ даромад олиш эмас, балки одам савдосига қарши курашиш ва Россия миграция ва ҳуқуқ-тартибот органларининг бедодлигига чек қўйишни ўзига мақсад қилиб қўйганини маълум қилди. У ташкилот иш берувчи ташкилотлар моддий кўмаги, ҳайрия тушумлари ва касаба уюшмаси кўмаги асосида ўз фаолиятини олиб бораётганини ҳам қўшимча қилди.

- Кейин бизда рус тилини ўргатувчи мутахассисимиз бор, дарс беради. Қолаверса, бизга ҳеч қаердан ёрдам ололмаётган, оғир аҳволга тушиб қолган меҳнат муҳожирлари ҳам учраб туради. Бизнинг кредит бўлимимиз кам миқдорда сумма бериб, унинг ҳужжатларини тайёрлаб беришни йўлга қўйган. Улар кейинчалик кредитларни иш ҳақлари ҳисобига ёпиб боради, деди Хуршидбек Хўжаев.

Хуршид Хўжаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00
Бевосита линк

“Альянс Сервис” ташкилоти ходимлари, бундан ташқари, тиббий суғурта полислари, турли сертификатлар, тиббий кўрикдан ўтиш, консуллик ва элчихоналар билан вужудга келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашишини ҳам Озодликка маълум қилишди.

Марказда МДҲ давлатларидан келган барча муҳожирларга ўзбек, қирғиз, тожик ва бошқа тилларда ҳам хизмат кўрсатилади.

Ташкилот юристлари ва мутахассислари қуйидаги манзил бўйича мурожаатларни қабул қилмоқда:

Москва ш., Павелецкая метро бекати, Шлюзовая кўчаси, 6 уй, 4 бино

Ташкилотнинг телефон рақамлари:

+7 925 836 70 79,

+7915 335 70 33,

+7 925 300 15 52.

XS
SM
MD
LG